

Италия ва Франция Миллатлар лигасининг 3-турида ўзаро баҳс олиб боради. Бастони учун бу учрашув 2025 йилги Чемпионлар лигаси финалини ҳам ёдга солади. Ўша баҳсда унинг "Интер"и ПСЖга 0:5 ҳисобида мағлуб бўлган.
"Ўша кеча, афсуски, хотирамда оғир из қолдирди. Ҳаммамиз нима бўлгани ва учрашув қандай якунланганини биламиз. Эҳтимол, бу биз учун энг ёмон, улар учун эса энг яхши кеча бўлгандир. Шунинг учун ягона умидим — бу сафар ҳаммаси ўша вақтдагидан бошқача кечиши.
Ҳар бир футболчидан ажойиб ўйин талаб этилади. Чунки ҳозирги кунда дунёнинг энг яхши беш футболчисидан иккитасига қарши ўйнаймиз, деб ўйлайман", — деди Бастони.
Ҳимоячи Усмон Дембеле ва Дезире Дуэга қарши ҳаракат қилиш осон бўлмаслигини таъкидлади.
"Бу жуда мураккаб вазифа. Дембеле ҳам, унинг ҳужумдаги шериклари ҳам ажойиб футболчилар. Биз ҳимояда жуда ишончли ўйнашимиз ва майдондаги барча 11 футболчи сифатида бир бутун жамоа бўлиб ҳаракат қилишимиз керак.
Францияга муаммо туғдиришнинг ягона йўли — ўз футболимиздан воз кечмаслик ва тўп назоратидан қўрқмаслик", — деди Бастони матбуот анжуманида.



