Марк ван Боммел: "Бельгия терма жамоасини бошқариш мен учун катта шараф, мухлислар биз билан фахрланиши учун барча ишни қиламиз"

Iskandarov Abdulaziz
25 июл 2026, 13:27
Бельгия терма жамоасининг янги бош мураббийи Марк ван Боммел ушбу лавозимга расман тайинланганидан сўнг ўз ҳис-туйғулари билан ўртоқлашди

Бунга қадар 49 ёшли нидерландиялик мутахассис ПСВ, "Вольфсбург" ва Бельгиянинг "Антверпен" клубларини бошқарган.

Марк ван Боммел: "Бельгия терма жамоасининг бош мураббийига айланиш — мен учун улкан шараф. Билдирилган ишонч учун Қироллик футбол ассоциациясига ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бельгияда ажойиб футболчилар ва улкан салоҳият мавжуд. Мураббийлар штабим билан биргаликда дунёнинг энг кучли терма жамоалари билан тенгма-тенг рақобатлаша оладиган интизомли, ўз олдига улкан мақсадлар қўядиган ва довюрак жамоани шакллантиришга интиламиз.

Муваффақият ҳеч қачон кафолатланмайди, лекин тинимсиз меҳнат, ҳалоллик ва ўз ишимизга садоқатни аниқ ваъда бера оламан. Биз ҳар куни ўсишга эришиш ва Бельгия халқи биз билан фахрланиши учун барча саъй-ҳаракатларимизни ишга соламиз. Футболчилар, ходимлар, мухлислар билан учрашишни ҳамда фаолиятимдаги ушбу янги саҳифа бошланишини интиқлик билан кутяпман", — дея ван Боммелнинг сўзларини келтиради Бельгия Қироллик футбол ассоциацияси (RBFA) расмий сайти.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia