

Унда Европанинг кучли бешлигида кун давомида қайд этилган энг кутилмаган ҳисоблар, ақлбовар қилмас камбэклар ва статистикага қараб тушунтириш қийин бўлган ўйинларни саралаб борамиз.
Биринчи сонда 5 сентябрнинг ўзида ўтказилган айрим учрашувлар етарли бўлди.
Куннинг асосий воқеалари Германияда бўлди: 3:1 ҳисобида ютаётган жамоа якунда имкониятни бой берди, бошқаси 2:0 устунликни сақлаб қололмади, “Бавария” эса тўпга 83 фоиз эгалик қилиб, гол ура олмади.
Италияда ҳам драма — “Наполи” уч дақиқа ичида икки марта гол урди, аммо Миландан очкосиз қайтди. Буларга қўшимча равишда Испанияда ҳам куннинг яна бир кутилмаган натижаси қайд этилди.
“Боруссия Мёнхенгладбах” 3:4 “Эльверсберг”
56-дақиқада таблода 3:1 ҳисоби турарди. Мёнхенгладбах ўз майдонида икки тўп фарқи билан олдинда ва ўйин назоратда кўринарди. Аммо қолган вақтда ҳаммаси тескари кетди.
66-дақиқада Морис Краттенмахер фарқни қисқартирди, 80-дақиқада Феликс Кейдел ҳисобни тенглаштирди. “Эльверсберг” 3:3 билан ҳам қаноатланмади: 90+2-дақиқада Краттенмахер яна гол урди — 3:4.

Ҳисобнинг ўзиёқ кўп нарсани айтиб турибди, статистика эса натижа тасодиф эмаслигини кўрсатади. “Боруссия” 25 марта зарба берди ва 13 та бурчак тўпи ишлади. “Эльверсберг”да зарбалар атиги 14 та, аммо шуларнинг 10 таси дарвоза томон аниқ йўлланган. xG — 2,35 га 2,03.
Яна бир жиҳати бор. “Эльверсберг” ўз тарихида илк бор Бундеслигада ўйнаяпти. Жамоа дебютнинг ўзида “Байер”ни 3:2 ҳисобида енгганди. Энди эса 3:1 ҳисобидаги мағлубиятдан чиқиб кета олди.

Бундеслига дебютанти ҳозирча жадвалда “Бавария”дан ҳам юқори — учинчи ўринда.
“Хоффенҳайм” 2:3 “Боруссия” Дортмунд
“Эльверсберг”нинг камбэки Бундеслигада кечанинг ягонаси эмасди.
Леон Авдуллаху биринчи бўлим охирида “Хоффенҳайм”ни олдинга олиб чиқди, 54-дақиқада Тим Лемперле ҳисобни 2:0 қилди. “Хоффенҳайм”га қолган вақтда шу устунликни сақлаб қолишнинг ўзи кифоя эди. Бироқ дош бера олишмади.
61-дақиқада Серу Гирасси битта голни қайтарди. Орадан беш дақиқа ўтиб Фабио Силва ҳисобни тенглаштирди. 86-дақиқада эса Алижон Ҳайдарининг автоголи камбэкни якунлади — 2:3.

“Хоффенҳайм” ўйин бўйича рақибидан қолишмаганди. Тўп назорати — 60:40, зарбалар — 18:11, аниқ зарбалар — 6:4, бурчак тўплари — 10:3.
Лекин вазиятлар сифатига қаралса, манзара бошқача. “Дортмунд”нинг xG кўрсаткичи 2,02, “Хоффенҳайм”ники эса 1,18.
“Дортмунд” шу тариқа иккинчи турда иккинчи ғалабасини қўлга киритди ва 6 очко билан иккинчи ўринга чиқди. “Хоффенҳайм” эса икки турдан кейин ҳам очкосиз бўлиб турибди.
“Шальке 04” 0:0 “Бавария”
Бу ерда еттита ёки бешта гол йўқ. Лекин ўйин статистикасини кўрган одамнинг биринчи саволи бошқача бўлади: бу баҳс қандай қилиб 0:0 тугади?
Тўп назорати — 17:83.
Зарбалар — 4:15.
Аниқ зарбалар — 1:5.
Бурчак тўплари — 0:11.
Катта вазиятлар — 0:6.
xG — 0,21:2,10.
Ҳисоб эса ўзгармади — 0:0.
“Бавария” деярли бутун ўйин давомида тўпни ўзида ушлади, олтита катта вазият яратди, аммо Лорис Кариус дарвозасига гол ура олмади.

Бу “Шальке” учун мавсумдаги дастлабки очко. Жамоа икки турдан кейин ҳам гол ургани йўқ, тўплар нисбати — 0:3. Лекин шу ягона очкони “Бавария”дан олишнинг уддасидан чиқди.
Мюнхенликлар эса иккинчи турдаёқ илк очколарини йўқотди ва 4 очко билан тўртинчи ўринда бормоқда.
“Интер” 3:2 “Наполи”
Биринчи бўлимда гол урилмади. Иккинчиси бошланиши билан эса ўйин бирданига очилиб кетди.
50-дақиқада Маттео Политано “Наполи”ни олдинга олиб чиқди. 53-дақиқада Хойлунд ҳисобни 0:2 қилди. Уч дақиқа ичида иккита гол — “Наполи” учун бундан яхшироқ стартни тасаввур қилиш қийин.
56-дақиқада Лаутаро Мартинес ҳисобни қисқартирди. “Интер” шундан кейин босимни оширди ва 82-дақиқада Маркус Тюрам ҳисобни тенглаштирди.

Энг муҳими охирига қолганди. 90+1-дақиқада Лаутаро яна гол урди ва дубль қайд этди — 3:2. “Наполи” 53-дақиқада икки тўп фарқи билан ютаётган ўйиндан очкосиз кетадиган бўлди.
“Интер”нинг камбэки рақамларга қараганда ҳам мантиқий. Миланликлар 29 марта зарба берди, тўпга 63 фоиз эгалик қилди ва 10 та бурчак тўпи ишлади. xG — 3,19. “Наполи”да бу кўрсаткич 2,25.
Шу билан “Интер”нинг идеал старти давом этди: 3 ўйин, 3 ғалаба, 9 та урилган гол ва 9 очко. Жамоа А Серияда пешқадам. “Наполи”да эса уч турдан кейин икки мағлубият ва 3 очко бор.
“Атлетик Бильбао” 3:0 “Атлетико”
Испаниядан десерт. Биринчи бўлимда гол кўрмадик. Иккинчи бўлим бошланганидан кейин эса “Атлетико”га икки дақиқа етарли бўлди — иккита гол ўтказиш учун.
Нико Уильямс 46-дақиқада ҳисобни очди. 48-дақиқада Роберт Наварро иккинчи голни урди. 90-дақиқада Ойан Сансет нуқта қўйди — 3:0.

Ҳисоб йирик, лекин “Атлетико” тўпга 62 фоиз эгалик қилди, зарбаларда 15:11, аниқ зарбаларда 5:4, бурчак тўпларида 8:3 ҳисобида устун бўлди.
Бироқ мадридликлар бутун ўйин давомида битта ҳам голли вазият ярата олмади. “Атлетик”да эса бундай имконият учта. xG ҳам басклар фойдасига — 1,35 га 0,86.

Бильбаоликлар учун бу ғалаба айни муддао бўлди. “Атлетик” 4-турдан кейин 6 очко тўплаб, 8-ўринда бормоқда. “Атлетико” эса 7 очко билан 6-поғонада.
P.S.: аслида, мақолага “Реал” ва ПСЖ ўйинларини ҳам киритиш мумкин. Бироқ, ушбу учрашувлар календарь ҳисобида 4 сентябрь куни бўлиб ўтган эди. Рози бўласиз.



