Отабек Шукуров: "Биринчи тайм жуда ҳам ёмон ўйнадик"

Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Отабек Шукуров FIFA Series доирасида Габон термасига қарши ўйиндан кейинги фикрларини билдирди.

- Яхши ўйин ўтказмадик. Хурсанд бўладиган томонимиз - ғалаба қозонганимиз. Балки рақибга бўлган кайфиятга ҳам боғлиқдир. Кейинги ўйинга муносиб тайёрланиб, яхши иштирок этишга тайёрланамиз. Анча вақт ўтиб, терма йиғилди. Барибир рақиб жамоанинг даражаси озроқ бўлса-да, таъсир қилади.

- Габон терма жамоаси айнан қайси жиҳатлар бобида яхшироқ ўйин кўрсатди, деб ҳисоблайсиз?
- Африка термаларининг жисмоний ҳолати яхши бўлади ва кўпроқ ностандарт ўйнайди. Шу сабабли бироз қийин бўлди. Яна бир бор айтаман, унчалик яхши ўйин ўтказа олмадик. Ёмон нарсалардан ҳам яхши жиҳатларни қидирсангиз, ўша ҳам ғалаба бўлади.

- Бугунги ўйинда жамоага айнан қандай жиҳатлар етишмади?
- Жамоага нимадир етишмади дея олмайман. Ҳар бир футболчининг жамоада ўрни бор. Жароҳатдаги футболчилар кўп. Эрондаги ҳолат сабабли бир қанча футболчилар ўйин амалиётисиз қолди. Булар ҳам барибир ўз таъсирини ўтказади. Машғулотларда бу ҳам ўйланяпти. Аста-аста яхшиланамиз.

- Ўйиннинг 17-18-дақиқасида Фабио Каннаваро ўз олдига чақириб, кўрсатма берди. У ўшанда нималар деди?
- У машғулотларда қилинган ишлар ўхшамаётганини айтди. Остон Ўрунов нотўғри прессингга чиқаётганини тушунтирди. Ҳамма биргаликда прессингга чиқа олмаяпти. Икки футболчи прессингга чиқса, уларнинг ортидаги футболчини олишим кераклигини айтди. Ўйиндан олдин мураббийлар ишлаган ишланмаларни биз қила олмадик: прессингда ҳам прессингдан чиқишда ҳам. Ўша жиҳатлар бўйича кўрсатмалар берилди. Биринчи тайм жуда ҳам ёмон ўйнадик. Иккинчи таймда яхшилашга ҳаракат қилдик. Навбатдаги ўйинни яхшироқ ўтказишга ҳаракат қиламиз.

1774624450136.JPG


Манба: championat.asia