"Ал Холидия" бош мураббийи Горан Томич ўйиндан кейин "Насаф"нинг энг кучли томони ҳақида гапирди

26 ноя 2026, 09:45
ОЧЛ 2 гуруҳ босқичидан ўрин олган "Насаф" - "Ал Холидия" (1:0) учрашувидан сўнг матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманида дастлаб "Ал Холидия" бош мураббийи Горан Томич иштирок этди.

- Аввало "Насаф"ни ғалаба билан табриклайман. Учрашув қийин кечишини билардик. Биринчи тайм тенг курашлар остида ўтди. Ўйиннинг боришидан ким биринчи голни урса устунликни қўлга олиши маълум бўлди. Биринчи таймда қулай имкониятга эга бўлдик ва гол уришимиз керак эди. Иккинчи таймда "Насаф" ўз имкониятидан фойдаланди. "Насаф" ҳимояда бизни кутиб олди ва қарши ҳужумларга эътибор қаратди. Бу услубни рақибнинг энг кучли томони дея оламан. Биз ҳам ҳаракат қилдик, бироқ тўп кирита олмадик ва якунда мағлубиятга учрадик.

- Сизнингча, мағлубият асосий сабаби нимада?

- Асосий сабаб гол ура олмаганимизда. Биринчи таймдаёқ тўп киритишимиз керак эди. "Насаф" гол уриб олгач ҳимояни мустаҳкам ушлади. Вазиятлардан фойдаланганимизда ўйин бошқача кечиши мумкин эди.

- Жамоангиз салоҳият жиҳатдан кучли, лекин бугун шунга яраша ўйин кўрмадик.

- Бир нечта футболчимиз майдонга туша олмади. Айниқса ҳимояда ўзгаришлар қилишга мажбур бўлдик. Вингерлар ўзгарди, ҳужумда ҳам бошқа футболчи ўйнади. Шунга қарамай жамоам ёмон ҳаракат қилмади, ҳамма бор кучини берди.

- "Насаф" сафида қайси футболчиларни алоҳида эътироф этасиз?

- Рақибда кучли ўйинчилар кўп. Мен одатда индивидуал футболчиларга эътибор бермайман. Кўпроқ жамоавий ўйинни кузатаман. Лекин алоҳида айтадиган бўлсам, 7-рақамдаги (Аденис Шала), 14-рақамдаги (Шароф Муҳитдинов) ва 10-рақамдаги (Бобир Абдихолиқов) футболчилар илиқ таассурот қолдирди.

- Гуруҳдаги вазият ҳақида нима дея оласиз?

- Биз охиригача курашамиз. Ҳар учала жамоада гуруҳдан чиқиш имконияти бор. Кейинги тур "Қувайт СК" билан баҳсда ғалаба қозонишга ҳаракат қилди.

Ўхшаш янгиликлар

Манба: championat.asia