

Апрель ойи охирида Таж бошчилигидаги Эрон делегацияси ФИФА конгрессида иштирок этиш учун Ванкуверга учиб келганди, бироқ "иммиграция ҳукуматининг ҳурматсиз муносабати сабабли" ватанига қайтишга қарор қилган.
Канада иммиграция вазири Лена Метледж Диаб кейинчалик Эрон футбол федерацияси раҳбарининг визаси у самолётда бўлган вақтида, унинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) билан алоқалари туфайли бекор қилинганини тасдиқлади.
"У ерга боришимиз учун тизимимиз рамзларини, айниқса Ислом инқилоби муҳофизлари корпусини ҳақорат қилишга ҳақлари йўқлиги ҳақида бизга кафолат керак. Улар бунга жиддий эътибор қаратишлари лозим. Агар улар шундай кафолат беришса ва мажбурият олишса, Канадада содир бўлган воқеа каби ҳолатлар бошқа такрорланмайди.
Биз йўлланма олган Жаҳон чемпионатига боряпмиз, бизни қабул қилувчи томон эса жаноб Трамп ёки Америка эмас, балки ФИФА ҳисобланади. Агар улар бизни қабул қилишга рози бўлишса, ҳарбий институтларимизни ҳеч қандай тарзда ҳақорат қилмасликларини ҳам тан олишлари керак. Чунки, агар улар шундай қилишса, табиийки, бу Канададагидек вазиятга олиб келиши мумкин – ва ўшанда биз орқага қайтишимизга тўғри келади.
Шу сабабли, у ерга хотиржам боришимиз учун мана шундай кафолатлар берилиши шарт", – деди Таж IRIB нашрига берган интервьюсида.
ЖЧ-2026 мусобақаси 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади.
АҚШ 2019 йилда ИИМКни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Канада эса худди шу ишни 2024 йилда амалга оширган.



