Натижа ортидаги оғриқлар. ЎФА 2009 йиллар борасида қарор қабул қиладиган вақт келмадими?
19 авг 13:13
Янгиликлар


Натижа ортидаги оғриқлар. ЎФА 2009 йиллар борасида қарор қабул қиладиган вақт келмадими?
Вакилларимиз кеча Тожикистон билан куч синашишди. Бу турнир номи U-17 миқёсида ўтказилаётган бўлса-да, биз U-16 ёш тоифасида иштирок этмоқдамиз. Тожикистон биз учун бу мусобақадаги учинчи рақиб эди. Аввалги турларда Мали ва Индонезиядан енгилган ўсмирлар энди қўшниларимиз билан дуранг ўйнашди.
Ҳамма гап натижадами?
Натижалар табиийки бефарқ қолдирмаяпти. Лекин кечирасиз, бу ерда асосий фокус натижага қаратилаётгани йўқ. Гап бутун бошли тизим ва терма жамоанинг бугуни, эртаси ҳақида бормоқда, чунки бир неча ой айнан шу терма жамоамиз Тошкентда ташкил қилинган CAFA мусобақаси финалида Тожикистондан енгилганди, етмаганига 2007 йилларимиз ҳам CAFAда қўшниларимизни юта олишмаган. Хайриятки бу ёшда қарор қабул қилинди, Жамолиддин Раҳматуллаевга терма жамоа ишониб топширилди. 2009 йилларимизни ҳам йўқотмасдан қарорни ўзгартириш вақти етиб келмадикин деган фикрлар уйғонган. Бунга эса асослар қуйида.
Усмон Тошевдан қолган мерос
Юқорида тизим ҳақида сўз очдик. Усмон Тошев терма жамоалар бўлимига масъул бўлган вақтдан буён ёш тоифаларига мураббийларни тайинлашда қайси принципларга асосланганини билмайман, чунки 2008 йиллардан бошқа ҳар бир терма жамоа 2-3 тадан мураббий кўрди. 2006 йиллар Сервер Жепаровдан сўнг Жамолиддин Раҳматуллаевга, 2007 йиллар Аскер Халмуратовдан сўнг Жамолиддин Раҳматуллаевга берилди. Мураббий ўзгартириш айб эмас уни шу ёш тоифасига тўғри тайинламаслик хато. 2009 йилларни яъни ҳозирги Индонезиядаги терма жамоадаги футболчиларни Дилшод Нуралиевдан яхши биладиган мутахассис йўқ эди, амалда бошида ушбу мутахассис терма жамоани шакллантиришни бошлади. Лекин Усмон Тошев Японияни 5:1 ҳисобида таслим қилган Нуралиевнинг ишидан кўнгли тўлмаганини айтиб Кападзенинг яқин кўмакчисига айланган ва бу ёш тоифасидагиларда ҳали кўникмаси йўқ Сергей Чигодаевни тайинлади. Кападзенинг "Олимпик" ва ОТЖдаги мураббийлар штабидаги асосий қуроли Чигодаев эди, чунки 2001-2002 йилларнинг аксарияти унинг болалари эди. Эсингизда бўлса бундан 10 йиллар олдин ҳам шундай хатони қилгандик бахтимизга Равшан Ҳайдаровнинг тажрибаси иш берди. Нуралиевнинг чемпион 1996ларини Евстафеев, Лушчан, Мўминжонов ва охири Ҳайдаров қўлга олган, Янги Зеландиядаги мундиалга олиб борганди. Охирги Олимпиадага олиб чиқиб, нуқтани қўядиган яна бошқа мураббий келган ва биз Риога эмас, Тошкентга қайтган эдик.
Индонезиядаги ўйинлар
Турнирдаги сўнгги учта ўйинда Мали ва Индонезия 17 ёшли футболчилари билан ўйнаган бўлса, қўшниларимиз биз каби 16 ёшли футболчилар бўлган. Уларга яна тишимиз ўтмади. Осиё чемпионатига роппа-роса 1 йил вақт қолган. Қитъа турнири Саудия Арабистонида иссиқ вақтда яъни май ойининг ўртасида ташкил қилинади. Ўсмирларимизнинг охирги учрашувлардаги натижаларига эътибор қаратамиз.
Россия - Ўзбекистон 3:1
Жанубий Корея - Ўзбекистон 1:0
Хитой - Ўзбекистон 2:1
Япония - Ўзбекистон 3:1
Одил Аҳмедов - Ўзбекистон 3:2
"Пахтакор" - Ўзбекистон 1:0
Мали - Ўзбекистон 5:1
Индонезия - Ўзбекистон 2:0
Тожикистон - Ўзбекистон 3:3
8 та мағлубият 1 та дуранг. Жамоа ўз ёш тоифасидаги клубларни мағлубиятга учрата олмаяпти. Кейинги Олимпия терма жамоасининг негизи бўлган 2009 йиллар авлоди бўйича дарҳол чора кўрадиган пайти келди. Терма жамоа клуб эмаски ҳар куни 24 соат бирга бўлишса. ЎФА терма жамоалар бўлими эса турли ёш тоифаларига мураббий тайинлашда жиддий ёндашиши керак.
Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар