

"Металлург" клубига бош директор сифатида қайтган Шавкат Саидов билан жамоадаги ҳозирги вазият, Пролигадаги рақобат, трансферлар ҳамда академия ва инфратузилма ривожи ҳақида атрофлича суҳбатлашдик.
— Нима деб ўйлайсиз, мавсум "Металлург" учун нега беқарор ўтмоқда? Сабабларини ташқаридан ва жамоа ичидан кузатиб, таҳлил қилиб кўрдингизми? Муаммо аслида нимада?
— "Металлург"ни юрагимнинг бир парчаси десам, муболаға бўлмайди. Мен Бекобод замини фарзандиман, бу мен учун жонажон клуб. Таҳлиллар шуни кўрсатдики: футболни алдаб бўлмайди.
2024 йилда Суперлигада ўз ўрнимизни сақлаб қолган эдик. Аммо 2025 йилда комбинатдаги вазият сабаб жамоанинг элитада қатнашмаслиги ҳақида қарор қабул қилинди. Бекободда бир йил футбол бўлмагани "Металлург"ни 3-4 йилга орқага ташлаб юборди.
Эндиликда клуб олдига жуда катта вазифа қўйилган ва амалдаги раҳбарият бошчилигида ҳаммасини қайтадан бошлашга тўғри келмоқда. Бир йил ичида янги жамоа шакллантириш мураккаб, аммо уддаласа бўладиган вазифа. Мутахассислар буни яхши тушунишади. Шунга қарамай, "мўъжиза" кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Албатта, бунинг учун катта маблағ талаб этилади. Тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, Пролигада ўз олдига юқори мақсадларни қўйган жамоаларнинг сметаси доим катта бўлади. Бу асосий омиллардан бири. Янги жамоада ҳам мураббийга, ҳам раҳбариятга оғир тушади.
Шу билан бирга, "Металлург"нинг мустаҳкам фундаменти сақланиб қолган. Академиянинг айрим объектларидан фойдаланган ҳолда мақсадли жамоа учун яхши инфратузилма яратиш мумкин. Жамоага қайтгунимгача бўлган муаммоларни ўрганиб чиқдим, футболчилар ва раҳбарият билан учрашдим. Айниқса, клуб президенти Баҳодир Абдуллаевга миннатдорчилик билдираман — барча қарздорликлар ёпиб берилди.
Ишни янги саҳифадан бошладик. Жамоани тиклаш учун база ва шароитлар етарли. Эндиги вазифамиз — ишни тўғри ташкиллаштириш ва тизимни изга солиш. Мураббийлар штабимиз ҳам тажрибали. Илҳом Мўминжонов ўз вақтида "Навбаҳор" билан юқори ўринларни эгаллаган, "Нефтчи"ни Пролигадан Суперлигага олиб чиққан.
Селекция масаласига келсак, кечикиш бўлгани аниқ. Чунки таркибни шакллантиришга фақат январь охирида киришилди. Қисқа вақт ичида максимал даражада сифатли футболчиларни жалб қилишга ҳаракат қилингани кўриниб турибди.
Пролиганинг охирги 2-3 та ўйинини бевосита стадиондан кузатдим. Бунгача "Ғазалкент" ва "Каттақўрғон" жамоалари иштирокидаги баҳсларни ҳам кўргандим. Пролигада ҳар бир жамоа сюрприз кўрсатишга қодир. Айниқса, ёш жамоаларда мотивация жуда юқори. Аммо 4-5 та клуб аниқ вазифа учун курашмоқда. Жуда мураккаб чемпионат кечмоқда ва даражаси бўйича Суперлигадан асло қолишмайди.
— Жамоанинг Суперлигага қайтиш вазифаси кенг жамоатчиликка эълон қилинган. Вазиятни қандай баҳолайсиз? “Металлург” Суперлигага чиқа олмаса фожиа ҳисобланадими?
— Яхши ният — ярим мол. Имкониятимиз ҳали ҳам сақланиб турибди ва бу ерда ҳеч қандай фожиа кўрмаяпман. Аниқ стратегия асосида мустаҳкам пойдевор яратиб, олдинга ҳаракат қилишда давом этишимиз керак.
Биринчи галда академияни қайта тиклаш зарур. 2021 йилда жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилиб, ажойиб академия барпо этилганди. 2-3 йил ичида уни мамлакатнинг кучли академиялари билан рақобатлаша оладиган даражага олиб чиққандик. Клуб ёпилгач, тарбияланувчиларнинг 70-80 фоизи тарқалиб кетди. Агар ўша тизим сақланиб қолганида, бугун асосий жамоамизнинг ярим таркибини айнан ўз академиямиз футболчилари ташкил этган бўларди.
Суперлигага чиқиш мақсадига эришиш мумкин, аммо бу машаққатли меҳнат талаб этади. Тизимни йўлга қўйиш ва кадрлар салоҳиятини қайта кўриб чиқиш учун барибир вақт керак. Бу жараён нафақат академияни, балки асосий жамоани ҳам қамраб олади.
— Ёзги трансфер ойнасидаги ишларга қандай баҳо берасиз? Жамоа кучайди дея оласизми?
— Ёзги трансфер мавсумида фаол бўлдик деб ҳисоблайман. Таркибга бир қатор легионерлар ва иқтидорли ёшларни таклиф этдик. Улар билан биргаликда виждонан меҳнат қилсак, натижа албатта келади.
Трансферлар давомида деярли барча чизиқларни кучайтирдик, фақат ҳужум чизиғига янги ўйинчи олишнинг имкони бўлмади. Ярим ҳимоя ва ҳимоя чизиқлари мустаҳкамланди. Нажмиддин Нормуродов, Жавоҳир Жўраев, Асадбек Каримов, Азиз Абдумўминов, Самандар Очилов, Жасур Азимов ҳамда легионер Марко Миличкович каби юқори савиядаги футболчилар сафимизга қўшилди. Ҳозирги таркибимиз билан бемалол Суперлигада ҳам рақобатлаша оламиз деб ўйлайман.
— Азим Аҳмедов, Мирзоҳид Ғофуров, Суҳроб Султоновнинг йўқлиги нима билан боғлиқ?
— Азим Аҳмедов "Ғазалкент"га қарши ўйинда орқа мушакларидан жиддий жароҳат олган эди. У кечадан бошлаб индивидуал машғулотларга киришди. Мирзоҳид Ғофуровда ҳам кичик жароҳат бор.
Дарвоза чизиғида Суҳроб Султонов ва Моҳирбек Комилов бор. Султоновнинг майдонга тушмаётгани соф ротация билан боғлиқ. Биз Суҳробнинг тажрибасига тўлиқ ишонамиз — у ҳам кийиниш хонасида, ҳам майдонда ҳақиқий етакчилик қила оладиган посбон.
— "Бунёдкор" академиясида фаолият олиб бораётган эдингиз. Академия ўзи муҳтож пайтида топган пулини клубга бериши тўғрими?
— Илгари ҳам "Металлург" академиясини юридик жиҳатдан алоҳида тузилма қилиш ташаббусини илгари сургандим, аммо ҳужжатлаштиришдаги муаммолар сабаб бу амалга ошмай қолганди. Тажрибада буни "Бунёдкор" академиясида қўллаб кўрдик. "Ўзбекнефтгаз" раҳбарияти қарори ва низом асосида иш юритганимиз сабабли молиявий томондан катта ўсишга эришдик.
Академия клуб тасарруфида бўлиши ва унга бўйсуниши шарт, аммо унинг оператив фаолияти ва харажатлари алоҳида юритилса, бу клуб раҳбариятига енгиллик туғдиради. Клуб раҳбарининг академиядан ташқари ишлари ҳам етарлича. Академияга халақит бермасдан, унинг фаолиятини ҳар ой ёки ҳар кварталда таҳлил қилиб туриш кифоя. Мустақиллик катта академия учун кучли туртки бўлади.
Маълумот учун: 2024 йилда 2 миллиард сўмдан ортиқ фойда билан чиққан академиямиз, 2025 йилга келиб 10 миллиард сўмга яқин даромад келтирди. Ўшанда "Ўзбекнефтгаз" томонидан академия олдига 4,6 миллиард сўмлик режа қўйилганди. Кетишимдан олдин 7 миллиард сўмга яқин даромад қайд этгандик. Бугунги раҳбарият мавжуд муаммолар ва ойлик маошларни босқичма-босқич ёпади деб ишонаман. Болалардан тушган ҳамда режадан ташқари маблағлар академиянинг ўзига йўналтирилса, тизим янада ривожланади.
— Академияда майдонлар таъмир талаб ҳолатда, электр, сув билан боғлиқ муаммолар борлиги айтилган. База нима учун бундай ҳолатга келиб қолди?
— "Бунёдкор" академиясидаги шароитларга келсак — электр энергиясида узилишлар бўлаётгани ҳақида эшитяпман. Бу клубнинг бугунги молиявий ҳолати билан боғлиқ бўлса керак. Нима бўлган тақдирда ҳам, "Бунёдкор" академиясининг инфратузилмаси республикада биринчилардан бири ва бу мавқени сақлаб қолиш зарур.
— Илҳом Мўминжоновнинг ишидан клуб қониқиш ҳосил қиляптими? Мураббийларга нисбатан танқидлар кўп учрамоқда...
— Мураббийлар штаби билан очиқ суҳбатлашиб олдик. Биринчи даврадан кейинги эгаллаб турган ўрнимиз ва натижалар "Металлург" номига мос эмас. Аммо қарс икки қўлдан чиқади — бу ерда фақат мураббий эмас, балки раҳбариятдан тортиб барча ходимлар бирдек меҳнат қилиши керак. Ғалаба ҳам, мағлубият ҳам ҳаммамизники. Ҳозирги вазиятда барча айбни фақат мураббийга тўнкаш нотўғри.
Футболчилар билан ҳам суҳбатлашдик. Ҳаддан ташқари кўп йиғилиш ўтказиш жамоага салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Йигитлар майдонда борини бериб ўйнашяпти, клуб учун жон куйдиришмоқда. Энг қувонарлиси, "Металлург" ва "Арал" ҳозирда энг кўп гол урган ҳамда энг кўп мухлис йиғаётган жамоалар ҳисобланади. Бу "Металлург"га бўлган қизиқиш юқори эканидан далолат беради.
Август ойида тиғиз ўйинлар графиги — "Boxing Day" кутмоқда. Қисқа вақт ичида янги келган мураббий нимадир кескин ўзгариш қилиши қийин. Шу сабабли мавжуд таркиб ва мураббийларга ишонишда давом этамиз. Танқид бўлгани яхши — бу жамоанинг ишлаётганини кўрсатади. Фақат ишламаган одамгина танқид қилинмайди.
Жўжани кузда санаймиз. Олдинда бизни ҳал қилувчи баҳслар кутмоқда ва бу йўлда бизга мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлаши жуда зарур. Қаттиқ меҳнатдан тўхтамаслигимиз ва ҳар бир йўналишда тизимни тўғри йўлга қўйишимиз керак. Яқинда АҚШда бўлиб қайтганимда яна бир бор амин бўлдимки: мураббий ва футболчилар ўз устида тинимсиз ишлаши шарт.



