"Базада бир неча ойдан буён иссиқ сув йўқ. Ривалдо билан бўлган ҳолат қайтарилмаса бўлгани" - Илёс Зейтуллаев ёрилди

Абдулвосит Бектемиров
3 апр 2026
"Бунёдкор" бош мураббийи Илёс Зейтуллаев клубдаги молиявий ҳақида фикр гапириб ўтди.

Бир неча кун аввал "Бунёдкор"нинг япониялик легионери Итсуки Урата бир неча ойдан буён маош тўланмаётгани туфайли жамоани тарк этгани ҳақида хабар берган эдик. Кеча "Локомотив"га қарши кечган ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Илёс Зейтуллаев молиявий ҳолат бўйича батафсил маълумот берди.

- Кеча ОАВ Итсуки Урата жамоани бир неча ойдан буён маош тўланмаётганлиги туфайли тарк этгани маълум қилинди. Ҳар бир ўйиндан сўнг сизга молиявий ҳолат ҳақида савол берилмоқда. Клубдаги аҳвол футболчилар жамоани тарк этишга бораётганчалик оғирми? Ҳолат ҳақида батафсилроқ маълумот берсангиз...

- Барчангиз нима бўлаётганини кўриб турибсиз. Мен эса мураббий сифатидаги назарим билан бўлишмоқчиман. Урата жамоани тарк этган тўртинчи футболчи. Дастлаб жамоани Дилшод Аҳмадалиев тарк этди. Кейин эса италиялик таҳлилчимиз. У ҳозир Б Сериянинг "Падова" клубида ишламоқда. Яхшиямки, таҳлилчи жамоа билан яхши кайфиятда хайрлашди. У жамоани тарк этаётганидан афсусда эди, аммо ҳозирги ҳолатимизда бошқа ечим йўқ. Мартин Шролер ҳам шу сабабли жамоани тарк этди. У ФИФАга мурожаат қилган. Мана энди Урата жамоамизни тарк этди ва ФИФага хат ёзди. Мен жамоамдан хавотирдаман. Мен бош мураббийман. Бундай жиддий саволлар, айниқса молиявий ҳолатимиз билан боғлиқ саволларни раҳбариятга берсангиз тўғрироқ бўлади. Улар саволингизга батафсилроқ жавоб бера олишади. Бош мураббий сифатида эса бир нечта футболчилар ва ходимлар клубни тарк этишини катта йўқотиш деб қабул қиламан. Ҳар бир йўқотиш биз қураётган лойиҳага таъсир ўтказади. Бу бизнинг касбимиз, ахир. Биз қанчалик профессионал бўлмайлик, тўрт ойдан буён маош олмаётган ҳар бир инсон ўзгаради. Ҳаммамизнинг оиламиз бор. Мен мураббий сифатида шу нарса ҳақида кўп ўйлаяпман ва хавотирдаман. Ривалдо билан бўлган ҳолат қайтарилмаса бўлгани деб ўтирибман. Билмадим. Бу ҳақда раҳбариятдан сўраганингиз маъқул.

Ўзингиз биласиз, кўпчилик инсонлар футболчилар кўп ойлик олишади ва ҳоказо деб гапиришади. Сизлар эса футболчиларнинг нималар ўтиб келаётганини биласиз ва бу ҳақда савол беряпсиз. Эртага биз тикланиш машғулотларини олиб боришимиз керак. Бир неча кундан сўнг "Машъал" билан ўйнаймиз. Базада бир неча ойдан буён иссиқ сув йўқ. Профессионал жамоа учун ғалати ҳолат. Эртанги машғулотни қандай ўтказиб олишимизни билмайман, очиғи. Бундай давр мобайнида ўйинчилар жароҳат олиши мумкин.


Абдулвосит БектемировМуаллиф
Манба: championat.asia