

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Авваламбор Республика футбол академиясини ғалаба билан табриклайман. Ўйин оғир кечди. Биринчи таймни яхши ўтказдик, режа асосида иш олиб бордик. Аммо футболда майда деталлар кўп нарсани ҳал қилади. Бугунги баҳс ҳам шундай бўлди. Биз кичик-кичик хатоларга йўл қўйиб, бунинг оқибатида гол ўтказдик. Оддий аутдан сўнг гол урилди. Ўйин жиҳатдан ривожланяпмиз деб айта оламан, фақат озгина вақт керак. Кейинги учрашувларда янаям яхшироқ ҳаракат қиламиз.
- Бугун жамоангиз гол ўтказганидан сўнг ўйин охиригача яққол вазият ярата олмади. Тўғри, олдинга ҳаракат бор, лекин голга тортадиган ҳолатни кўрмадик.
- Бунга аввало рақиб йўл қўймади. Бугун рақибимиз голдан кейин ҳам бизни юқорида кутиб олди. "Республика ФА"нинг ўйини шаклланиб улгурган, таркибида ёшлар кўп ва улар охиригача югуряпти. Биз мавсумга тайёргарликни кеч бошладик. Пролигада қатнашишимиз ҳам охирида аниқ бўлди. Шаклланиб олишимиз учун қишки йиғин етарли бўлмади, шу боис мусобақада шаклланиб олишга ҳаракат қиляпмиз.
- Кетма-кет учта мағлубият туфайли асосий карвон, яъни бошқалар олдинга кетиб қолишидан хавотир йўқми?
- Энди бу футбол. Ҳали ўйинлар кўп ва биз ҳам ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
- Раҳбарият томонидан жамоа олдига вазифа қўйилганми?
- Раҳбарият албатта натижа талаб қилади. Ўз навбатида биз ҳам ғалаба учун майдонга чиқамиз. Йигитлар қўлдан келганча ҳаракат қиляпти, фақат яна шаклланишимиз керак. Натижа бўлиши учун вақт керак деб ўйлайман.




