

ЖАР - Канада (28 июнь, 23:59)
Жорий мундиал шуниси билан эътиборлики, унда мезбон мамлакатларнинг барчаси плей-оффга чиқиш вазифасини уддалади. Ва уларда нимчорак финал учун ҳам яхши имконият бор.
“B” гуруҳида Швецариядан кейин 2-ўринни эгаллаган терма жамоа “A” гуруҳда худди шундай натижани қайд этган мамлакатга қарши баҳс олиб боради. Иккаласи ҳам тўрт очкодан тўплаган бўлса-да, бугунгача Канада гол уриш бобида турнир фаворитларидан қолишмаяпти, нақд саккизта.

Уларнинг олтитаси Эрон дарвозасига урилган. Жанубий Африка Республикаси эса бу борада Ўзбекистон билан бир хил натижани қайд этган - 2 та тўп кирита олишган. Фақат уларнинг ҳисобида ғалаба ҳамда дуранг мавжуд. Зўр-а?
Ушбу баҳсда фаворит Канада, аммо ЖАР ҳам узоққа бориш имкониятидан фойдаланиб кўриши аниқ. Қизиқ ўйин кутяпти бизни.
Бразилия - Япония (29 июнь, 22:00)
Ушбу босқичда иккита қизиқарли ўйин кутилаётган бўлса, биттаси шу. Анчелотти бошчилигидаги терма жамоа Осиёнинг кучли ва ёрқин термасига қарши. Шубҳасиз, ушбу жуфтликда фаворит пентакампеонлар. Аммо доимо фаворит терма жамоаларга бош оғриқ бўладиган “самурайлар” бу сафар ҳам анъанасига содиқ қолади.

Бразилияликлар гарчанд ўз гуруҳларида пешқадам бўлган эрса-да, японлар Нидерландия билан дуранг ўйнай олди. Қизиқ жиҳати шуки, ушбу икки терма жамоа ҳам бирдек гол уришди - еттитадан.
Германия - Парагвай (30 июнь, 01:30)
Немислар чемпионлик учун номзод сифатида кўрилаётган вақтда, уларни ушбу баҳсда “иккинчи рақам” дейиш ноўрин, албатта. Бироқ, Парагвай шундай терма жамоаки, улар мундиалларда доим фаворитларни нишонга олишга интилишади.
Яна бир жиҳати шуки, Германия гуруҳидаги сўнгги тур учрашувида Эквадорга мағлуб бўлишди. Агар терма жамоа иккинчи таркибини ўйинга қўйиб, етакчиларга дам берганида тушунса бўларди. Йўқ, немислар мазкур баҳсда ҳам асосий таркибда тушган эди.

Эквадор ва Парагвайни эса қиёслаш мумкин, аслида. ФИФА рейтингидаги ўрин қарийб икки баравар бўлса-да, ўйини ва натижалари бир-бирига яқин.
Плей-оффни безаб берувчи ўйинлардан бири айни ушбу ўйин бўлса, ажаб эмас.
Нидерландия - Марокаш (30 июнь, 06:00)
Бразилия - Япония баҳси ҳақида юқорида таъкидлаганимиздек, плей-оффда иккита қизиқарли баҳс бўлса, уларнинг иккинчиси айнан мазкур ўйин. Африкаликлар айнан Неймар етакчилигидаги терма жамоага яхшигина бош оғриқ бўла олишганди. “Учар голландлар” эса Японияга қарши баҳсда қийналгани каби, мазкур учрашувда ҳам осон бўлмаслигини ҳис этишса, ажабмас.

Ҳарқалай, бири сўнгги мундиалларда ярим финалдан бошқасига рози бўлмаётган, яна бири эса Қатардаги ЖЧда сюрприз бўлган терма жамоа. Ҳақиқий футболдан завқ олмоқчи бўлсангиз, уларнинг гуруҳларидаги ўрни, ФИФА рейтингида жойлашган жойини инобатга олманг.
Кот-д’Ивуар - Норвегия (30 июнь, 22:00)
Ҳоланд етакчилигидаги жамоа гуруҳидаги сўнгги баҳсда очиқчасига французларга пешқадамликни тақдим этишди. Эндиги рақиби эса осон эмас, таъбир жоиз бўлса, бироз ҳақийишли.
Кот-д’Ивуар Германияга қанчалик бош оғриқ бўла олганини кўрдик. “Викинглар” эса ёрқин футболи билан барчага завқ улашмоқда. Энди бу жуфтлик - плей-оффда.

Иккаласида ҳам имкониятлар бир хил, супер баҳс гувоҳи бўлишиимиз эса кафолатланган.
Франция - Швеция (1 июль, 02:00)
Швеция, эси бўлса, японларни 2-ўрин билан Бразилияга дуч келгани маъқул эди. Сабаби бугунги Франция - йиртқич. Бразилия эса “ўйнаса бўладиган” рақиб ҳисобланиб турибди.
Европаликлар айнан қитъадошларига қарши баҳсда йирик ҳисобда мағлуб бўлишди. Осиё ва Африка терма жамоасига бош оғриқ бўла олди.

Французлар эса ҳеч кимни “кўрдим демаяпти”. Уларда ғоя бир - рақибни янчиб кет, тамом. Фаворит кимлиги аниқ.
Мексика - Эквадор (1 июль, 06:00)
Лотин Америкаси қарама-қаршилиги гувоҳига айланамиз. Мезбонлар бу баҳсда етакчи, фаворит. Бироқ Эквадорнинг гуруҳидаги сўнгги ўйинидан кейин “духи” ортгани табиий.
Ҳар икки ҳам, аслида, нимчорак финални безаган бўларди, бироқ, бу мундиал ва унда иккитадан бирини танлаш лозим. Эквадорга ушбу ўйинда осон бўлмаслиги аниқ. Улар мухлислари учун катта байрам олиб келиши учун ҳам яхши натижа қайд этишга интилади.

Мексикаликлар эса мухлислари кўз ўнгида узоқроққа боришни мақсад қилган ва ушбу учрашув уларга “дебоча” вазифасини ўташи мумкин.
Англия - Конго ДР (1 июль, 21:00)
Ким билади дейсиз, эҳтимол, шу вақтда Абдуқодир Ҳусанов Англияга қарши баҳс олиб боради, деб ёзаётган бўлармидик. Начора, боримиз шу, ҳозирча.
Конго Португалия ва Колумбияга яхшигина бош оғриқ бўла олди. Англия ҳам улардан мустасно бўлмаслик эҳтимоли катта.

Айнан Тухел шогирдлари Африка терма жамоаси - Ганага қарши ўйинда қийналишда ва гол ура олишмади. Бу гал ҳам осон бўлмаслиги аниқ.
“Сетка” шундай тузилганки, Аргентина, Бразилия, Англия учун ярим финалга қадар бўлган йўл қулай. Сўнгги икки Европа чемпионати финалчилари энди ЖЧда ғолиб чиқиши учун яхши имкониятни қўлдан бой бермаслиги турган гап.
ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CHAMPIONATASIA промокоди билан 45 кун бепул
Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ



