Ғолиб иккинчи ўринга чиқиб олади. "Барселона" ЕЧЛ финалчисига қарши куч синашади
11 дек 19:21
Янгиликлар
Ғолиб иккинчи ўринга чиқиб олади. "Барселона" ЕЧЛ финалчисига қарши куч синашади
Жадвал нуқтаи назаридан олсак, куннинг марказий учрашуви айнан Дортмундда мезбон "Боруссия" ва "Барселона" ўртасида бўлади.
Каталонияликлар "Ливерпул"ни қувишда давом этмоқда
Флик шогирдлари Дортмундда меҳмон бўлишади. У ерда эса уларни Чемпионлар Лигаси финалчиси кутмоқда. "Реал"га имкониятни бой берган "Боруссия" бош мураббийини алиштирди ва энди жамоани Шахин олдинга бошламоқда. Немислар еврокубокларда исталган гранд учун хавфли рақиблигича қолмоқда. Ҳозирнинг ўзида дортмундликлар "Барселона" сингари 12 очко тўплаб бўлишди. Каталонияликлар исталган ҳисобдаги ғалабани қўлга киритса, иккинчи ўринга кўтарилиб олади. Чунки кучли саккизликнинг барча қолган жамоалари кеча ўйнаб бўлишди.
Дуранг ҳам қониқарли натижа бўлади, аммо унда қатор клублар билан иккинчи ўринни бўлишишга тўғри келади. Мисол учун сенсацияларда давом этаётган "Брест" билан. "Арсенал", "Монако" ва "Бавария" ҳам унчалик ортда қолиб кетмаган. Ҳисобида ўн очкоси бор жамоалар ҳам кам эмас. "Барселона" дурангга қаноат қилмаса ажабмас, улар плей-офф масаласини имкон қадар тезроқ ҳал қилишга уринишади, мусобақанинг янги форматини ҳисобга олса, мотивация янада кучаяди.
Биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар плей-оффда устунликка эга бўлади. Биринчидан, улар финалгача ўзаро тўқнаш келмаслиги кафолатланади. Иккинчидан, жадвалда қанчалик юқори жойлашсангиз, рақибингиз шунчалик кучсиз бўлади. "Реал" ва ПСЖнинг омадсиз старти бироз чалкашликларга сабаб бўлгандир, лекин у кўпроқ ўтиш босқичида кучсизроқ рақиб мўлжаллаганларга тааллуқли. "Барселона" бирданига 1/8 финалга чиқиши зарур.
Хави давридаёқ кўрингандики, плей-офф баҳсларида "Барса" ўзини қулай ҳис қилмайди. "Монако"дан учралган мағулбият, жамоани сергак тортишга мажбур қиладиган тарсакидек бўлди, десак муболаға бўлмас. Ла Лигадаги охирги учрашувларда ҳам жамоага стабиллик етишмаяпти – сўнгги 5 та турда 1 та ғалаба. Кам эмас, кўп эмас 10 очко йўқотилди ва энди "Реал" захирадаги ўйинида "Валенсия"ни таслим қила олса, азалий рақибини қувиб ўтади. Флик ҳам айнан стабиллик етишмаётганидан жиддий ташвишда. Узоқ давом этадиган чемпионатда Анчелотти ва Симеонега қарши бу каби совғалар бераверса, чемпионликни ўйламаса ҳам бўлади.
Чемпионлар Лигасида "Барселона"га ҳар бир ғалаба муҳим. Қолган ҳамма жиҳатлардан ташқари, муҳим бир фактор — бу пуллар. ТОП-8га кира олган клубларга қўшимча 11 миллион евро мукофот пули берилади. Деярли 19 миллион евро умумий босқичдаги иштирок учун ишлаб олинди. Ҳар бир ғалаба — 2.1 миллион евро. Бироқ учрашувда дуранг қайд этилса, ҳар икки клуб 700 мингдан олади холос. Яна шунча пул мусобақа бюджетига бориб тушади. Умумий босқичдан сўнг, энг яхши жамоалар миллионлаб евроларни бўлишиб олишади.
