Кучли бешлик шарҳи: Испанияда Эл Класико, Англияда Лондон дербиси, Италияда Неапол Римга қарши

24 окт 2026, 11:45
Европанинг кучли бешлик чемпионатларида навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтади. Бу ҳафта футбол мухлисларини бир қатор қизиқарли баҳслар кутмоқда.

Испанияда “Барселона” ва “Реал” ўртасидаги навбатдаги Эл Класико бўлиб ўтади. Англияда “Челси” ва “Тоттенҳэм” Лондон дербисида тўқнаш келса, Италияда “Наполи” “Рома”ни қабул қилади. 

Германияда пешқадамлик учун кураш қизғин давом этмоқда, Францияда эса дастлабки беш ўриндаги жамоаларнинг очколари тенг.

Англия. “Сити”нинг ғалабали юришини ким тўхтатади?

Англия Премьер-лигасида етти турдан кейин ҳам “Манчестер Сити” очко йўқотгани йўқ. Пеп Гвардиола жамоаси барча учрашувларда ғалаба қозониб, 21 очко билан жадвални бошқармоқда. Иккинчи ўриндаги “Арсенал” ундан уч очко ортда.

Бу сафар манчестерликлар “Астон Вилла” меҳмони бўлади. Бирмингемликлар мавсумни кўнгилдагидек бошлай олмади. Етти ўйинда атиги икки ғалаба ва саккиз очко — жамоа ҳозирча 12-ўринда. Шундай бўлса-да, “Вилла Парк”даги баҳс “Сити” учун осон кечмаслиги мумкин. Мезбонлар пешқадамга қарши ўйинда ўзини кўрсатишга ҳаракат қилади.

gettyimages-2300931316-2048x2048.jpg

Турнинг энг қизиқарли учрашувларидан бири Лондонда ўтади. “Челси” ўз майдонида “Тоттенҳэм”ни қабул қилади. Икки клубнинг ҳозирги аҳволи бир-биридан анча фарқ қилади. Алонсо шогирдлари 13 очко билан тўртинчи ўринда бораётган бўлса, “Тоттенҳэм” етти ўйинда фақат бир марта ғалаба қозонган ва 16-поғонага тушиб қолган. Меҳмонлар учун бу дерби мавсумдаги омадсизликларга барҳам бериш имконияти ҳамдир.

gettyimages-2301103866-2048x2048.jpg

“Арсенал” эса ўз майдонида “Эвертон” билан ўйнайди. Микель Артета шогирдлари етти турда олтита ғалабага эришган. Лондонликлар “Сити”ни қувишда давом этиш учун бу сафар ҳам очко йўқотмаслиги керак.

“Ливерпуль” ва “Брайтон” ўртасидаги баҳс ҳам эътиборга молик. Мерсисайдликлар 12 очко билан бешинчи ўринда, “Брайтон” эса 16 очко жамғариб, учинчи поғонада бормоқда. “Ливерпуль” ғалаба қозонса, “Брайтон” билан фарқни бир очкогача қисқартиради. Акс ҳолда юқори ўринлар учун курашда аҳволи янада қийинлашиши мумкин.

8-тур тақвими:

  • “Ипсвич” 1:1 “Ноттингем”

  • “Астон Вилла” — “Манчестер Сити” — 24 октябрь, 16:30

  • “Арсенал” — “Эвертон” — 24 октябрь, 19:00

  • “Ковентри” — “Фулҳэм” — 24 октябрь, 19:00

  • “Челси” — “Тоттенҳэм” — 24 октябрь, 21:30

  • “Кристал Пэлас” — “Ньюкасл” — 25 октябрь, 19:00

  • “Ҳалл” — “Брентфорд” — 25 октябрь, 19:00

  • “Ливерпуль” — “Брайтон” — 25 октябрь, 19:00

  • “Манчестер Юнайтед” — “Борнмут” — 25 октябрь, 19:00

  • “Сандерленд” — “Лидс” — 25 октябрь, 21:30

Испания. Эл Класико: “Реал” фарқни қисқартира оладими?

Ла Лиганинг 10-турида барча эътибор “Барселона” ва “Реал” ўртасидаги тўқнашувга қаратилади. Испания футболидаги энг катта қарама-қаршиликлардан бири бу сафар турнир жадвалидаги вазият туфайли янада муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Барселона” мавсумни шиддатли бошлади. Каталонияликлар тўққизта ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. 39 та гол урган ва тўққизта тўп ўтказиб юборган жамоа 27 очко билан якка пешқадам бўлиб турибди. Ҳозирча Ла Лигада улардан очко ола билган рақиб топилмади.

gettyimages-2300551720-2048x2048.jpg

“Реал” эса тўққиз турда икки марта мағлубиятга учради. Мадридликлар 21 очко билан учинчи ўринда, иккинчи поғонадаги “Атлетико”дан бир очко ортда. Бу сафарги Эл Класикода ғалаба қозонишса, “Барселона” билан фарқни уч очкогача қисқартиришади. Мағлубият эса орадаги тафовутни тўққиз очкога етказади. Мавсумнинг ҳали биринчи қисми бўлса-да, бундай фарқни йўққа чиқариш осон эмас.

