

Баёнотда клубнинг Ўзбекистонга бўлажак сафари олдидан жиддий ташкилий муаммолар юзага келгани маълум қилинган.
Клуб раҳбариятининг таъкидлашича, жамоанинг Ўзбекистонга парвоз қилиши учун жума ва шанба кунлари авиачипталар мавжуд эмас, фақат пайшанба ёки Осиё Чемпионлар Лигаси ўйини бўлиб ўтадиган кунгагина чипта топиш мумкин бўлган. Шунга қарамай, Ироқ футбол ассоциацияси маҳаллий чемпионат доирасидаги "Ал-Завра"га қарши учрашувни жамоанинг Ўзбекистонга учиб кетиши керак бўлган кунга белгилаган ва уни қолдиришдан бош тортган.
"Ал-Қува Ал-Жавия" мутасаддилари ушбу қарор жамоани ё ички чемпионат баҳсидан, ёки Элит Осиё Чемпионлар Лигаси учрашувидан воз кечиш танлови қаршисида қолдираётганини билдирган. Маҳаллий лига баҳсини бошқа санага кўчириш бўйича сўровлар қаноатлантирилмагач, клуб мажбурий чора қўллашга қарор қилган.
Клуб берган сўнгги маълумотга кўра, ассоциация томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмагани сабабли "Ал-Қува Ал-Жавия" делегацияси Ўзбекистонга ягона таркибда эмас, балки гуруҳларга бўлинган ҳолда, ҳар куни алоҳида парвозлар орқали етиб келади. Бу ҳолат футболчиларнинг Ўзбекистонда тўлиқ таркиб билан бирорта ҳам машғулот ўтказа олмаслигига олиб келиши алоҳида қайд этилган. Клуб раҳбарияти маҳаллий федерациянинг бундай тутган йўлини режалаштиришдаги жиддий хато деб баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, "Эйр Форс" 14 сентябрь куни Фарғонада "Нефтчи"га қарши ўйин ўтказади. Учрашув 18:45 га белгиланган.