Шахин "Боруссия"сига гранд устидан қозонилган ғалаба зарур
"Арилар" мавсумнинг энг тушунарсиз жамоаларидан бири, десак муболаға бўлмайди. Старт ёмон бўлмади, аммо кейин "Штутгарт"га 1:5 ҳисобида имконият бой берилди, маълум вақт ўтиб, тажрибали Рожерс бошчилигидаги "Селтик"ни 7:1 ҳисобида мағлуб этилди. "Боруссия" вазиятни бошқаришда қийинчиликларга дуч келмоқда. Ёш, ҳали тажрибасиз Шахин 3 та мағлубиятли серия аламини ҳам тотиб кўришга улгурди. Дортмунд жамоаси деярли ҳар ўйинда нимадир кўрсатишга муваффақ бўлмоқда, бироқ ҳимоядаги хатолар ҳам етарлича. Охирги баҳсларда "Бавария" ва Менхенгладбахнинг "Боруссия"си билан 1:1 ҳисобидаги дуранглар қайд этилди.
Жамоага руҳий трамполин керак ва уни "Барселона" сингари номдор рақибга қарши баҳсда топиш бир мунча осондек. Фликнинг "фишкаси"ни сал-пал футбол кўрадиган мухлис ҳам билиб улгурган – ҳимоя чизиғи анча юқори чиқиб, ҳаракат қилади. Вазифа оддий — офсайдга тушмаслик. Шунда Пенья дарвозаси томон йўл очилади. Фақат бу иш қоғозда, гапда осон, амалда ҳамманинг ҳам қўлидан келмаяпти. Флик жароҳатлар эпидемияси ёки дисквалификациялардан деярли азоб чекмаяпти, Дортмундда ҳамк кўплаб етакчилар майдонга туша олади, аммо ноябрнинг сўнгги кунида "Лас-Пальмас" ҳам "Барса"ни мағлубиятга учратишни уддалади. Табиийки, "Боруссия" ҳам имкон топиши билан омадини рақиб дарвозаси яқинидан излайди.
Бу вазиятда нейтрал мухлис учун битта ёмон томони, ҳар икки клуб ҳозирги вазиятда дурангни "мағлубиятдан яхшироқ натижа" сифатида қабул қилиши мумкинлиги. Бироқ ҳар икки клубнинг эҳтиросга берилишини инобатга олсак, ким ғалаба қозонишини ишонч билан таъкидлаш мушкул. Тўғри, объектив қаралса, "Барселона" кучлироқ, лекин "Боруссия" фойдасига ҳам фактлар топиш мумкин. Улардан бири стадионда ўзгача атмосфера яратадиган "сариқ фанатлар". Шундай экан, Рафинья, Ямал ва Левандовскига осон бўлмаслиги аниқ.
"Боруссия"нинг ҳимоя чизиғи қандай ҳаракат қилиши ҳам қизиқ. Каталонияликлар плеймейкери Ольмога эркин ҳаракат қилишга имкон қолдирмаслик зарур. Ахир Дани "Лейпциг" сафида 5 йил давомида тўп тепган ва Дортмунд клуби қандай ҳаракат қилиши борасида тасаввурга эга. Бу борада Левандовскини ҳам унутмаслик зарур. Роберт кўплаб голлар урган қадрдон стадионига қайтади. Бугун "арилар"нинг ишонган ҳужумчиси эса Гирасси. Гвинеялик Шахиннинг ишончини оқламоқда, ЕЧЛ баҳсларида у 4 та гол урди ва 2 ассист қайд этди. Адейеми ва Гиттенс ҳам унга яқиндан ёрдам беришмоқда.
Исталган рақибга тик қарай олиш - чинакам топ жамоа ҳислати
Нури Шахин бу баҳсда фаворит йўқлиги ва "Боруссия" "Барселона" билан бир хил даражада ўйнаётганини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, "арилар" устози 36 ёшда ва у Левандовски билан тенгдош. "Реал"нинг собиқ хавбеки доимо чўрткесарлиги билан ажралиб туради. Шу сабабли, у каталонияликлар устидан ғалабага бу қадар ишониши кишини ажаблантирмаяпти. Устига-устак, Фликнинг аввалги рақиблари Шахинга йўл кўрсатиб беришди. "Барселона" ҳимоясида камчиликлар ҳали кўп. Ҳаттоки Кубарси сингари истеъдодлар ҳам қўпол хатоларга йўл қўймоқда.
Франциялик қанотда Дани Алвес сингари тинмай тер тўккандан, ҳимоя марказини хуш кўришини айтган бўлса ҳам. Жюль Кунде ўнг қанотда ҳужумларга фаол қўшилмоқда ва доим ҳам ҳимояда ишончли ўйин намойиш этмаяпти. Флик таркибга Касадо қайтганидан мамнун, лекин Педри билан биргаликда биринчи пас беришда уста бўлган икки иқтидор марказда кўп бўш зоналар қолдиришганди. Ольмо, Ямал ва Рафинья доим ҳам прессингда фойдали ҳаракат қилишмайди. Левандовски эмас исталган форвард сингари ҳар битта вазиятдан гол ура олмайди.
Лекин Шахин хато қилмоқда, Дортмунддаги ўйинда фаворит бор. Шунга қарамай, у айтганидек ғалаба "Боруссия"га ҳам насиб қилиши мумкин. Голларга бой бўлган дуранг эҳтимоли ҳам анча юқори. ЕЧЛ финалига чиққан "Боруссия" футболчиларига каттагина тажриба бергани турган гап. Тўғри, "Реал"га қарши ҳал қилувчи баҳснинг ҳаммма ҳам иштирокчиси бугун майдонга туша олмас, лекин маҳорат ва иштиёқ немисларда рақибдан кам эмаслиги аниқ.
Ҳар икки жамоа ҳужум қилишни, голлар уришни хуш кўради. Шундай экан, "Реал" билан бўлгани каби зарбалар алмашинувига гувоҳ бўлишимиз ҳам, ўта прагматик ўйин гувоҳи бўлишимиз ҳам мумкин. Сабаби "Барселона" гол ўтказишдан зериккани аниқ. Каталонияликлар охирги саккиз ўйинда фақат 1 марта гол ўтказмади. Ҳужумдаги тўртликка умуман саволлар қолмаган ўйинда ҳам, ҳимоячиларга эътироз топиляпти. Таъкидлаш лозим, тажрибали Кристенсен ва Араухо жароҳатлардан кейин ҳали 100%га тайёр эмас. "Барселона"га гол урса бўлади.
"Боруссия" ҳам стабиллик борасида мақтана олмайди. Қўшимчасига, каталонияликлардан фарқли равишда "Боруссия" Бундеслигада етакчилик уёқда турсин, кучли бешталикда ҳам йўқ. Лекин қизиқ томони, "арилар" бундан ёмон ўйин кўрсатиб бўлмайди, деган вазиятдан бир ой ўтиб, исталган мураккаб рақибни "меҳмон" қилишлари мумкин. Ўзига хос жамоа ва буни Флик яхши билади. Хансининг "Боруссия"га қарши статистикаси ҳозирча 5/5. Юз фоизлик натижа, аммо бугун янги тўқнашув, янги имтиҳон. Ухлаб қолманг, бизни қизиқарли ўйин кутмоқда!
Боруссия Д Серу Гирасси - 60', Серу Гирасси - 78' |
Лига Чемпионов . 6-тур 12/12/2024, 01:00 3
:
2
Тугади
|
Барселона Рафинья - 53', Ферран Торрес - 75', Ферран Торрес - 85' |
Стадион: Signal Iduna Park
Бош ҳакам: Francois Letexier
Фикрлар