Италия Кубоги. "Интер"дан суперкамбэк! "Нерадзурри" 0:2 ҳисобини 3:2 га айлантириб, финалга йўл олди

Aslanov Jasurbek
22 апр 2026, 02:10
Италия Кубогининг 2025/2026 йилги мавсуми илк финалчиси маълум бўлди. Ярим финалнинг жавоб учрашувида Миланнинг "Интер" клуби ўз майдонида "Комо"ни қабул қилди.

Ўйин давомида икки тўп фарқи билан ортда қолаётган Кристиан Киву шогирдлари ирода намойиш этиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Учрашув меҳмонлар учун жуда кўнгилли бошланди. 32-дақиқада хорватиялик Мартин Батурина "Комо"ни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, иккинчи бўлим бошида, 48-дақиқада Лукаш Да Кунья миланликлар дарвозасини иккинчи бор ишғол қилди.

Бироқ "Интер" таслим бўлишни истамади. 69-дақиқада Хакан Чалханоглу ҳисобни қисқартирди. Ўйин якунланиши арафасида эса ҳақиқий "шоу" бошланди: 86-дақиқада Чалханоглу дублни расмийлаштириб, мувозанатни тиклаган бўлса, 89-дақиқада Петар Сучич "нерадзурри"га ғалаба келтирувчи голни урди.

“Интер” - “Комо” 3:2

Голлар: Чалханоглу 69, 86, Сучич 89 - Батурина 32, Да Кунья 48.


Жамоалар ўртасидаги илк баҳсда (3 март) ҳисоб очилмаган эди (0:0). Шу тариқа, икки ўйин натижасига кўра "Интер" финал йўлланмасини қўлга киритди. Иккинчи финалчи эса бугун, 22 апрель чоршанба куни аниқланади. Унда "Аталанта" ва "Лацио" жамоалари ўзаро тўқнаш келишади (илк ўйин — 2:2).


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia