Жоэл Кожонинг “Истиқлол”дан талаб қилаётган товон пули миқдори маълум бўлди

Aslanov Jasurbek
16 ноя 2026, 22:32
Эроннинг “Истиқлол” клуби билан судлашаётган “Навбаҳор” ҳужумчиси Жоэл Кожонинг молиявий даъвоси миқдори маълум бўлди.

Football Bartar нашри Fars агентлигига таяниб хабар беришича, Қирғизистон миллий терма жамоаси футболчиси билан боғлиқ ишда “Истиқлол” мағлуб бўлса, унга тахминан 1,2 миллион евро товон тўлаши мумкин.

Аввалроқ Кожо Теҳрон клуби билан шартномасини бир томонлама бекор қилиб, тўланмаган маошлари ва шартнома бўйича молиявий мажбуриятлар юзасидан ФИФАга шикоят қилгани хабар берилган эди.

“Истиқлол”га қарши Кожодан ташқари собиқ футболчилари Дакенс Назон ва Мусса Женпо ҳам ФИФАга мурожаат қилган. Клуб ушбу низолар ва мураббий Фабио Карилле билан боғлиқ ишда мағлуб бўлса, умумий товон миқдори 4 миллион доллардан ошиши мумкин.

Ҳозирча мазкур ишлар юзасидан якуний қарорлар қабул қилинмаган. Кожо билан боғлиқ 1,2 миллион евролик сумма ҳам расмий белгиланган товон эмас, балки тахминий ҳисоб-китоб ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Жоэл Кожо аввал Самарқанднинг “Динамо” ва Фарғонанинг “Нефтчи” клубларида тўп тепган. Айни пайтда у Наманганнинг “Навбаҳор” клуби аъзоси ҳисобланади.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Football Bartar