

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.
Тур мураббийи — Зайниддин Тожиев (“Ғазалкент”)
“Ғазалкент” ортда қолган тур Бекободда ҳақиқий триллер намойиш этди. Жамоа танаффусга 0:2 ҳисобидаги мағлубият билан йўл олиб, иккинчи таймда катта кучни олдинга ташлади ва матонатли равишда ғалаба қозонди — 3:2. Албатта, бу ғалабада Зайниддин Тожиев бошчилигидаги мураббийлар штабининг ўрни беқиёс. Уларнинг танаффусдаги тушунтиришлари шогирдларига таъсир қилди ва улар ўйинни тубдан ўзгартириб, рақибни таслим этди. Шундай қилиб, Зайниддин Тожиев ҳақли равишда тур мураббийи деб топилди.

Тур футболчиси — Абдураҳмон Абдуллаев (“Ғазалкент”)
Ҳужумчи Абдураҳмон Абдуллаев “Металлург” доғда қолдирилишида (3:2) бор имкониятларини ишга солиб, хет-трик қайд этди. “Ғазалкент” Абдураҳмоннинг саъй-ҳаракатлари эвазига Бекободда ғалабани тантана қилди деб бемалол айтиш мумкин. Championat.asia сайти ҳеч бир муболағасиз 20 ёшли ҳужумчини тур футболчиси сифатида эътироф этди.

Тур дарвозабони — Шоҳжаҳон Насимов (“Арал”)
Тур марказий учрашувида “Арал” “Шўртан”ни ишончли тарзда мағлубиятга учратди (3:1). Ушбу ғалабада мезбонлар посбони Шоҳжаҳон Насимовнинг ҳиссаси катта. У бир қатор вазиятларда ўзини кўрсатиб, жамоасини голдан асради. Шу тариқа, Championat.asia сайти ходимлари марказий беллашувда дарвозасини муносиб қўриқлаган Насимовни тур дарвозабонлигига лойиқ кўрди.

Тур голи — Абдусалом Нуриддинов (“ҚМУ Жайхун”)
“ҚМУ Жайхун” ортда қолган турда сафарда Республика ФА билан баҳс юритиб, 2:1 ҳисобида ғалабага эришди. Ғалаба голини 75-дақиқада маҳоратли ярим ҳимоячи Абдусалом Нуриддинов олис масофадан жарима зарбасидан урди. Айнан шу гол турдаги энг чиройлиси сифатида қайд этилди. Қуйида мазкур гол видеосини томоша қилишингиз мумкин.




