

У ўз баёнотида бу қадамни "масъулиятсиз ва жаҳон футболига парчаланиш олиб келадиган" деб атади. "Жаҳон чемпионати сотилмайди. Бу ФИФА президентининг хусусий инвестиция активи эмас. Унинг қадри кун сайин лигалар, клублар, ўйинчилар ва мухлислар томонидан яратилади, уларга эса бу масалада овоз бериш ҳуқуқи берилмаяпти. Европа лигалари бу таклифни қатъиян рад этади. Футболнинг муваффақияти ҳамиша очиқ пирамидал тузилмага ҳамда миллий ва халқаро футбол ўртасидаги нозик мувозанатга асосланган. Тижорий имкониятлар ушбу асосларни қўллаб-қувватлаши керак, уларни ўзгартириб юбориш хавфини туғдирмаслиги лозим. Бу шаффоф бўлмаган жараён ва бир томонлама таклиф ФИФАдаги узоқ муддатли қарорлар қабул қилиш моделининг бир қисмидир. Айнан мана шу модель ассоциацияни Еврокомиссияга шикоят қилишга ундади, чунки ФИФАнинг халқаро ўйинлар тақвими бўйича ўз қарорларини мажбуран ўтказиши устун мавқедан суиистеъмоллик қилиш ва Европа рақобат ҳуқуқини бузиш ҳисобланади. Тақвим ва мусобақаларга оид таклифлар манфаатдор барча томонларнинг реал иштироки ва розилиги билан шаффоф, ҳисобдор ва инклюзив жараёнлар орқали ишлаб чиқилиши керак — худди Европа Иттифоқи Суди 2023 йилдаги Суперлига иши бўйича қарорида тўғридан-тўғри кўрсатиб ўтганидек. Биз бу масала бўйича Еврокомиссия билан конструктив учрашувлар ўтказдик ва унинг томонидан қабул қилинадиган юридик қарорлар мухлислар ва футбол жамоасининг манфаатларига хизмат қилишида давом этишига ишончимиз комил. Европа лигалари ўйин манфаатларини узоқ муддатли истиқболда ҳимоя қилиш учун УЕФА билан биргаликда ишлашни давом эттиради. Ишонамизки, бутун дунёдаги федерациялар ва миллий ассоциациялар ФИФА президентининг ушбу таклифини диққат билан ўрганиб чиқиб, худди шундай йўл тутишади", – дейилади хабарда.



