

The Athletic хабарига кўра, FairSquare нодавлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ФИФАнинг бошқарув, аудит ва норматив талабларга риоя этиш қўмитасига мактуб йўллаб, Инфантинони 2027 йил март ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ўз номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўради. Чунки амаaldagi муддат швейцариялик амалдор учун президентлик лавозимидаги учинчи муддат ҳисобланади – регламентга кўра, ФИФА раҳбарининг ваколат муддати уч муддат билан чекланган.
Шу билан бирга, 2022 йилда қўмита Халқаро футбол федерацияси раҳбари сифатидаги Инфантинонинг биринчи муддати ҳисобга олинмаслиги ҳақида қарор қабул қилган эди, чунки у Йозеф Блаттернинг муддатидан олдин тўхтатилган бошқарув даврини якунлаб қўяётган эди.
"Биз сизга жаноб Инфантино ўзнинг учинчи ва сўнгги муддатини ўтаётганлиги сабабли уни ФИФА президенти лавозимига номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилишни сўраб мурожаат қиламиз. Бошқарув, аудит ва норматив талабларга риоя этиш қўмитасининг унинг биринчи ваколат муддатини бекор қилиш ҳақидаги олдинги қарори ФИФАнинг президентлик муддатини чеклаш қонуни мазмуни ва мақсадини яққол бузади.
На низом, на ФИФА бошқарув қоидалари президентлик муддати тўрт йилгача давом этмаган тақдирда уни ҳисобга олмаслик мумкинлигини назарда тутмайди.
Низомда ҳеч қандай фарқлашларсиз "ҳеч бир шахс президент лавозимини уч муддатдан ортиқ эгаллаши мумкин эмас" деб очиқдан-очиқ ёзилган. Бу қоиданинг мазмуни аниқ ва тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган ваколат муддатига ёки сайловлар бўлиб ўтган конгресс турига – навбатдаги ёки навбатдан ташқари эканлигига асосланган ҳеч қандай истисноларни назарда тутмайди. Лавозимда бўлган илк уч йилни ҳисобга олмайдиган талқин шунингдек бу қоиданинг руҳи ва мақсадига ҳам зид келарди", – дейилади мактуб матнида.
Бундан ташқари, FairSquare Инфантино кейинги муддат тугагунига қадар навбатдан ташқари сайловларни тайинлаш орқали ўз ваколатларини узайтириш учун яна шундай талқиндан фойдаланиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида ташкилот ФИФА этика қўмитасига Инфантинонинг Дональд Трамп билан алоқалари ва АҚШ президентига ФИФА Тинчлик мукофоти топширилгани сабабли сиёсий бетарафлик бузилганлиги юзасидан шикоят қилган эди. Кейинчалик бу шикоятни Норвегия футбол ассоциацияси қўллаб-қувватлади.



