

Океан ортидаги илк Канадага қарши учрашувидан сўнг, бўлажак Жаҳон чемпионати учун 26 нафар футболчидан иборат якуний таркиб маълум бўлди. Дастлабки 30 талик рўйхатга киритилган Руслан Жиянов, Жасур Жалолиддинов, Умарали Раҳмоналиев ҳамда Шерзод Темиров якуний қайдномадан ташқарида қолишди. Бош мураббий Фабио Каннаваро ушбу футболчиларни мусобақага олиб кетмасликни лозим топди. Қуйида мураббийнинг мазкур қарори ва таркиб танлови хусусида фикр юритамиз. Ундан аввал дастлабки назорат баҳси ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Канада билан ўйин ҳақида
Футбол — бокс эмаски, унда биргина спортчининг рингдаги хатоси ёки нотинч ҳаракати туфайли мағлубиятни тан олсак. Бу жамоавий ўйин, демак, мағлубиятнинг илдизини ҳам яхлит тизимдан излаш керак. Канадага қарши баҳсдан сўнг ижтимоий тармоқларда бутун бошли мағлубият юкини Фарруҳ Сайфиевнинг гарданига илиш тенденцияси кузатилди. Ваҳоланки, биз иккинчи бўлимда биргина футболчини эмас, балки бутун бошли миллий терма жамоамизни таний олмай қолдик. Шундай экан, диққат-эътиборни шахсларга эмас, балки жамоавий ўйинимизга қаратиш мақсадга мувофиқдир.
Фабио Каннаваро майдонга ташлаган таркибнинг деярли 70 фоизини асосий ўзак таркиб деб аташ мумкин. Италиялик мутахассис дарвоза чизиғини Ўткир Юсуповга эмас Абдувоҳид Неъматовга топширди, мудофаа марказидаги бўшлиқни эса Абдулла Абдуллаев билан тўлдирди. Энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган қарор — Фарруҳ Сайфиевнинг ўнг қанот ҳимоясига жойлаштирилиши бўлди. Тўғри, бу позиция Фарруҳ учун мутлақо бегона эмас, Сречко Катанец ҳам ўз вақтида уни ушбу ролда бир неча бор синаб кўрган эди. Бироқ, Сайфиевнинг максимал фойдали иш коэффициенти барибир чап қанотда намоён бўлиши сир эмас.
Бу эксперимент терма жамоамизнинг ўнг қанот ҳимоясида жиддий хавотирлар борлигини яна бир бор кўрсатди. Ҳожиакбар Алижоновнинг салоҳиятини яхши биламиз: у ҳужумларга қўшилишда, қанотдан вертикал узатмалар (кросслар) амалга оширишда жуда фаол, аммо позицион ҳимояланишда унда муайян камчиликлар кўзга ташланади. Каннаваро айнан мана шу заиф нуқтани ёпиш ва мудофаавий балансни ушлаш учун ҳам Сайфиевнинг ҳам олдинга, ҳам орқага ўз вақтида қайтиш бой тажрибасидан фойдаланиб кўрди. Алижоновдаги жароҳат ҳам бу борада эксперимент қилиб олиш имконини берди.
Ярим ҳимоя марказида Отабек Шукуров ва Одил Ҳамробеков тандеми сақлаб қолинди. Улардан олдинроқда Азиз Ғаниев ва Остон Ўрунов жойлашган бўлса, ҳужум чизиғи Элдор Шомуродовга ишониб топширилди. Ушбу тактик схемадан кўриниб турибдики, Каннаваро ўйин бошиданоқ соф ҳужумкор ва таваккалчи футболни танламади. У қаттиқ интизом, ҳимоя ва "орқа чизиқ" хавфсизлигини биринчи планга олиб чиқди — бу эса классик италиянча прагматизмнинг яққол намунасидир. Бу ўйин бизга терма жамоанинг бўлажак расмий учрашувларда қандай фалсафа остида ҳаракат қилишини ва асосий "скелет" қандай кўриниш олишини англаб олиш учун яхшигина материал берди.

Рақамлар тилидаги биринчи бўлим: Вазиятлар йўқ эмас...
Учрашувнинг дастлабки 45 дақиқалиги вакилларимиз учун анча умидли бўлди. Энг муҳими — биз вазият ярата олдик. Кўпчилик тўп назорати мезбонларда бўлганини (52% га 48%) устунлик сифатида баҳолаши мумкин, аммо рақамлар бошқа ҳақиқатни сўзлайди. Канада рақиб ҳудудида кўпроқ пас берган (49 та пас, 67% аниқлик) бўлса-да, Ўзбекистон ҳужумкор учинчи зонада 24 та аниқ пас (56%) билан чекланди. Бу шуни англатадики, Канада тўпни шунчаки комбинацион назорат қилган, Ўзбекистон эса вертикал ва камроқ паслар эвазига тезкор, энг муҳими, анча хавфлироқ ҳужумлар уюштирган.
Биз xG (кутилаётган голлар) коэффициенти бўйича рақибни мутлақо зарарсизлантирдик: 0.81 га қарши 0.13. Шомуродовда иккита жуда қулай имконият бўлди, Канадада эса биринчи бўлимда бирорта ҳам яққол голли вазият юзага келмади. Каннаваронинг "ҳимояда камроқ хато қилиб, олдинда Шомуродов, Ўрунов ва Файзуллаевнинг индивидуал маҳорати эвазига кескинлик яратиш" режаси биринчи бўлимда идеал даражада ишлади. Фақатгина якуний зарбадаги совуққонлик етишмади. Боз устига ёмғир ва майдон сирпанчиқлиги ҳам бироз таъсирини ўтказди.
Иккинчи бўлимдаги пасайиш
Бироқ, иккинчи бўлимда ўйин сценарийси 180 даражага ўзгариб кетди. Жамоамиз тўп назоратини деярли тенглаштирган (49%) бўлса-да, бу назорат нимадир бермади. Ҳужумдаги кескинлик ва ижодкорлик ноль даражасига тушди (атиги 0.18 xG) ва бўлим давомида бирорта ҳам йирик имконият ярата олмадик. Рақиб эса, аксинча, ўйин темпини ошириб, бизни ўз жарима майдонимизга қамаб қўйди ва иккинчи бўлимда 0.70 xG ҳамда 2 та йирик голли вазият юзага келтирди.
Замонавий футболда вазиятлардан фойдаланиш — энг муҳим омил. Биринчи бўлимда яратилган юқори сифатли имкониятларни кўкка совурганимиз учун иккинчи бўлимда Канада бизни жазолади. Улар ўйин давомидаги вазиятларини голга айлантира олишди ва якунда 2:0 ҳисобидаги ғалабани расмийлаштиришди.

Агрессивликдан тактик чарчоққача
Ўйиндаги энг хавотирли жиҳат — жисмоний ва тактик жиҳатдан иккинчи бўлимда ўйиндан узилиб қолганимиз бўлди. Биринчи бўлимда Ўзбекистон жуда агрессив, прессингда фаол ва зич ҳимояланди: 11 марта фол ишлатилди, 2 та сариқ карточка олинди ва подкатларнинг 67 фоизи муваффақиятли чиқди. Аммо иккинчи бўлимга келиб, жамоанинг функционал ҳолати ва концентрацияси пасайгани сезилди. Фоллар сони атиги 4 тага тушди, бу эса биз рақибга яқин масофада етарлича қаршилик кўрсата олмаганимизни, уларни қўйиб юборганимизни англатади. Натижада, Канада бизнинг жарима майдонимиз ичидан бемалол 5 марта зарба йўллашга муваффақ бўлди.
Энг ачинарлиси, иккинчи бўлимдаги юқори босим остида ҳимоямиз панд берди ва голга олиб келган қўпол индивидуал хато қайд этилди. Юқори даражадаги халқаро ўйинларда бундай совғаларни рақиблар ҳеч қачон кечирмайди. Канада билан ўйин терма жамоамиз учун ажойиб дарс бўлди. Биз қаттиқ ҳимояланиб, тезкор қарши ҳужумда вазият ярата олишимизни кўрсатдик (биринчи бўлим), аммо 90 дақиқа давомида бир хил темп ва диққатни ушлаб туриш, шунингдек, заҳирадан ўйинни кучайтира оладиган футболчилар борасида ҳали қилинадиган ишлар кўплиги намоён бўлди. Расмий ўйинлар олдидан бу каби камчиликларни кўриб, улар устида ишлаш — ушбу ўртоқлик учрашувининг энг катта ютуғидир.
Таркибдан тушиб қолганлар ва Каннаваронинг "жангчилар" армияси
Мана, ўртоқлик учрашувлари ортда қолди ва Фабио Каннаваронинг якуний 26 талик рўйхати ҳам маълум бўлди. Ҳар қандай йирик турнир олдидан таркиб эълон қилиниши катта баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши табиий ҳол. Бу сафар ҳам шундай бўлди: италиялик мутахассис ҳужумкор футболга ихтисослашган, ижодкор ва техник томондан ажралиб турадиган Шерзод Темиров, Жасур Жалолиддинов, Руслан Жиянов ва Умарали Раҳмоналиев каби футболчиларга жавоб бериб юборди. Бундан бироз аввалроқ эса Азизбек Турғунбоевнинг таркибдан ташқарида қолиши ҳам жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилинган эди.
Аксарият мухлислар ва экспертларда табиий бир савол туғилмоқда: Нима учун айнан бу футболчилар? Нега жамоанинг креатив ва кутилмаган юришларини таъминлай оладиган вакилларидан воз кечилди?
Бу саволнинг жавоби Фабио Каннаваронинг футбол фалсафаси ва бизни олдинда кутаётган рақибларнинг даражасида яширинган. Италиялик мураббий таркибни танлашда чиройли ёки ҳужумкор футболга эмас, балки суриниб бўлса-да, натижа келтирадиган прагматизмга урғу берди. У кўпроқ жисмоний курашларда енгилмайдиган, позицион ҳимояланишни мукаммал тушунадиган ва мудофаага яқинроқ ўйнай оладиган "жангчилар"ни танлади.
Биз бўлажак расмий баҳсларда Колумбия ёки Португалия каби жаҳон футболи грандлари билан очиқ ва ҳужумкор футбол ўйнай олмаслигимиз кундек равшан. Бундай рақибларга қарши майдонда доминантлик қилиш, тўп назоратини ушлаб туриш ёки соф техник комбинациялар эвазига устун келиш — ўта хавфли таваккалчиликдир. Бундай оғир баҳсларда бизга нафақат креативлик, балки 90 дақиқа давомида тинимсиз юқори темпда босимга дош берадиган, тўпсиз ўйин фазасида хато қилмайдиган, майдоннинг ҳар бир қаричи учун курашадиган ва югурадиган ҳақиқий "атлетлар" керак бўлади.Жалолиддинов ёки Раҳмоналиев каби футболчилар тўп бизда бўлган сонияларда жуда фойдали ва хавфли, аммо Колумбия ёки Португалия тўпни олиб қўйиб, катта тезликда босим қилганда, уларнинг жисмоний ва мудофаавий имкониятлари панд бериб қўйиши мумкин эди. Каннаваро эса таваккал қилишни истамади. У эстетикани қурбон қилиб бўлса-да, тактик интизом ва жисмоний бақувватликни танлади. Бу тўртлик ҳам ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди. Лекин таркибни мураббий танлайди.

Улар Жаҳон чемпионатида ўйнашга лойиқ эди
Таркибга кира олмаган ўғлонлар Жаҳон чемпионатида ўйнашга лойиқ эди, дейлик Ироқ чемпионатида тўпурар бўлиш ҳаммага ҳам эмас. Устига-устак Каннаваро Темировга жуда кам имконият берди деярли тақдим қилмади дейиш мумкин. Умарали Раҳмоналиев Озарбайжон чемпиони бўлди, демак у ҳам клуби орқали исботлай олди. Жасурни ҳам иқтидорини биламиз, кучли томонлари бор. Жиянов индивидуал жиҳатдан яхши салоҳиятга эга. Улар руҳан тушкунликка тушиб қолишмайди деб ўйлайман. Олдинда Осиё Кубоги бор, ҳаёт давом этади. Кучли футболчи деганда фақат ўйинда эмас мана шундай вазиятлардан кейин ҳам ўзини кўрсатишда давом этган, юқори даражага чиққан футболчиларни ҳам айтамиз. Жасур, Умарали, Руслан, Шерзод ҳали барчасида олдинда.



