

Қадрли Босния ва Герцеговина болалари,
Сизларга фақат битта гапим бор.
Ҳеч нарса имконсиз эмас.
Ҳеч нарса.
Босниялик бўлиб туғилганимиз – бу бизнинг бахтимиз. Буни шунчаки ўз орзусига эришган инсон сифатида эмас, балки урушдан омон қолган ва бутунлай бошқача қисмат эгаси бўлиши мумкин бўлган болакай сифатида айтяпман.
Сараево қамали ҳақида гапиришни унчалик хуш кўрмайман, аммо унинг аслида қандай бўлганини тушунишингиз жуда муҳим. У бошланганда мен олти ёшда эдим. Биринчи сирена чалингани, онам мени бағрига босиб, пойабзал жавони ортига яшинганимиз ҳали ҳам ёдимда. Бу биринчи кун эди. Даҳшат тўрт йил давом этди. Нималар бўлаётганини тўлиқ англамасдик, аммо ҳар кунимиз қўрқув ичида ўтарди. Уйимизда қолиш ўта хавфли бўлиб қолгач, бобом ва бувимнинг квартирасига кўчиб ўтдик. У ер тахминан 40 квадрат метр эди. Биз 15 киши эдик – холаваччалар, аммалар, тоғалар – ҳаммамиз полда ухлардик.
Биз "Монополия" ўйнардик. Бу ўйинни биласизми? Ташқарига чиқиш хавфли эди, чунки снайперлар шаҳарни ўраб олишганди. Шунинг учун мен ва қариндошларим соатлаб балкондаги полда ўтириб ўйин ўйнардик. Сиреналар ва бомбалар овозини эшитардик. Баъзида ер қимирлаб, "Монополия" тошлари пол бўйлаб сочилиб кетарди.
Аммо қачонки ўйнасак, ўйинга шунчалик шўнғиб кетадиган лаҳзалар бўлардики, бир неча дақиқага урушни унутардик.
Атрофимизда дунё қулаётганини эсдан чиқарардик.
Бир онга бўлса-да, шунчаки бола бўлишга имкон топардик.
Ташқарида футбол ўйнашни жуда қаттиқ хоҳлардик. Ҳар куни бегуноҳ одамларнинг тез ёрдам машиналарига олиб чиқилаётганини кўрардик. Аммо болани қандай қилиб тўрт йил давомида ичкарига қамаб қўйиш мумкин? Бунинг иложи йўқ ва буни ота-онамиз ҳам билишарди. Баъзан-баъзан, атроф бироз тинчигандек туюлганда, онам эшикни очарди ва мен маҳалладаги бошқа болалар билан ўйнагани ташқарига чиқардим.
У эшикни очгандаги нигоҳини ҳеч қачон унутмайман. Юзида кулинар-кулинмас табассум бўларди, чунки менинг ўйнаётганимни кўришдан бахтиёр эди. Кейин эса унинг кўзларига боқардим ва менинг қайтиб келмаслигимдан қанчалик хавотирда эканини кўрардим.

Вақти-вақти билан барчамиз ташқарига чиқишга мажбур эдик. Сувимиз тез-тез тугаб қоларди, шунинг учун челакларни олиб, уларни тўлдириш учун кўчалардан бирида навбатга туришимиз керак эди. Лифтлар ишламасди. Электр йўқ эди. Шунинг учун пиёда юрардик. Учинчи қават... 4-қават... яна олтитаси қолди. Мен ўшанда Сараеводаги жисмонан энг бақувват бола бўлган бўлсам керак. Озиқ-овқат топиш ҳам машаққат эди. Ота-оналаримиз бунинг учун ўз ҳаётларини хавф остига қўйишарди. Аммо баъзида овқатга тўла қутилар худди мўъжизадек осмондан тушарди. Биз уларни тушлик қутиларимиз деб атардик. Улар қаердан келганини билмасдик ва бу бизни қизиқтирмасди ҳам. Улар ҳарбий рационлар эди. Биз учун улар жуда мазали эди. Ҳар куни бир хил нарса еганингиздан сўнг, ёнғоқли ёғ (peanut butter) осмондан тушган неъматдек туюларди.
Охир-оқибат, биз омон қолдик. Ортга боқиб, қанчалик кучли бўлганимиздан ҳайратланаман. Биз шунчаки жажжи болакайлар эдик. Аммо урушнинг ҳеч қандай маъноси йўқ эди. Шукур бегуноҳ инсонлар ўлдирилди, хўш, нима учун?
Пул учун. Ҳокимият. Манманлик учун.
Ҳеч нарса учун.
Бугунги кунда янгиликларда урушни кўрсам, кўнглим айнийди.
Уларни ҳеч қаерда кўришни хоҳламайман.
Негадир, катталар бундан ҳеч қачон хулоса чиқармайдилар.

Қамал тугаганда мен қарийб 10 ёшда эдим. Футболчи бўлиш режам йўқ эди.
Бу шунчалик имконсиз бўлиб туюлардики, бу ҳақда ҳатто орзу ҳам қилмасдим. Кўряпсизми, ҳамма нарса вайрон бўлганди. Бугун сиз кўриб турган майсазор майдонлар у пайтда кулга айланганди. Мен фақатгина футболни яхши кўрганим учун ўйнашда давом этардим. Отам мени мактабдаги спорт залига олиб борарди ва мен дастлабки бир неча ой шу ерда шуғулландим. Охир-оқибат, майдонни тозалашди ва бу куйган ерларга оқ чизиқлар чиза бошлашди.
Ўша пайтда отамнинг иши торт ва нон тарқатиш эди, аммо мен биринчи клубимга қўшилганимда, у машғулотларга олиб бориш учун ишидан танаффус қиларди. Йўлда у менга меҳрибон бўлишни ва одамларнинг қаердан келгани ёки нима иш қилишидан қатъи назар, барчага бирдек муносабатда бўлишни уқтирарди. Мен буни ҳеч қачон унутмадим. У қуйи лигаларда ўйнаган эди ва менинг қаҳрамоним эди. Машинадан ҳар гал тушаётганимда у менга банан узатиб: "Омад, ўғлим", – дерди.
Дам олиш кунлари биз биргаликда телевизорда футбол кўрардик. (Бу онам билан ҳар куни кўрадиган Мексика теленовеллаларидан ўзига хос кичик танаффус эди). Ўша пайтда А Серия энг яхши лига эди. "Милан" ҳужумчиси Шевченко ҳақида эшитганмисиз? Мен "Шева"ни яхши кўрардим. Италияни севардим. Мен учун у дунёнинг нариги четидаги эртакнамо ўлкадек туюларди. У ерда футбол ўйнашни тасаввур ҳам қила олмасдим. Бу жуда ҳақиқатдан йироқдек эди. Бор умидим фақатгина ўз клубим – "Железничар"нинг асосий жамоасида ўйнаш эди. Мураббийларимдан бири сочларим сариқ бўлгани ва кўп гол урганим учун мени Шева деб чақира бошлади. Мен эса: "Зўр, бу менга ёқди", – деганман ўзимга-ўзим.

Кейин кунларнинг бирида, 19 ёшга тўлганимда, бошқа бир мураббий келиб, мени Чехияга олиб кетмоқчи эканини айтди. Мен Босниядан кетишни истамасдим, аммо у менга у ерда орзуимга эришиш учун кўпроқ имконият бўлишини тушунтирди. Ростини айтсам, орзуим нима эканлигини ўзим ҳам билмасдим. Шунчаки янада кучлироқ бўлишни хоҳлардим. Ўзимга бўлган ишончим баланд эди. Танамдаги энг кучли аъзо – бу менинг иродам эди. "Теплице"га келганимда, ўзимга шундай дедим: "Эдин, сен бу йигитлардан кўра кўпроқ меҳнат қилишинг керак, акс ҳолда улар сени ҳайдаб юборишади".
Улар мени 25 000 еврога сотиб олишганди.
Тахминан икки йил ўтиб, мен "Вольфсбург" билан шартнома имзоладим. "Милан"га қарши ўйнаганимизда, мен Шева билан либосларимизни алмашдим.
Кейин "Манчестер Сити" мени 37 миллионга сотиб олди.
Сўнг "Рома" сафига қўшилдим.
Мен уруш ичида катта бўлдим. Тўсатдан эса эртакка тушиб қолгандим.
Ҳеч қачон, ҳеч нарса имконсиз эмас.
Ҳатто Боснияни Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш ҳам.

2014 йил эсингиздами? Сизларнинг кўпчилигингиз балки ҳали туғилмаган ҳам эдингиз. Аммо биз биринчи марта Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритганимизда, бу ҳаётимиздаги энг буюк кун бўлганди.
Литвадаги эски стадионда ҳал қилувчи саралаш ўйинини ўтказганимиз эсимда. Ҳакам ўйин якунланганини билдирувчи ҳуштагини чалганида, бир гуруҳ боснияликлар майдонга тушиш учун деворлардан ошиб ўта бошлашди. Аммо деворларнинг баландлиги қарийб икки метр эди ва улар тўғри бетонга сакрашлари керак эди. Ортимга ўгирилиб, уларнинг биз томон югуриб келаётганини кўрганим ва "Худойим, бу йигитлар жинни бўлган", – деб ўйлаганим ҳамон ёдимда.
Кейин бошқалардан бироз секинроқ югуриб келаётган бир кишига кўзим тушди. У кўзларида ёш билан мен томон оқсаб келарди.
Бу менинг отам эди.
Мен "Ота, нима бўлди?" дедим.
У: "Ерга тушаётганда оёғимни шикастлаб олдим. Аммо хавотир олма. Ҳозир ҳеч қандай оғриқни сезмаяпман!" – деди.
Биз шунчаки бир-биримизни қучоқлаб, йиғладик.
Афсуски, Бразилияда омад биз томонда бўлмади. Сиз буни эслай олмайсиз, лекин мен Нигерия дарвозасига тоза гол ургандим, аммо у пайтларда ВАР (VAR) йўқ эди ва шу сабабдан биз гуруҳдан чиқа олмадик. Лекин ҳеч бўлмаганда бизнинг кичик мамлакатимиз "Маракана"да ўйнаш бахтига муяссар бўлди. Ҳеч бўлмаганда биз дунёга ким эканлигимизни кўрсатиб қўйдик.
Мана, биз яна қайтдик.

Қизиғи нимада биласизми? Март ойида мен 40 ёшга тўлдим ва буни ҳали ҳам нишонлаганим йўқ. Мен мусулмонман, у пайтда Рамазон ойи эди, қолаверса, Уэльс ва Италияга қарши ўйинларимизда бажаришимиз керак бўлган муҳим ишларимиз бор эди. Шунинг учун мен ўзимга-ўзим: "Яхши, МАНА ШУНИ менинг туғилган кунимга бағишланган базм қиламан", – деб ўйладим.
Уэльсга қарши ўйинда 1–0 ҳисобида ютқазаётганимизда таблога қараганим эсимда.
85:00.
Ваҳима.
Вақтимиз тугаб боряпти.
Кейин биз бурчак тўпи тепиш ҳуқуқини қўлга киритдик ва мени шундай бир кичкинагина йигитча қўриқлаётган эди, мен эса "Оҳ, ажойиб!" – деб ўйладим. Тўпни дарвозага тўғрилаб юбордим ва эндигина голни нишонлаётган эдимки, фаолиятим давомида тўрт марта пенальтилар сериясида қатнашганим ва барчасида ютқазганим ёдимга тушиб кетди.
Яхшиямки, бизнинг ёшларимиз пенальтиларни қандай тепишни билишади. Улар биз фахрийлар каби ҳамма нарсани ҳаддан ташқари чуқур ўйлаб ўтиришмайди.

Зеницада Италияга қарши ўйнаганимизда Доннаруммадан жуда қўрққандим. У шунақа гавдалики, биласизми? Ростини айтсам, пенальтилар сериясида унга гол ура олган бўлармидим, бунга ишончим комил эмас, лекин қўшимча бўлимларнинг сўнгги дақиқасида ўнг елкамдан жароҳат олдим ва майдонни тарк этишга мажбур бўлдим. Биринчи пенальтимизни аслида кўролмадим ҳам, чунки шифокоримиз ҳали ҳам қўлимни кўкрагимга боғлаб қўяётган эди. Захира ўриндиғида ўтирардим ва барча мураббийлар менинг кўришимга тўсқинлик қилишарди. Тўп дарвозага киргач, мухлисларнинг ҳайқириғини эшитдим ва шундай ўйладим...
Биласизми нима? Балки бу омаддир. Мен томоша қилмайман. Қарай олмайман. Яхшиси мухлисларни тинглай. Ўз халқимнинг овозини эшитай.
Кейин Италия хатога йўл қўйди. Овоз шунчалик баланд эдики.
Улар яна биттасини ўтказиб юборишганда эса, шовқин шунчаки даҳшатли эди. Мен фақат дуо қилардим, тинмай дуо қилардим. Кўзимга фақат мураббийларимизнинг орқа томони кўринарди, холос.
Кейин Эсмир ҳал қилувчи пенальтини тепиш учун яқинлашганида, мураббийимиз ортига ўгирилди ва: "Мен ҳам қарай олмайман", – деди.
У олдимга келиб, мени қаттиқ бағрига босди. Биз бошларимизни бирлаштирдик, кўзларимизни юмиб, фақатгина тингладик........
Кейин эса ҳаётимиздаги энг ғалати овозни эшитдик.
Эсмирнинг тўпга зарба берганини эшитдик.
Оломон эса "Аааааааҳ..." – деб юборди.
Жижининг бармоқлари тўпга тегиб кетди.
Мухлислар овозларини баралла қўйиб "Ооооооҳ..." – деб ҳайқиришди.
Стадион бир зумга сукутга чўмди. Бу ҳаётимдаги энг узун миллисония эди.
Кейин......... портлаш.
Қийқириқлар, машъалалар, тутун ва мушакбозлик. Атрофда сакраётган одамлар. Бутун захира ўриндиғимиз майдонга югуриб чиқди. Мураббийимни янада қаттиқроқ қучоқладим, осмонга қарадим ва кейин ҳаётимдаги энг кучли ҳайқириқни ташқарига чиқардим.
"ААААААААААААААҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲҲ!!!!!!!!!!!!!!!!!!"
Шу ҳолатда 20 сония турдим.
Бизнинг мўъжазгина мамлакатимиз яна Жаҳон чемпионатига бораётган эди.

