Инфантино ФИФА раҳбарлиги сайловлари олдидан уч ой ичида 30 дан ортиқ мамлакатга ташриф буюрди

15 ноя 2026, 14:49
ФИФА президенти Жанни Инфантино 2027 йилнинг март ойида бўлиб ўтадиган ташкилот раҳбарлиги сайловлари олдидан ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди.

Financial Times нашрининг хабар беришича, август ойи бошидан буён Инфантино 30 дан зиёд мамлакат ва ҳудудларга бориб, ўнлаб футбол мулозимлари ҳамда 12 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашган.

ФИФА президенти Осиё ва Кариб минтақасига алоҳида эътибор қаратди. Бутанга ташрифи чоғида у қирол, бош вазир ва маҳаллий футбол федерацияси раҳбари билан мулоқот ўтказди. Орадан бир неча кун ўтгач, Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Инфантинонинг қайта сайланишини қўллаб-қувватлашини эълон қилди.

Ваҳоланки, бундан бир неча ой олдин ОФК УЕФА ва КОНКАКАФ билан биргаликда ФИФА раҳбарини ташкилотнинг тижорий бизнесидаги улушини инвесторларга сотишга урингани учун кескин танқид қилган эди.

Шунингдек, сайловларда овоз бериш ҳуқуқига эга 25 та федерацияни бирлаштирган Кариб футбол иттифоқи ҳам Инфантинога хайрихоҳлик билдирди. Аввалроқ ФИФА президенти август ойи ўрталаридан бери ушбу минтақага уч маротаба ташриф буюрганди. Шу билан бирга, ФИФА 2027–2030 йиллар оралиғида 211 та миллий ассоциациянинг ҳар бири учун молиялаштириш ҳажмини 10 миллион доллардан 25 миллион долларгача оширишни таклиф қилди.

Инфантинонинг танқидчилари унинг сафарларини сайловолди кампанияси сифатида баҳолашмоқда. Хусусан, август ойида Иордания футбол федерацияси раҳбари шаҳзода Али бин Ҳусайн ФИФАни шантажда айблаб, ташкилот президентни қўллаб-қувватлаш эвазига федерация муаммоларини ҳал қилишда ёрдам таклиф этганини маълум қилганди. Кейинчалик ОФК унинг ушбу баёнотларини ўз адлия органларига кўриб чиқиш учун оширди.

ФИФА эса Инфантинонинг сафарларига нисбатан билдирилаётган эътирозларни рад этиб, миллий федерациялар ва сиёсий раҳбарлар билан алоқаларни сақлаб туриш президентнинг бевосита вазифасига киришини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Инфантино 29 сентябрда Тошкентга учиб келган эди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: Financial Times

Сўнгги янгиликлар

Барча ›