

Ўзбекистон терма жамоаси ва "Сурхон" клуби ҳимоячи Беҳруз Каримов 12 апрель куни Суперлиганинг 7-туридан ўрин олган "Навбаҳор"га қарши баҳсда ўнг оёқ бешинчи панжа (плюсневой) суягини синдириб олди. "Ғазалкент" клуби футболчининг операциясини тўлиқ қоплаб берди ва унинг тикланишини клуб шифокори Дилшод Аширов назорат қилиб бормоқда. Биз шифокордан Каримовнинг бугунги ҳолати ҳақида сўрадик.
"Реабилитация жараёни режага мувофиқ кетмоқда. Тикланиш босқичининг ўртасига етиб келдик. 7 май куни синган суякнинг штифт билан бирлаштирилган соҳасида суяк битишини (консолидациясини) текшириш учун назорат текшируви режалаштирилган. Ушбу текширувдан кейин кўп нарсага ойдинлик киритилади", - деди Дилшод Аширов Беҳруз Каримовнинг ҳолати ҳақида.

24 апрель куни "Нефтчи" ҳимоячиси Иброҳимҳалил Йўлдошев "Хоразм" билан баҳснинг охирги дақиқаларида оёғини жароҳатлаб олди ва уни стадиондан тўғри шифохонага олиб кетишди. Маълум бўлишича, Йўлдошев май ойининг бошидан буён Дилшод Аширов билан тикланиш жараёнини ўтказмоқда.
"Иброҳимҳалил Йўлдошев тўпиқ қисмидан жароҳат олган бўлиб, унинг бойламларига енгил шикаст етган. Ҳозирги вақтда у бизнинг назоратимиз остида реабилитация жараёнини ўтамоқда ва яқин бир неча кун ичидаа умумий гуруҳдаги тўлиқ машғулотларга қайтиши кутилмоқда", - деди Аширов "Нефтчи" ҳимоячиси Иброҳимҳалил Йўлдошев бўйича.

"Локомотив" клубида ижарада ўйнаётган Лазизбек Мирзаев 2 апрель куни "Бунёдкор" билан баҳсда жароҳат олган ва майдонга туша олмаётган эди. У ҳам айнан Аширов қўл остида жароҳатини даволади ва яна "темирйўлчилар" ихтиёрига бориб қўшилди.
"Локомотив" ярим ҳимоячиси Лазизбек Мирзаев расмий ўйин вақтида тўпиқ бўғимининг компрессион шикастланишини (қисилишини) орттириб олган эди. Ташхисга аниқлик киритиш мақсадида тўлиқ тиббий кўрик ўтказилди. Реабилитация курси тўлиқ ҳажмда амалга оширилиб, ўз ичига физиотерапия, фармакологик қўллаб-қувватлаш, биологик фаол қўшимчаларни (БФҚ) қабул қилиш, антигравитацион тренажёрда меъёрланган машғулотлар, спорт залидаги машқлар ҳамда майдондаги машғулотларни олди. Ҳозирда спортчи "Локомотив"га қайтди в умумий гуруҳда машғулот ўтамоқда", - деди "Ғазалкент" клуби шифокори Лазизбек Мирзаев ҳақида.



