Энрике: "Рома" — ПСЖ ушбу мавсумда тўқнаш келган энг кучли рақиб"

Sherzod Nurmatov
26 ноя 2026, 12:55
ПСЖ бош мураббийи Луис Энрике Чемпионлар Лигаси умумий босқичининг 5-турида "Рома" билан қайд этилган дурангдан (2:2) сўнг Рим жамоасини мақтади.

"Бу жуда оғир ўйин бўлди. Буни бошиданоқ кутгандик ва "Рома" бутун 90 дақиқа давомида шундай шиддатни сақлаб қолди. Рақиб тинимсиз прессинг қилди ва ҳатто бир очкодан кўпроғига ҳам муносиб эди. Жамоамнинг ўйинидан жуда мамнунман, аммо тан олишим керак — бу биз ушбу мавсумда дуч келган энг кучли рақиб.

Бундай баҳсларда тўп йўқотилгандан сўнг уни тезда қайтариб олиш жуда муҳим. Рақиб бутун учрашув давомида буни аъло даражада уддалади, шунинг учун дурангдан қониқдим. Бу ҳақиқатан ҳам биз учун жорий мавсумдаги энг қийин ўйин бўлди".

ПСЖ 13 очко билан ЧЛ умумий босқичи турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. "Рома" эса 5 очко жамғариб, 25-поғонага кўтарилди.

Ўхшаш янгиликлар

Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: ESPN