

Жамоа Илёс Қурбонов бошқарувида муҳим очколарни жамғаришда давом этмоқда. Бунда иккинчи даврада жамоага келиб қўшилган янги футболчилар ҳам ўз ҳиссасини қўшяпти дея оламиз. Черногориялик легионер Марко Миличкович бу борада ўзининг таассуротлари билан бўлишди.
— Пролигадаги натижаларда кўпроқ ниманинг таъсири бўлмоқда?
— Ўйлайманки, энг муҳими — жамоанинг бирдамлиги ва ҳар бир футболчининг майдонда бор кучини бериб ҳаракат қилиши. Лигадаги рақобат жуда тенг, осон ўйинларнинг ўзи йўқ. Шу боисдан концентрация ва кураш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
— "Металлург"даги муҳит ва жамоавий ўйинга мослашиш жараёни қандай кечди?
— Жамоадаги муҳит ҳақиқатан ҳам ажойиб. Илгари ҳам "Металлург" сафида тўп сурганим учун клубни ва айрим инсонларни яхши билардим. Тўғри, ҳозир таркибда янги футболчилар бор, бироқ жамоага мослашиш жараёни тез кечди ва баридан кўнглим тўқ.

— Ўтган гал сиз ўйнаган "Металлург" билан бунисида қандай фарқ кўзга ташланяпти?
— Орадан бир неча йил ўтди, шунинг учун кўп нарса ўзгаргани табиий ҳол. Янги ўйинчилар қўшилган, жамоа қиёфаси бошқача тус олган, лекин клуб мен учун ҳамон қадрдон ва таниш. Ўзим ҳам шу вақт мобайнида тажриба тўплаб, кўп нарсани ўргандим.
— Ўзбекистон чемпионатида сиз қарши ўйнаганингизда қийналадиган футболчини ажратиб кўрсата оласизми? Айнан ким?
— Бирор бир футболчини алоҳида кўрсата олмасдим. Чемпионатимизда кучли ўйинчилар жуда кўп ва ҳар бир баҳсга юқори тайёргарлик кўриш талаб этилади. Ҳар бир учрашувнинг ўз руҳи бор, шунинг учун мен учун қийинроқ кечадиган алоҳида бир рақибни ажратиб кўрсатолмайман.

— Кўпинча чиройли гол урасиз ёки узоқ масофадан тўп киритасиз. Бу борада алоҳида иш олиб борасизми? Суперлигада Икром Алибоев ҳам шундай голлар уради...
— Масофадан зарба беришни ҳар доим яхши кўрганман. Майдонда бўш зона очилганини кўрдимми, нега энди уриниб кўрмас эканман? Баъзида гол бўлади, баъзида йўқ. Икромни эслаб ўтганингиз ёқимли бўлди, у ҳам шундай гўзал голлари билан яхши таниш.
— Майдондан ташқарида вақтингизни қандай ўтказасиз?
— Асосан дам олишга, вақтимни оила ва дўстлар даврасида ўтказишга ҳаракат қиламан. Бўш куним чиқиб қолса, бироз чалғиб, футбол ҳақида ўйламасликка интиламан.
— Жамоада энг кўп ким билан тил топишгансиз?
— Ҳамма билан муносабатларим яхши, кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Майдонда кимдир билан бир-биримизни сал яхшироқ тушунишимиз мумкин, лекин умуман олганда, жамоадагиларнинг барчаси билан муносабатимиз аъло даражада.



