

Унда қўмитанинг 9 нафар аъзосидан 8 нафари иштирок этди. Йиғилиш кун тартибидан Суперлига ҳакамлари томонидан қабул қилинаётган баҳсли қарорлар, футбол жамоатчилигининг бунга муносабати ҳамда ВАР тизими билан боғлиқ тушунарсиз ҳолатлар ўрин олди.
Йиғилишда таъкидланган асосий масалалар:
ВАР тизими фаолиятидаги камчиликлар: Лига бош директори Диёр Имомхўжаев ВАР тизими адолатли қарор чиқаришга кўмаклашиш ўрнига, айрим ҳолларда шубҳали манфаатларга хизмат қилаётгандек таассурот уйғотаётганини қайд этди. Техник имкониятлар кенгайтирилиб, кўчма телевизион станциялар орқали сифатли такрорий лавҳалар узатилаётганига қарамай, ҳакамларнинг хато қарорлари камаймаяпти.
"Қўқон-1912" – "Насаф" учрашувидаги ҳолат: Суперлиганинг 6-тури доирасидаги мазкур баҳсда бош ҳакам Рустам Лутфуллин дастлаб тўғри қарор қабул қилган бўлса-да, ВАР ҳаками Иброҳим Исмоиловнинг аралашувидан сўнг қарорини нотўғри ўзгартирган. Бу ҳолат Эксперт ҳакамлар гуруҳи томонидан ҳам хато деб баҳоланган.
Шартнома мажбуриятларининг бузилиши: Лига шартноманинг 3.1-бандига асосан, баҳсли вазият бўйича ВАР аудиоёзувларини талаб қилган. Бироқ Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази (ЎзФҲМ) турли баҳоналар билан бу жараённи пайсалга солган.
Ижроия қўмитасининг расмий қарорлари:
Юқоридаги ҳолатлар ҳамда клубларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, Лига Ижроия қўмитаси аъзолари бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:
Ҳакамларни четлатиш сўрови: Хатога йўл қўйган ҳакамлар – Рустам Лутфуллин ҳамда Иброҳим Исмоиловни мавсум сўнгига қадар Суперлига, Пролига ва Ўзбекистон кубоги мусобақаларидан четлатиш бўйича ЎзФҲМга расмий талабнома киритиш.
Халқаро тоифани кўриб чиқиш: Мазкур ҳакамларнинг халқаро тоифага муносиблигини ўрганишда амалий ёрдам сўраб, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) президентига мурожаат йўллаш.
Расмий шикоят киритиш: ЎзФҲМ томонидан Лиганинг қонуний талаблари бажарилмаётгани юзасидан ЎФА президенти номига расмий шикоят киритиш.
Лига ВАР маркази фаолиятида шаффофликни таъминлаш, протокол шартларига қатъий риоя этиш ҳамда бу жараёнларни регламент асосида назорат қилиш зарурлигини таъкидлайди. Миллий футболда адолат мезонларини ўрнатиш ва футбол жамоатчилигининг ишончини оқлаш – Лиганинг устувор вазифаси бўлиб қолади.



