"Очко йўқотдик деб ҳисоблайман" — Зайниддин Тожиев

11 сен 2026, 21:52
Пролиганинг 19-туридан ўрин олган "Ғазалкент" — "Яйпан" (0:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Зайниддин Тожиев матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Зайниддин ака, энг аввало учрашув ҳақидаги фикрларингиз... 
— Бугун курашларга бой учрашув бўлди. Биринчи бўлимда яккакурашларда болаларимиз кўп ютқазиб қўйишди. Биринчи бўлимдан кейин улар билан озгина жиддийроқ гаплашиб олдик. Энди қизил карточкага келадиган бўлсак, ўйин бошидан 2-3 марта Олимовни йиқитишди, бир марта огоҳлантириш бериб, иккинчисида қизилни қаердан топди, нима бўлди у ерда... Бугун ўйин тасвирга олинмади, хулоса чиқара олмаймиз буни аниқ. Лекин у вазият ўйинни бузиб қўйди. Иккинчи бўлимга келадиган бўлсак, камчилик бўлиб ўйнаган бўлсак ҳам, жуда кўп голли вазиятлар яратдик. Мисол учун, 11 киши бўлиб ҳам рақиб бундай вазиятлар ярата олмади. Лекин 10 киши бўлиб ҳам болалар ўзида куч топиб вазиятлар яратишди. Энди омад деган нарса ҳам керак, омад келмади. Шунинг учун биз бугун очко йўқотдик деб ҳисоблайман.

— Иккинчи бўлимда майдонга туширилган ва ўйинни кучайтириши кутилган Садиржонов майдондан олиниб, ўрнига Набатов туширилди. Бу қарор ҳақида нима дея оласиз? 
— Ҳозир барибир болалар ёш. Ўйинга киришиб кетиши қийин бўлди бугун. 10 киши бўлиб қолдик, ҳимояда ҳам ўйнаш керак, концентрация жиддийроқ бўлиши керак, икки баравар ўзи ва ўртоғи учун ишлаши керак. Бугун ўйинга тушиб кета олмади, ўшанинг ҳисобига захирага олинди ва Набатов туширилди. Нимага? Чунки барибир бизга тезкорлик керак эди. Камчилик бўлиб ўйнаётганда қарши ҳужумда ўйнаш керак эди, ўшанинг ҳисобига шундай қарорга келдим.

— Жамоа тўпурари Абдураҳмон Абдуллаев дастлабки 15 дақиқада ҳужум ортида, ўнг қанотда ўйнади. Кейинчалик ўйин боришига қараб марказ ва чап қанотга ўтди. Умуман олганда Абдуллаевга эркинлик берилдими? 
— Йўқ, энди ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда 4-4-1 га ўтиб олдик. Камчилик бўлдик, шунинг учун Абдуллаев ярим ҳимояга тушди. Чунки ҳимояда бизда тизим бор, тизим бузилмаслиги керак. Ўша тизим бузилмасин деб уни ярим ҳимояга туширдик.

— Ҳозир "Ғазалкент" таркибида бир қанча йўқотишлар бор: Рўзибоев, Ферузбек Олимов, Диёрбек Тожиев. Бу йўқотишлар жамоанинг Кубок ўйинига қанчалик таъсир қилади? 
— Тайёрланамиз. Яна бир бор такрорлайман —  раҳбарият олдимга вазифа қўйган: футболчини етиштириб чиқариш. Уларнинг ўрнини босадиган болалар бор, уларга ўйин амалиёти берамиз. Бу табиий ҳол, кимдир кетади, кимдир ўрнини босади. Бу бизнинг ишимизнинг самараси ҳисобланади.

— Биламизки, футболчингиз Олимовга нисбатан ўйинларда кўпроқ қўпол ҳолатлар кузатилади. Бу унинг жисмоний ҳолати билан боғлиқми ёки психологик?
 — Психологик. Бу ўзи психологияга боғлиқ. Чунки ҳозир атрофга қарасангиз, ўйинни таҳлил қилсангиз, сал нарсага асабийлашиб кетаверади. Футболчилар билан гаплашади, ҳакам билан гаплашади, тортишади. Мисол учун, бу нарса бўйича иш олиб боряпмиз, гапиряпмиз. Лекин у ўзини ушлай олмаса, келажакда ўзига зарар бўлади. Ўйиндан олдин кўрсатмада ҳам айтилганди: "Ҳакам билан гаплашманглар, бу шундай ҳакам, битта қарорга келдими — ўзгартирмайди". Ҳамма нарса ўйиндан олдин айтилган эди, лекин бўлар иш бўлди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia