UZ

Сўнгги янгиликлар

09:55Хаби Алонсо "Реал Мадрид" тарихида фақат икки мураббий эришган муваффақиятни такрорлади  1 09:23"Манчестер Юнайтед" - "Челси" учрашувининг биринчи бўлими АПЛ тарихига кирди  1 08:41"Барселона" Маркус Рэшфорд борасида бир қарорга келди  2 08:07Суперлига. Бугун 22-тур якунланади  3 08:05МЛС. Мессининг иккита голи ва битта голли узатмаси "Интер Майами" жамоасига "Ди Си Юнайтед" устидан ғалаба келтирди  11 07:35Саудия Пролигаси. "Ал Насср"дан йирик ғалаба. Роналдудан дубл  3 06:55Суперлига. "Нефтчи" – "Динамо" 2:1   0 06:40Эксперт фикри. Абдуқаҳҳор Маъруфалиев: "Бухоро"да янги мураббий таъсири кўринди, Фарғонада тенг ўйин бўлди. Лекин..."   5 02:01А Серия. "Ювентус" "Верона"ни мағлуб этолмади, "Милан" эса йирик ҳисобда ғалаба қозонди   13 00:55Вадим Абрамов: "Захирадан тушганлар ўйинни кучайтира олмади"  2 00:50АПЛ. "Манчестер Юнайтед" "Челси"дан устун келди, манчестерликлар рақиб 10 киши бўлиб қолганда иккита гол уришди  63 00:31"Яхшигина "тўда" йиғилди. Сервер Жепаров - "Афсоналар кубоги" ва УЕФА мураббийлик лицензияси учун ўқиш ҳақида  2 00:06Вадим Абрамов: "Захирадан тушганлар ўйинни кучайтира олмади"  5 23:50ОПЛ. "Сабаҳ" ўз уйида ишончли ғалабага эришди, Раҳмоналиев 90 дақиқа ҳаракат қилди  6 23:27Тимур Кападзе - Англияда. Мутахассис у ерда нима қилмоқда?  27

Мозийга қайтиб... Шижоат Янгиликлар

Мозийга қайтиб... Шижоат

Биз ҳамиша ўз йўлимизни мўътадиллик асосига қуриб олганимизни таъкидлаб келганмиз.

Шижоат
(“Одамлар орасида” газетасининг 2007 йил 7 июнь сонидан олинган).


Биз ҳамиша ўз йўлимизни мўътадиллик асосига қуриб олганимизни таъкидлаб келганмиз.

Ана шу вазмин йўл вазиятларга холис нигоҳ ташлашга имкон беради. Бугун сиз азизлар билан биргаликда бир сўзнинг маъносини ўрганишга киришамиз. У сўзнинг номи ШИЖОАТ деб аталади. Шижоат сўзини ўрганишимизнинг боиси бор: уни кўпчилик умуман бошқача тушунар экан. Мўътамад луғатларга қарайдиган бўлсак, шундай таърифларни топамиз: «Жасурлик билан қўрқоқлик ўртасидаги йўл, яъни босиқлик билан вазиятга муносиб баҳо бериш!!!»

Мана шу ҳолат ҳар бир инсонга зарур ҳисобланади. Чунки кўп инсонлар шижоатни нотўғри талқин қилиб, уни тап тортмасликка ўхшатишади. Шижоатли одамни оловнинг ичига ҳам ўйланмай кириб кетадиган инсон сифатида тасаввур қилишади. Аслида, шижоатли одам ўша оловнинг ичига кириши керак бўлиб қолса ҳам, бор эҳтиёткорлигини ишга солиши керакдир. Агар шу ишни маромига етказиб бажарса, уни шижоатли одам дейишимиз мумкин. Акс ҳолда, у лақма ва ландовур кимса саналади.

Бугунги кун одамларининг аксари шижоат маъносида иш юритишмайди. Кимдир ҳаддан ташқари қўрқоқ, кимдир эса меъёрдан зиёд ботир. Ўртадаги муҳим ҳолат кўтарилган. Натижада, кўпчилик шижоатли бўлишдан чўчиб қолган. Шижоат ҳақида гап кетганида, ўзини эшитмасликка олади. Шижоатнинг номини «оловга индамасдан кириб кетиш» деб тушунади.

Телевидениеда ишлаб юрган кезларим... Кўпчилик, тележурналистларнинг савияси ҳақида гапирар экан, уларнинг шижоатли эмаслигидан нолишарди. Ўзим ҳам шулар сафида «ўта қўрқоқман» деган хулосага келиб қолгандим. Бироқ, бир куни «ФИФА» деган кўрсатувни эфирга узатишимиз биланоқ кўнглим бир ёришгандек бўлди. Чунки кўрсатувда анча жиддий муаммолар кўтарилган, меҳмонлар ҳам, иштирокчилар ҳам ўз фикрларини бемалол айтишга муваффақ бўлган эдилар.

Кўрсатув эфирга кетди. Уйда оила аъзоларим билан томоша қилдим. Хурсанд бўлиб ўтирганимда, биринчи бўлиб ОТАМдан гап эшитдим: «Оддийроқ кўрсатув қилсанг бўлмасмиди?»

Эртаси куни футболга жуда қизиқадиган қўшним дашном берди: «Яхши чиқди-ю, сенга шу зарурми?»

Учинчи эътирозни дўстларим билан чойхонада ўтирганимда тингладим: «Ортиқча даҳмазани нима қиласан?»

Ўша чойхонадан уйга қайтар эканман, уч-тўрт ёш кичик қўшним чиқиб қолди ва менга кутилмаганда: «Нега бизнинг тележурналистлар хориждагидек фаол эмас?» деб савол бериб қолди. Мен унга уч кун ичида бўлиб ўтган воқеаларни айтиб бердим-да, давомидан тушунтирдим: «Ўзбекистон телевидениесида ишлаётган ҳамма журналист худди менга ўхшаб ўзбеклар маҳалласида вояга етган. Уларнинг худди мендака ота-онаси, қўшниси ва дўстлари бор. Далда бўлиш ўрнига, ҳамма томондан «қўйсанг-чи» деган дашном янграб турса, журналист ҳам охири чарчайди. Бор-э, дейди-да, оддийроқ кўрсатув қилишга ўтади. Сиҳ ҳам, кабоб ҳам куймайдиган лавҳалар беришга тушади. Аслида, буюк ишлар биргина шахсга боглиқ эмас, балки жамиятнинг хоҳиши билан юзага келишини кўпчилик ҳам англайвермайди»

«Олдинлари энг яхши вақт ҳисобланадиган кечки тўққизларда ойнаи жаҳон орқали қизиқарли кўрсатувлар ва савияли фильмлар бериларди. Ҳозир эса қўшиқчиларнинг бўлар-бўлмағур клиплари... Шу нарсага чек қўйсанглар бўлмайдими?» Ушбу таклиф оҳангидаги савол ҳам кўп берилади бизга. Бир кун таксида бир амаки қўймасдан ТВни танқид қилаверди, қўшиқлар кўпайиб кетганини таъкидлайверди. Охири шеригим сўради: «Ака, ўша сиз айтаётган қўшиқларни эфирга чиқариш учун қўшиқчи роса югурган. Анчагина пул сарфлаган. Тўғрими? Яхшироқ клипларни тайёрлаш ва уни эфирга узатиш учун кетган катта пулларни у қаердан оляпти, деб ўйлайсиз? Албатта, тўйдан-да. Тўйни ким қиляпти? Ҳа, баракалла, халқимиз қиляпти. Олдин уй тўрида қорилар ўтиришарди, ҳозир хонандалар... Бир муллага берган беш минг сўмини гапиради-ю, фалон қўшиқчи учун сарфлаган беш юз минг сўм ҳақида мулоҳаза қилмайди. Демак, тўйларнинг шайдоси бўлган халқимизнинг ўзи ойнаи жаҳонда томоша қилаётган қўшиқларининг ҳомийси бўлиб қоляпти. Шу боис, илтимос, ҳамма масалада ТВни айблайверманг!»

Мана шу воқеаларни ёдга олар эканман, Азиз Несиннинг бир ҳикояси ёдимга тушиб қолди. Асар бир мушукнинг уйдан миёвлаб отилиб чиқиши билан бошланади. Мушукни уй бекаси ҳайдаб юборади. Ёзувчи оддий хонадонда бўлиб ўтган воқеанинг раҳбарларга боғлиқ эканлигини тушунтиради: «Агар вазирнинг кайфияти ёмон бўлмаганда, шу мушук уйдан отилиб чиқмасди. Ишонмайсизми, эшитинг бўлмаса! Вазир жаҳл билан ўринбосарини койиди, ўринбосар аламини ходимидан олди. Ходим уйига келиб хотинига ўшқирди. Хотин нима қилсин, ошхонада тимирскиланиб юрган мушукни қувди. Кўрдингизми, - дейди ёзувчи, - кучли таъсир ҳатто мушукларни ҳам четлаб ўтмайди!»

Ўзимизни ўргата олмаган бўлсак ҳам, энди умидимиз саналган фарзандларимизни шижоатли қилиб тарбиялайлик. Уларга ота-онамиз бизга ўргатгани сингари, «кўчада иккитаси жанжаллашаётган бўлса, аралаша кўрма, болам, дарҳол уйга қайт!» деб эмас, «уларнинг ўрталарига туш-да, ажратиб қўй» деган таълимни берайлик. Шунда шояд ана шу шижоатли фарзандлар ичида тарбия топажак журналистлар ҳам бемалол, баланд пардаларда сўзлаш шуъурига эга бўлишса!


Хайрулла ҲАМИДОВ

Рейтинг: +4   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика