Элдор Мойлиев: "Тўғриси, фақат ғалабани кўзлаб майдонга чиққандик"

1 май 2026, 23:10
Пролига 6-турдан ўрин олган "Лочин" – "Арал" учрашуви 2:2 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "Лочин" бош мураббийи Элдор Мойлиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Биринчи бўлимда ҳам, иккинчи таймда ҳам тезкор гол ўтказиб, ўзимизга ўзимиз қийин вазият ҳосил қилдик. "Арал" 5-4-1 схемаси бўйича ҳимояланишини билардик. Биз бугун ўз ўйинимизни унчалик кўрсата олмадик.

- Ўтказиб юборилган иккинчи голда дарвозабон тўпга кечикди деб ҳисоблайсизми?

- Ўйиндан кейин дарвозабонимиз билан гаплашдим. Ўша вазиятда тўпни уриб юборса ҳам бўларди, лекин ушлаб оламан деб ўзига ишонди. Лекин ушлай олмади ва гол бўлди. Бу ўринда фақат дарвозабонни айблашдан йироқман, тўп ўтказсак бутун жамоа хато қилган бўлади. Шунга қарамай, футболчиларга иккинчи тайм учун ҳамда дуранг учун раҳмат айтиб қоламан.

- Биринчи таймдаги ўтказилган гол ҳақида?

- "Арал"дан тезроқ тўпни олиб қўйишимиз керак эди, лекин бу вазиятда хатога йўл қўйдик. Ўша ҳолатда ҳимоячиларимиз ёйилиб кетганди.

- Баҳс охирларида қўлга киритилган дурангни ғалабага тенглаштирса бўладими?

- Тўғриси, фақат ғалабани кўзлаб майдонга чиққандик. Афсуски, ўтказиб юборилган голлар вазифамизни қийинлаштирди. Лекин барибир мағлубиятдан кўра дуранг яхши. Шу жиҳатдан ғалабага тенг деса бўлади.

- "Арал" Нукусда сунъий майдонда ўйнайди, сафар ўйинига автобусда келяпти, тиғиз тақвим остида ўйинларни ўтказяпти. Шу жиҳатдан келиб чиқиб "Арал"нинг таркиби, мақсади "Лочин" билан солиштирганда қандай?

- "Арал" жамоаси неча йилдан бери Суперлигани кўзлаётганини биламиз. Мураббийи ҳам анча тажрибали. Қорақалпоқ халқи футболни жуда яхши кўради, ўйинчилари ҳам курашувчан. Бу томонлама қойил қолиш керак. Агар ҳисоб 0:0 бўлиб турганида 70-дақиқадан сўнг умуман бошқача ўйин намойиш этган бўлардик. Чунки рақибда толиқиш юзага келиб, ҳудудлар очилиб қоларди. Жамоамиз футболчиларида хоҳиш катта. Мана биз доим "Лочин"дан Суперлига даражасидаги футболчилар чиқиши керак деймиз. Қачон чиқади? Қачонки юқори ўринларда юрсак. Шундан сўнг бизга Суперлига клублари эътибор қаратишни бошлайди.

- Нукусга боргач, сунъий майдонда "Арал"га қарши қандай тактикани қўллайсиз?

- Яқинда "Жайхун" билан ўйнаб келдик. Майдон ҳолати жуда оғир, майдон қаттиқлигидан тўпни ушлаш қийин. У ерда оддий футбол ўйнашга ҳаракат қиламиз.


Манба: championat.asia