ОЧЛ. “Ал-Ҳилол” тўрт футболчисисиз Фарғонага келди, Мартинелли сафга қайтди

22 ноя 2026, 11:05
Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клуби Осиё Чемпионлар лигаси Элит босқичи 5-туридан ўрин олган “Нефтчи”га қарши учрашувда иштирок этиш учун кеча Фарғона шаҳрига етиб келди.

Саудия Арабистонининг “Al Jazirah” нашри хабар беришича, ар-Риёд клуби тўрт нафар футболчисини Ўзбекистонга олиб келмаган.

Жамоа сардори Салим ад-Давсарий Бангкок сафаридан қайтгач, жисмоний ҳолатини яхшилаши учун қўшимча вақтга муҳтож. Саудия Арабистони терма жамоасининг сўнгги йиғинида жароҳат олган Муҳаммад Маҳзарий ва Султон Мандаш, шунингдек, франциялик Саймон Буабре ҳам “Нефтчи”га қарши баҳсда иштирок этмайди.

Ўз навбатида, жароҳатидан фориғ бўлган Ҳамад ал-Ёмий жорий мавсумда илк бор жамоа қайдномасига киритилди. Бироқ унинг Фарғонадаги учрашувда майдонга тушиши жисмоний тайёргарлигига боғлиқ.

Шунингдек, Симоне Индзаги “Нефтчи”га қарши баҳсда нидерландиялик Крисенсио Саммервилл ва бразилиялик Габриэл Мартинелли хизматларидан фойдаланиши мумкин.

Саммервилл Осиё Чемпионлар лигасидаги уч ўйинлик дисквалификация муддатини ўтади. Мартинелли эса сон орқа мушагидаги жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлди. Бразилиялик футболчи жароҳат сабаб Саудия Арабистони чемпионатида “Ал-Фатҳ”, ОЧЛда эса “Ал-Шамол” ва “Шабоб Ал-Аҳли”га қарши учрашувларни ўтказиб юборган эди.

Бугун “Ал-Ҳилол” Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида соат 18:15 да якуний машғулотини ўтказади. Соат 19:15 да эса Симоне Индзаги ва жамоа футболчиларидан бири иштирокида матбуот анжумани ташкил этилади.

“Нефтчи” – “Ал-Ҳилол” учрашуви эртага, 23 ноябрь куни соат 18:45 да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: Al Jazirah