“Мундиал Allplay билан”. Франция — Испания: финалга қайси футбол фалсафаси чиқади?

14 июл 2026, 17:29
Жаҳон чемпионати ярим финалига етиб келган жамоалар тасодифан бу босқичга чиққан эмас. Франция ҳам, Испания ҳам гуруҳ босқичидан бошлаб ўз мақсадини яширмади ва ҳар бир плей-офф баҳсида чемпионлик учун асосий даъвогарлардан эканини намоён қилди. Энди эса уларнинг йўллари финалдан бир қадам олдин кесишмоқда.

Бу учрашувни фақат икки кучли терма жамоа баҳси сифатида қабул қилиш тўғри бўлмайди. Бу сўнгги йилларда Европа футболининг энг катта рақобатларидан бирига айланган қарама-қаршиликдир. Бир томонда Дидье Дешам қурган прагматик, аммо ҳар қандай вазиятда натижа чиқара оладиган Франция бўлса, иккинчи томонда Луис де ла Фуэнте бошчилигида яна тўп назоратига асосланган, бироқ аввалги авлодга нисбатан анча вертикал ўйнайдиган Испания турибди.

Яқин тарихда устунлик Испания томонида

Яқин ўтмишга назар ташласак, бу рақобатда психологик устунлик айни пайтда Испания томонида. Франция 2021 йилги Миллатлар лигаси финалида рақибини 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, кейинги икки муҳим баҳсда испанлар ғалаба қозонди.

gettyimages-2161374953-2048x2048.jpg

Аввало, Евро-2024 ярим финалида Испания 2:1 ҳисобида устун келди. Ортидан 2025 йилги Миллатлар лигаси ярим финалида томошабоп ўйинда 5:4 ҳисобида яна ғалаба қозонди. Бу икки натижа Испаниянинг ҳозирги авлоди Францияга қарши қандай ўйнашни яхши билишини кўрсатди.

Бироқ мундиал бошқа мусобақа. Жаҳон чемпионати финал босқичида бу икки жамоа шу вақтгача фақат бир марта тўқнаш келган. 2006 йил Германияда ўтган мундиалнинг 1/8 финалида Испания тезда ҳисобни очган бўлса-да, Франция кейинчалик ўйинни бутунлай ўзгартира олган ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

gettyimages-661911352-2048x2048.jpg

Ўша жамоа кейин финалгача етиб борган эди. Бу тарих бугунги футболчилар учун ҳал қилувчи омил бўлмаса-да, Франция учун Испанияга қарши мундиалдаги ягона баҳс яхши хотира билан боғланган.

Ярим финалгача бўлган йўл

Франция мусобақани I гуруҳида бошлади ва учала учрашувда ҳам ғалаба қозониб, тўққиз очко билан биринчи ўринни эгаллади. Сенегал, Ироқ ва Норвегияга қарши баҳсларда жамоа нафақат натижа, балки барқарорлик ҳам намойиш этди. Плей-оффда эса Дешам жамоаси Швецияни 3:0 ҳисобида ишончли мағлуб этди. Германияни мусобақадан чиқарган Парагвайга қарши баҳсда битта гол етарли бўлди. Чорак финалда Марокаш ҳам французлар ҳимоясини ёра олмади ва Франция яна ишончли ғалаба билан ярим финалга чиқди.

gettyimages-2285423417-2048x2048.jpg

Эътиборли жиҳати шундаки, Франция плей-оффнинг учта ўйинида ҳам гол ўтказмади. Жамоа ҳар доим ҳам ҳужумда ёрқин кўринмаган бўлиши мумкин, аммо рақибларга имконият беришни деярли тўхтатиб қўйди. Бу Дешамнинг энг катта ютуғи ҳисобланади. Франция ҳар хил сценарийда ўйнай олади: тез гол уриб ҳисобни сақлаб қолиши ҳам, рақиб ташаббусини қабул қилиб қарши ҳужумда жазолаши ҳам мумкин.

Испаниянинг йўли бироз мураккаброқ кечди. Жамоа H гуруҳида мусобақани Кабо-Верде билан дурангдан бошлади. Кейин Саудия Арабистони ва Уругвай устидан ғалаба қозониб, биринчи ўринни сақлаб қолди. Плей-оффда эса Австрияни 3:0 ҳисобида енгган испанлар кейинги босқичларда анча жиддий рақибларга қарши ўйнади. Аввал Португалияни минимал ҳисобда мағлуб этди, чорак финалда эса Бельгияга қарши қийин кечган баҳсда 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга чиқди.

gettyimages-2285562135-2048x2048.jpg

Шунинг учун ярим финалгача бўлган йўлга қарасак, Франция рақибларига нисбатан кўпроқ назорат ўрнатган жамоа бўлса, Испания қийин вазиятларда ҳам ўйиндан чиқиш йўлини топа олганини кўрсатди. Бу эса ярим финал олдидан икки жамоанинг психологик ҳолати ҳам яхши эканини англатади.

Бу ўйиннинг асосий тактик саволи

Ярим финалнинг энг катта саволи — ўйин қайси жамоа темпида кечади?

Агар баҳс Испания хоҳлаган суръатда ўтса, тўп асосан испанларда бўлади. Луис де ла Фуэнте жамоаси ҳужумни ортдан бошлаб, қисқа узатмалар билан рақибни ҳаракатлантиришга ҳаракат қилади. Бу фақат тўпни ушлаб туриш учун эмас. Асосий мақсад — Франция ҳимоясини бир томонга силжитиш ва бошқа ҳудудда бўшлиқ пайдо қилиш. Шу сабабли Испаниянинг тўп назорати статистика учун эмас, вазият яратиш учун хизмат қилади.

Франция эса аксинча, тўпсиз ҳам ўзини қулай ҳис қилади. Дешам жамоаси рақибга ташаббусни беришдан қўрқмайди. Чунки Испания қанча кўп футболчи билан олдинга чиқса, орқада шунча кўп бўш ҳудуд қолади. Бу эса Килиан Мбаппе, Усмон Дембеле ёки Майкл Олисе каби тезкор футболчилар учун энг қулай сценарий ҳисобланади.

gettyimages-2160744153-2048x2048.jpg

Шу жиҳатдан қараганда, бу ярим финалда тўпга кўпроқ эгалик қилган жамоа эмас, балки тўпни йўқотганидан кейин ким тезроқ қарор қабул қилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Испания қарши прессингни ўз вақтида амалга оширмаса, Франция икки-уч узатма билан хавфли вазият яратиши мумкин. Агар французлар марказда тўпни юта олмаса, аксинча, Испания ўйинни ўз назоратига олади.

Шунинг учун бу баҳсни "Мбаппе Ямалга қарши" деб эмас, балки "қайси жамоа ўз услубини рақибга қабул қилдириши мумкин?" деган нуқтаи назардан кузатиш қизиқроқ бўлади.

Нималарга эътибор бериш керак?

Бу ўйинда биринчи навбатда Испания Франциянинг тезкор қарши ҳужумларини қандай тўхтатишига эътибор қаратиш керак. Агар испанлар тўп йўқотганидан кейин дарҳол босим ўрната олмаса, Мбаппе ва унинг шериклари катта ҳудудга эга бўлади.

Иккинчи муҳим жиҳат — Ламин Ямалга қарши ҳимоя. Франция уни қандай тўхтатиши ва Испания бошқа қанотдан қанчалик самарали фойдаланиши баҳс тақдирига таъсир қилиши мумкин.

Марказдаги кураш ҳам катта аҳамиятга эга. Родрига эркинлик бериш Испаниянинг ўйинни назорат қилишига ёрдам беради. Франция эса марказдаги босим орқали рақибни ноқулай қарорлар қабул қилишга мажбур қилишга интилади.

gettyimages-2285233073-2048x2048.jpg

Шунингдек, стандарт вазиятларни ҳам унутмаслик керак. Бундай босқичларда бурчак тўпи ёки жарима зарбасидан киритилган битта гол бутун учрашув тақдирини ҳал қилиб юбориши мумкин.

Франция — Испания ярим финали икки катта терма жамоа ўртасидаги навбатдаги баҳс, холос эмас. Бу сўнгги йилларда Европа футболида шаклланган энг қизиқ рақобатлардан бирининг яна бир боби ҳисобланади. Икки жамоа ҳам финалга чиқиш учун етарли салоҳиятга эга. Қайси жамоа ўз услубини рақибга қабул қилдира олса, финал йўлланмасига ҳам ўша яқинроқ бўлади.

ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CHAMPIONATASIA промокоди билан 45 кун бепул

Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia