

Испания терма жамоаси форварди клубини ўзгартиришни хоҳламоқда. Бу ҳақда Sky Sports журналисти Лука Бендони Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар берди.
Манбанинг маълумотларига кўра, Торреснинг "Барселона" билан шартномасини узайтириши "жуда мураккаб" бўлиб кўринмоқда, айни вақтда "кўк-анорранглилар" Дортмунднинг "Боруссия" клуби ҳужумчиси Карим Адейеми билан шартнома имзолашни келишиб олишган.
Торрес "Барселона" таркибида 2022 йилнинг январидан буён тўп суради. Якунланган мавсумда 26 ёшли ҳужумчи барча мусобақаларда 49 та ўйинда қатнашиб, 21 та гол ва учта голли узатмани амалга оширди. Футболчининг клуб билан амалдаги меҳнат шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt порталида тақдим этилган маълумотларга кўра, ўйинчининг бозор қиймати 50 миллион еврони ташкил этади.



