

"Менимча, бу нормал ҳолат эмас, лекин кўп йиллардан бери энг юқори савияда бўлиб келган инсоннинг ҳаёти шундай. Мен энди янгилик эмасман. Нималарга қодир эканимни ҳамма аллақачон кўп йиллардан буён билади. Ва назаримда, айнан шу ерда инсон табиати намоён бўлади. Одамзод доимо кимдир бажармаётган нарсага эътибор қаратишга мойил. Ўн йил давомида бир хил нарсани бажариб келсангиз, одамлар қилаётган ишингизни пайқамай қўяди. Чунки буни эплай олишингизни билишади. Шу сабабли улар доим сиз қилмаётган нарсага диққат қаратишга уринишади. Шу боис буни кўнгилга яқин олмайман.
Кўп гол уриш жамоага зарар келтириши мумкинми? Бу фикрда мантиқ камроқ. Чунки гол урмасам, нима учун урмаётганимни сўрашади. Бир нарсани англаб етдим: футболчи бўлсанг, ўтказган ҳар бир ўйинингдан сўнг миллионлаб мураббийлар пайдо бўлади. Ва уйдаги бу мураббийларнинг ҳаммаси ҳам рози бўлавермайди. Ҳар кимнинг ўз фикри бор, аммо мен футболнинг мазмуни — гол уриш, рақибдан битта кўпроқ тўп киритиш деб ҳисоблайман. Гол урадиган футболчи ҳеч қачон жамоа учун муаммо бўлмайди, чунки гол урмасдан, соврин ютган жамоани ҳали кўрмаганман", – деди Мбаппе.
27 ёшли франциялик футболчи жорий мавсум барча мусобақалардаги 5 та учрашувда 5 та гол урди.



