Жамолиддин Раҳматуллаев: "Таркибнинг ёшлиги сабабли рақибдаги тажриба ва маҳорат ҳам ўз сўзини айтмоқда"

1 май 2026, 20:55
Пролиганинг 6-тури доирасидаги "ФарДУ" - "Республика ФА" учрашуви 1:1 ҳисобида якунига етди.

Учрашув якунланганидан кейин меҳмонлар бош мураббийи Жамолиддин Раҳматуллаев матбуот анжуманида қатнашди.

- Ажойиб, жанговар ўйин бўлди. Биринчи бўлимда ўйинни назорат қилдик, голли вазиятлар яратдик. Кўплаб ўйинлардаги каби реализацияда муаммолар кузатилди. Иккинчи бўлимда рақиб босимни кучайтирди. Чунки улар мағлубиятга учраётганди. Шу сабабли тўп ўртада қолмади. Баъзида рақиблар, баъзида биз ҳужумда омадимизни синаб кўрдик. Тезкор ҳужумлардан бири гол билан якунланганда, ўйин анчагина босиларди, деб ўйлайман. Афсус бу нарсани рақиб амалга оширди ва дуранг бўлди. Мухлислар бугун ажойиб ўйин кўришди.

- Бугун таркибда Асилбек Алиев кўринмади.
- У U-17 термаси билан Осиё чемпионатида иштирок этиш учун Саудия Арабистонига йўл олган.

- Мухлислар эътиборини тортган Эммануэль ҳақида маълумот берсангиз.
- У 2010 йилда туғилган. Онаси ўзбекистонлик. Отаси Африка қитъасидан келган ва ҳозирда Ўзбекистон фуқароси. Эммануэль Ўзбекистон U-16 терма жамоасининг асосий ҳужумчиси ҳисобланади, жуда истеъдодли, меҳнаткаш йигит. Ўтган турда унга 30 дақиқа ўйин амалиёти бердик, бугун ҳам майдонга тушди. Бу унга катта тажриба берди. Про-лиганинг бу йилги даражаси юқори. Ҳар битта жамоа бир-бирига қаршилик кўрсатмоқда. U-17 термасига яхши ҳужумчи етказиб беришимиздан хурсандмиз. Асилбек Алиев ҳам ўз ўйинини бироз йўқотгандек кўринганди. Пролигадаги чиройли ўйинлари орқали у U-17 терма жамоа бош мураббийи Сергей Чигодаевнинг эътиборига тушди. Мақсадимиз ўзи шу. Кўплаб футболчиларимиз U-20 термасининг кенгайтирилган таркиби аъзоси ҳисобланади, бироқ асосий футболчилари эмас. Улар шу жамоадаги ўйинлари орқали терма футболчиларига рақобат таклиф қилиши керак. Йигитлар ҳозир яхши ривожланишмоқда. Бундан фақатгина ўзбек футболи ютади.

Эътибор берган бўлсангиз, таркибимизда Андижон, Навоий, Фарғона футбол академиялари таркибида биринчи лигада ўйнаган футболчилар кўп. Шу сабабли ўйинларда баъзида маҳорат ва тажриба ўз сўзини айтмоқда. Лекин йигитлар жуда истеъдодли, машғулотларда яхши меҳнат қилишмоқда. Ўйлайманки, бу темпда давом этадиган бўлсак, ушбу йигитлар термага рақобатбардош жамоа бўлишади.

- Бугун жамоа футболчиларига кўплаб эътирозлар билдирдингиз. Жамоангиз ўйинидан қониқдингизми?
- 100 фоиз демайман, чунки юта олмадик. Бироқ ютсак ҳам ҳар доим 100 фоиз кўнгил тўлиши қийин бўлади. Биринчи бўлимни йигитлар яхши ўтказишди, кўрсатмаларни тўғри бажаришди ва бундан кўнглим тўлди. Таркибнинг ёш футболчилардан ташкил топгани жисмонан ва руҳан томондан сезилмоқда. Кўплаб учрашувларда 80-дақиқадан кейин иккита гол ўтказиб юбориб, ғалабани бой бердик. "Металлург" билан ҳам шундай бўлди. Уларнинг ёшлиги ва тажриба ўз сўзини айтмоқда. Баъзида яхши ўйнаб туриб, ўйин назоратини рақибга бериб қўйяпмиз. Бунга факторлар кўп. Бунинг устида ишламоқдамиз. Ҳиссиётларга берилган вақтда йигитларга кўрсатмалар беряпмиз. Ўйин пайтида тартиб-интизомдан чиқиб кетмаслигига ҳаракат қилдим. Чарчоқ бўлганда эътиборнинг муҳимлиги ошади.

- Стандартлар устида жамоанинг анчагина ишлагани кўриниб турибди. Бугун гол ҳам айнан стандартдан кейин киритилди.
- Замонавий футболда стандартлардан кейин урилган голлар фоизи ошиб кетди. Ўйин олдидан рақибни тахлил қилганимизда улар ҳам стандартларга катта эътибор беришини ва бунда жуда хафвли эканлигини кўргандик. "ФарДУ"га қарши ўйин учун стандартларга катта эътибор бериб, тайёрландик. Бу ўз фойдасини келтирса, албатта, қувонарли.


Манба: championat.asia