"Бунёдкор" – "Навбаҳор", "Пахтакор" – "Насаф" учрашувларидаги баҳсли вазиятларда ҳакамлар тўғри қарорга келган — Эксперт ҳакамлар гуруҳи

Sherzod Nurmatov
30 апр 2026, 19:50
Суперлиганинг 10-туридан ўрин олган “Бунёдкор” — “Навбаҳор” ва “Пахтакор” — “Насаф” учрашувларида юзага келган вазиятлар юзасидан қуйидагича хулоса берилди.
4.jpg

Мазкур эпизодда “Навбаҳор” ҳимоячиси ҳамда “Бунёдкор” жамоасининг 9-рақамли футболчиси тўп учун кураш олиб борди. Кураш жараёнида “Бунёдкор” футболчиси йиқилган ҳолда қўли билан тўпни дарвозага йўллаган. Бош ҳакам VAR чақирувидан сўнг вазиятни қайта кўриб чиқиб, голни бекор қилди.

Эксперт ҳакамлар гуруҳи вазиятни батафсил таҳлил қилиб, ушбу ҳолатда ўйин доирасидаги табиий контакт мавжуд бўлганини, қоидабузарлик ёки қўполлик кузатилмаганини қайд этди. Шу билан бирга, тўпнинг қўл билан киритилгани инобатга олиниб, голни бекор қилиш бўйича бош ҳакамнинг қарори тўлиқ асосли деб баҳоланди.

5.jpg

🔹 Биринчи вазият: Учрашувнинг 45+2-дақиқасида юзага келган мазкур вазиятда “Насаф” футболчиси “Пахтакор” ўйинчисига нисбатан қоида бузган. Гарчи “Пахтакор” футболчиси тўп учун ҳаракат қилган бўлса-да, у тўпни тўлиқ назоратига ололмаган ва тўп дарвозабонга яқинлашиб бораётган эди. Яъни, дарвозабоннинг тўпга биринчи етиб келиш эҳтимоли юқори бўлган.

Шу сабабли, аниқ гол уриш имкониятини йўққа чиқариш ҳолати тўлиқ шаклланмаган деб баҳоланди. Бош ҳакам томонидан қизил карточка кўрсатилмагани тўғри қарор сифатида эътироф этилди. Вазият қизил карточкага яқин бўлишига қарамай, сариқ карточка билан чекланиш ўринли бўлгани тўғри қарор сифатида эътироф этилди. Эксперт ҳакамлар гуруҳи ушбу қарорни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

6.jpg

🔹 Иккинчи вазият: Учрашувнинг 90-дақиқасида “Насаф” жамоасининг 32-рақамли футболчиси ўз жарима майдончаси ичида “Пахтакор”нинг 55-рақамли ўйинчисига нисбатан қўпол тарзда ҳаракат қилган — у рақибини қўли билан тортиб қолган ва кураш жараёнида танасига зарба берган.

VAR аралашувидан сўнг бош ҳакам томонидан пенальти белгиланди.

Эксперт ҳакамлар гуруҳи ушбу вазиятда ҳам бош ҳакамнинг қарорини тўғри деб топди. Қоидабузарлик содир этган футболчига сариқ карточка кўрсатилиши ҳам ўринли қарор сифатида баҳоланди.

✅ Хулоса: Ҳар иккала баҳсли вазиятда ҳам бош ҳакам томонидан қабул қилинган қарорлар амалдаги қоидаларга тўлиқ мос келади ва тўғри деб топилди.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази