Аргентинада 18 ёшли футболчи учрашув пайтида бошига тўп тегиши оқибатида вафот этди

Aslanov Jasurbek
16 ноя 2026, 20:52
18 ёшли аргентиналик футболчи Абель Нуньес ўйин вақтида юз берган бахтсиз ҳодисадан кейин шифохонада вафот этди.

TyC Sports хабарига кўра, нохуш воқеа пайшанба куни AFA Juveniles C турнири доирасидаги "Эсейса" ва "Депортиво Муньис" ёшлар жамоалари ўртасидаги беллашувда содир бўлган. Нуньеснинг бошига тўп келиб теккан — "Эсейса" ўйинчисига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан сўнг уни шифохонага ётқизишга тўғри келган. Якунда учрашув тўхтатилган.

Шифохонада футболчи жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди, бироқ унинг аҳволи яхшиланмади. Якшанба куни "Эсейса" Нуньеснинг вафот этганини маълум қилди.

"Бу клубимиз шу пайтгача эълон қилган энг оғир хабардир. Чуқур қайғу ва чексиз изтироб билан бутун ҳаёти олдинда бўлган, бугун эса бизни тушунтириб бўлмас бўшлиқ билан қолдирган ёш йигит билан хайрлашмоқдамиз. Ўйин пайтида оғир зарба олганидан сўнг, либосимизни ғурур билан кийган йигитнинг бевақт ўлимидан чуқур афсусдамиз.

Бугун футбол иккинчи даражага тушди. Биз оиламизнинг бир қисми бўлган, орзу ва интилишларга тўла жамоадошимиз билан алам билан видолашмоқдамиз. 'Эсейса' номидан ушбу оғир дамларда унинг оиласи, дўстлари, жамоадошлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик ва далда изҳор этамиз. Жойинг жаннатда бўлсин. Сен ҳамиша оиламизнинг бир бўлаги бўлиб қоласан", — дейилади клуб баёнотида.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: TyC Sports