Шу боис “Реал” учун бу оддий дербидан кўра муҳимроқ ўйин. “Барселона” эса асосий рақибларидан бирини анча ортда қолдириш имкониятига эга.

gettyimages-2301604287-2048x2048.jpg

Мадриднинг яна бир клуби — “Атлетико” ҳам чемпионлик пойгасида ўз сўзини айтишга ҳаракат қилмоқда. Диего Симеоне шогирдлари 22 очко билан иккинчи ўринда ва бу турда “Депортиво”ни қабул қилади. Мадридликлар сўнгги беш учрашувда ғалаба қозонган. Агар бу серия давом этса, Эл Класико натижасидан келиб чиқиб, жадвалнинг юқори қисмида ўзгариш бўлиши мумкин.

10-тур тақвими:

  • “Алавес” 1:1 “Малага”

  • “Райо Вальекано” — “Эльче” — 24 октябрь, 17:00

  • “Расинг” — “Эспаньол” — 24 октябрь, 19:15

  • “Валенсия” — “Вильярреал” — 24 октябрь, 21:30

  • “Атлетико” — “Депортиво” — 24 октябрь, 00:00

  • “Атлетик” — “Хетафе” — 25 октябрь, 18:00

  • “Сельта” — “Бетис” — 25 октябрь, 20:15

  • “Реал Сосьедад” — “Леванте” — 25 октябрь, 22:30

  • “Барселона” — “Реал” — 25 октябрь, 01:00

  • “Севилья” — “Осасуна” — 26 октябрь, 01:00

Италия. “Наполи” учун қийин синов, “Рома” эса пешқадамликка интилмоқда

Италия А Сериясида дастлабки етти турдан кейин кутилмаган манзара юзага келган. “Интер” ва “Лацио” 19 очкодан жамғариб, жадвалнинг биринчи икки поғонасини эгаллаб турибди. “Рома” 17 очко билан учинчи, “Милан” эса 15 очко билан тўртинчи ўринда.

“Наполи” эса мавсумни омадсиз бошлади. Неаполликлар етти ўйинда уч марта ғалаба қозониб, уч марта мағлубиятга учради. Натижада жамоа 10 очко билан ўнинчи ўринда қолмоқда. Бу турда эса уларни ҳали бирор марта ютқазмаган “Рома”га қарши баҳс кутмоқда.

gettyimages-2300975507-2048x2048.jpg

Римликлар етти учрашувда ўз дарвозасидан атиги учта гол ўтказиб юборган. Бу А Сериядаги энг яхши ҳимоя кўрсаткичи. “Наполи” эса шу пайтгача ўнта гол урган. Мезбонлар учун римликларнинг мустаҳкам ҳимоясини ёриб ўтиш осон бўлмайди.

Бироқ неаполликларнинг ҳам орқага чекинишга ҳаққи йўқ. “Рома” билан ўртадаги фарқ етти очкони ташкил этмоқда. Бу баҳсдаги мағлубият юқори ўринларга қайтиш вазифасини янада қийинлаштиради.

Пешқадам “Интер” ўз майдонида “Фиорентина”ни қабул қилади. Меҳмонлар етти турда бор-йўғи тўрт очко жамғариб, 18-ўринда бормоқда. Миланликлар учун жадвалдаги устунликни сақлаб қолишга қулай имконият.

gettyimages-2301078991-2048x2048.jpg

8-тур тақвими:

  • “Торино” 3:2 “Монца”

  • “Кальяри” — “Болонья” — 24 октябрь, 18:00

  • “Комо” — “Сассуоло” — 24 октябрь, 18:00

  • “Наполи” — “Рома” — 24 октябрь, 21:00

  • “Лацио” — “Парма” — 24 октябрь, 23:45

  • “Интер” — “Фиорентина” — 25 октябрь, 16:30

  • “Аталанта” — “Фрозиноне” — 25 октябрь, 19:00

  • “Женоа” — “Венеция” — 25 октябрь, 19:00

  • “Лечче” — “Ювентус” — 25 октябрь, 22:00

  • “Удинезе” — “Милан” — 25 октябрь, 00:45

Германия. “Бавария”ни жиддий синов кутмоқда

Бундеслигада чемпионлик учун кураш дастлабки турларданоқ қизғин тус олди. Олти ўйиндан кейин “Бавария” ва Дортмунднинг “Боруссия”си 14 очкодан жамғарган. Мюнхенликлар тўплар нисбати бўйича биринчи ўринда, дортмундликлар эса иккинчи поғонада. Ҳар икки клуб ҳозирча мағлуб бўлгани йўқ.

Бироқ пешқадамлар хотиржам бўла олмайди. “Фрайбург” ва “Байер” 13 очкодан жамғарган. Демак, битта омадсиз ўйин ҳам жамоаларнинг жадвалдаги ўрнини ўзгартириб юбориши мумкин.

Бу турда “Бавария” айнан “Фрайбург” меҳмони бўлади. Учинчи ўриндаги жамоа ўз майдонида пешқадамни қабул қилмоқда. “Фрайбург” ғалаба қозонса, мюнхенликларни ортда қолдиради. Биринчи ўринга кўтарилиши эса “Боруссия”нинг натижасига ҳам боғлиқ.

gettyimages-2301352266-2048x2048.jpg

“Бавария” олти турда 22 та гол урган. Бу чемпионатдаги энг яхши кўрсаткич. Бироқ “Фрайбург” ҳам ҳужумда ёмон эмас — олти ўйинда 15 та гол. Шунинг учун мазкур баҳсда ҳар икки жамоадан ҳам фаол футбол кутиш мумкин.

Дортмунднинг “Боруссия”си эса “Айнтрахт”ни қабул қилади. Мезбонлар охирги учта ўйинда ғалаба қозонган ва бу серияни давом эттириш ниятида. Франкфуртликлар эса олти турда саккиз очко жамғарган. “Боруссия” рақибидан устун кўринса-да, очколарни олдиндан тақсимлашга эрта.

7-тур тақвими:

  • “Штутгарт” 2:3 “Боруссия Мёнхенгладбах”

  • “Аугсбург” — “Унион” — 24 октябрь, 18:30

  • “Кёльн” — “Шальке” — 24 октябрь, 18:30

  • “Майнц” — “Вердер” — 24 октябрь, 18:30

  • “Падерборн” — “Гамбург” — 24 октябрь, 18:30

  • “Лейпциг” — “Эльверсберг” — 24 октябрь, 18:30

  • “Боруссия Дортмунд” — “Айнтрахт” — 24 октябрь, 21:30

  • “Хоффенҳайм” — “Байер” — 25 октябрь, 19:30

  • “Фрайбург” — “Бавария” — 25 октябрь, 21:30

Франция. Беш жамоа 14 очкода: ПСЖ ва “Лион” тўқнашуви қандай бўлади?

Франция Лига 1 чемпионатида етти турдан кейин ғайриоддий вазият юзага келди. Биринчи ўриндаги “Лион”дан бешинчи поғонадаги “Монако”гача бўлган барча жамоа 14 очкодан жамғарган. Улар ўртасидаги фарқни фақат қўшимча кўрсаткичлар белгилаб турибди.

Бу турда эса биринчи ва иккинчи ўриндаги жамоалар ўзаро тўқнаш келади. ПСЖ ўз майдонида “Лион”ни қабул қилади.

Икки клубнинг натижалари деярли бир хил. Ҳар иккиси етти ўйинда тўртта ғалаба, иккита дуранг ва битта мағлубият қайд этган. “Лион” 13 та гол уриб, бешта ўтказиб юборган. ПСЖ ҳисобида эса 14 та гол ва тўққизта ўтказиб юборилган тўп бор.

gettyimages-2300722887-2048x2048.jpg

Парижликлар ҳужумда самаралироқ бўлса-да, ҳимояда рақибига нисбатан кўпроқ хато қилган. “Лион” эса етти турда ўз дарвозасидан атиги бешта гол ўтказган. Шу жиҳатдан ҳам икки жамоанинг ўзаро баҳси қизиқарли кечиши кутилмоқда.

Турнинг яна бир муҳим учрашуви “Монако” ва “Лилль” ўртасида бўлади. Бу жамоалар ҳам 14 очкодан жамғарган. “Лилль” тўртинчи, “Монако” бешинчи ўринда. Ғолиб жамоа рақибидан уч очко ўзиб кетади ва бошқа учрашувлар натижасига қараб, пешқадамликка ҳам кўтарилиши мумкин.

8-тур тақвими:

  • “Брест” 1:2 “Ницца”

  • “Ланс” — “Париж” — 24 октябрь, 23:45

  • “Монако” — “Лилль” — 25 октябрь, 19:00

  • “Анже” — “Лорьян” — 25 октябрь, 21:15

  • “Осер” — “Ле-Ман” — 25 октябрь, 21:15

  • “Марсель” — “Гавр” — 25 октябрь, 21:15

  • “Ренн” — “Страсбург” — 25 октябрь, 21:15

  • “Тулуза” — “Труа” — 25 октябрь, 21:15

  • ПСЖ — “Лион” — 26 октябрь, 00:30

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›