Бу ерга етиб келиш ҳеч қачон осон бўлмаган. 40 ёшда ҳам осон эмас, айниқса эртаси куни эрталаб белингиз зирқираб оғриса ва яна оғриқ қолдирувчи дориларга мурожаат қилишга тўғри келса. Аммо қачонки танам таслим бўлишни хоҳласа, ўтказиб юборган барча зиёфатларимни, оиламдан узоқда ўтказган ойларимни, дўстларим соҳилда коктейл ичиб ётганда мусобақаларга бағишлаган барча ёзги таътилларимни эслайман. Руҳан, бу жуда қийин. Танқидлар ҳали ҳам оғриқли. Аммо майдонга чиққанимда, ҳали ҳам ўзимни худди сизлардан бирингиз каби – ичимда ҳаяжон титратган, кўзларида порлаган юлдузлари бор ёш боладай ҳис қиламан.
Ва ҳар сафар бир хил хулосага қайтаман.
Бунга арзийди. Барчаси.
Ёмон лаҳзаларсиз, яхшилари ҳеч қачон келмайди.
Италияни мағлуб этганимиздан сўнг, мен А Серияда бирга ўйнаган баъзи йигитларимни кўришга бордим. Кейин трибунадан оиламни қидириб топдим. Рафиқамни ўпдим. Ота-онамни бағримга босдим. Уларсиз буларнинг ҳеч бири рўй бермаган бўларди.

Ўша кеча шунчаки Зеницада бўлишнинг ўзи мўъжиза эди. Босниядан қанчалик узоқда бўлсам, уни шунчалик кўпроқ севаман. Мана, бунга 20 йил бўлди. Унинг тўққиз йили Италияда ўтди. Фарзандларим Римда туғилишди. У ҳали ҳам менинг иккинчи уйимдир. Аммо ҳар гал Сараевога, ота-онамни йўқлагани борганимда, онам таом пишираётганида ва ҳамма жам бўлганида, мен ўзимни шу қадар бахтиёр ҳис қиламан. Бу либосни кийганимда, юрагим бошқача ура бошлайди.
Мен ўз халқим учун ўйнаяпман. Мен Сараево кўчаларидаги ўғил ва қизлар учун майдонга тушяпман. Мен мамлакатимизни шунчалик гўзал қиладиган барча турли маданиятлар ва динлар учун ўйнаяпман, гарчи баъзи одамлар ҳали ҳам бизни парчалаб ташлашга уринаётган бўлсалар ҳам.
Улар ҳеч қачон мақсадларига эриша олмайдилар.
Мен туфайли эмас. Катталар туфайли ҳам эмас. Биз ҳеч қачон хулоса чиқармаймиз. Барчаси сиз – болалар туфайли.... Сиз ҳеч қачон ўзгармайсиз.
Шундай экан, менга битта охирги яхшилик қилинг, хўпми?
Сараевода яшайсизми ёки Римда ёхуд Сент-Луисда.... Мусулмонсизми ёки яҳудий, католик ёки православми....
Қаердан келиб чиққанингизни ҳеч қачон унутманг.
Сиз боснияликсиз. Бутун дунё сизнинг пойингизда.
Барчангизни яхши кўраман.
Ҳурмат ила,
– Эден



