

Ўмон терма жамоаси футболчининг голдан кейин футболкасини ечиб нишонлагани сабабли плей-офф йўлланмасидан маҳрум бўлиш хавфи остида қолди.
Турнирда 4 тадан жамоа иштирок этган икки гуруҳ бор ва ҳар бир гуруҳдан энг яхши икки жамоа ярим финалга чиқади. "А" гуруҳининг сўнгги турида Саудия Арабистони Ироқни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, биринчи ўринни эгаллади. Параллел учрашувда эса Ўмон Кувайт устидан 3:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди.
Ўмонликлар тўғридан-тўғри ярим финалга чиқиши мумкин эди. Бироқ жамоа ҳимоячиси Мусъаб Ал-Шаксий сўнгги голни нишонлаш вақтида футболкасини ечиб юборди ва сариқ карточка олди.
Натижада Ўмон ва Ироқ очколар, урилган ва ўтказиб юборилган голлар, ҳатто олинган карточкалар сони бўйича ҳам мутлақо тенг кўрсаткич қайд этди.

Орадан бир неча соат ўтиб, Жидда шаҳрида плей-офф йўлланмасини аниқлаш учун қуръа ташланди. Қуръа Ўмон фойдасига ҳал бўлди — энди жамоа плей-офф босқичида иштирок этади.
Қайд этиш жоиз, XXI асрда йирик мусобақаларда бундай ҳолатга ҳали дуч келинмаган. Қуръага энг яқин ҳолат 2018 йилги Жаҳон чемпионатида Япония ва Сенегал ўртасида юзага келган, аммо ўша пайтда жамоаларнинг сариқ карточкалари сонидаги фарқ ғолибни аниқлаш учун етарли бўлган.



