"Энг муҳими рақибнинг номидан қўрқмаслик керак, сизларда катта салоҳият бор"— эронлик эксперт Португалия билан ўйиндан олдин Ўзбекистон ҳақида гапирди

Iskandarov Abdulaziz
20 июн 2026, 18:00
Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинимиз Португалияга қарши.

Рақибнинг номи жарангдор, таркиби эса маҳоратли ижрочилардан иборат бўлиши мумкин, аммо бу устунлик фақат қоғозда. Статистика ва мақомлар ўйин тақдирини ҳал қилмайди.


Сайтимиз журналисти Абдулазиз Искандаров Эроннинг "Mehr.news" нашри журналисти, эксперт Меҳди Мортазавиан билан суҳбатлашди ва Португалия билан ўйин олдидан фикрларини олди.


"Ҳа, 2018 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Эрон Португалияга қарши жуда драматик ва унутилмас учрашув ўтказган эди. 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланган ўша баҳс Эрон футболи тарихидаги энг муҳим ўйинлардан бири бўлиб қолмоқда, чунки ўшанда биз катта сенсация яратишга жуда яқин келган эдик.

Агар Эрон ўша ўйинда ғалаба қозонганда, ўз тарихида илк бор плей-офф босқичига йўл олган бўларди. Дунё футболининг энг гранд жамоаларидан бирига қарши ҳақиқий тарихий натижа қайд этишимизга бир баҳя қолганди. Ўша учрашув Жаҳон чемпионати даражасида ҳар қандай номдор терма жамоага, агар рақиб тартибли, ташкилий ва руҳий жиҳатдан тайёр бўлса, жиддий қаршилик кўрсатиш мумкинлигини исботлади.

Менимча, бу Ўзбекистон учун энг муҳим дарс бўла олади. Жаҳон чемпионати — кутилмаган совғалар тақдим этадиган турнир. Грандларга қарши муносиб курашиш учун мусобақада бой тарихга эга бўлиш шарт эмас. Энг муҳими — ўз кучига бўлган ишонч, тактик интизом ва учрашув давомидаги ҳал қилувчи вазиятлардан унумли фойдалана билишдир”,- дейди эронлик эксперт.

photo_2026-06-20_17-56-39.jpg



“Шу сабабли ҳам, Ўзбекистон ушбу турнирдаги исталган йирик жамоага, ҳатто Португалия каби номдор рақибга қарши ҳам сенсация қайд этиш салоҳиятига эга деб ҳисоблайман. Ўзбекистон таркибида истеъдодли футболчилар етарли, жамоанинг ўзига бўлган ишончи ортиб бормоқда ва тарихий дебют тақдим этаётган ўзгача шижоат бор. Бу омиллар жуда катта кучга айланиши мумкин.

Ўзбекистон учун Эроннинг 2018 йилги Португалияга қарши ўйинидан чиқарадиган асосий хулосаси оддий: рақибнинг номи ва обрўсидан чўчимаслик керак. Жаҳон чемпионатида агар сиз тартибли, ўзингизга ишонган ва тайёр бўлсангиз, ҳар қандай рақиб билан тенгма-тенг кураша оласиз",- дейди Меҳди Мортазавиан.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›