"Бухоро" устози ва ўйин қаҳрамони, 3 йилдан сўнг гол урган Яхшибоев, "Динамо" посбони — Суперлигада 18-тур лауреатлари

Iskandarov Abdulaziz
22 авг 2026, 14:04
Кеча Суперлиганинг 18-тур учрашувлари якунланди.

Championat.asia сайти одатдагидек Ўзбекистон Суперлигаси 18-турининг энг яхшиларини аниқлади.

18-турнинг энг яхши дарвозабони — Эдем Неманов (“Динамо”)

Вадим Абрамов бошчилигидаги “Динамо” ўтган турда Олмалиқда ОКМК меҳмони бўлди. Муросасиз кечган баҳсда самарқандликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйин давомида Миржалол Қосимов шогирдлари устунликка эга бўлди ва кўплаб ҳужумлар ташкил қилди, лекин дарвоза томон йўлланган зарбаларни голга айланишига “Динамо” посбони Эдем Неманов йўл қўймади, бир қатор сейвлар ижро этди. Шу боис Неманов турнинг энг яхши дарвозабони деб топилди.

darvozabon.png

18-турнинг энг яхши мураббийи — Александр Хомяков (“Бухоро”)

Ўтган турда ўз майдонида ОКМКни енгган “Бухоро” бу сафар чемпионат карвонбошчиси “Нефтчи”ни мағлуб этди. Тан олиш керакки, Хомяков Бухорода ажойиб жамоа шакллантирди ва унинг шогирдлари ҳар қандай рақибга қарши мардонавор кураш тақдим қиляпти, турнир жадвалида совриндорлар қаторига киришга интиляпти. Бунда Александр Андреевичнинг ҳиссаси катта бўляпти. “Бухоро” устози кетма-кет иккинчи бор турнинг энг яхши мураббийлигига лойиқ кўрилди.

murabbiy.png

18-турнинг энг яхши футболчиси — Шерзод Эсанов (“Бухоро”)

Умуман олганда бу тур деярли “Бухоро”га аталди десак янглишмаймиз. “Нефтчи”нинг йирик ҳисобда таслим этилишида Шерзод Эсанов ўзининг муносиб улушини қўшди ва 2 бор рақиб дарвозасини ишғол қилди. У 17-турда ОКМК дарвозабонини ҳам ранжитган эди. Эсанов ҳақли равишда 18-турнинг энг яхши футболчисига айланди.

futbolchi.png

18-турнинг энг чиройли голи — Жасур Яхшибоев (“Локомотив”)

“Локомотив” сафарда навбатдаги муҳим 3 очкога эга чиқди. Ўйинда “темирйўлчилар”нинг голларидан бирига Жасур Яхшибоев муаллифлик қилди. Ҳужумкор ярим ҳимоячи 3 йиллик танаффусдан сўнг яна Суперлигада рақиб дарвозасига йўл топа олди. Яхшибоев аниқ зарба билан Умиджон Эргашев дарвозасини тўрини титратди.

gol.png

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›