Азамат Шарипов: “Кейинги ўйинда “Нефтчи”ни ютишга ҳаракат қиламиз”

23 май 2026, 15:33
Ўзбекистон кубоги 2-туридан ўрин олган “Гулистон” — “БухДУ” (1:0) ўйинидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Азамат Шарипов журналистларнинг саволларига жавоб берди.

— “Гулистон” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Ўйиннинг биринчи бўлими назоратимиз остида ўтди, аммо имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Биз кўпроқ Кубок ўйинларида кам ўйин амалиётига эга бўлаётган футболчиларни ўйнатмоқдамиз. Чемпионат ўйинларига шу Кубок ўйинлари орқали тайёрланяпмиз. Иккинчи бўлимда беш нафар футболчини захирадан ўйинга қўшдик, аммо ўйинчиларимиз жуда ҳам киришиб кета олмади. Умуман олганда жамоа ўйинидан қониқдим, йигитлар борларини беришди. Рақиб гол урган пайтда дарвозабонимиз хато қилди, тактик жиҳатдан мағлуб бўлганимиз йўқ.

— “Гулистон”нинг ўйини ҳақида нима дея оласиз?

— Уларда яхши жамоа шаклланган ва Суперлигада ҳаракат қилган футболчиларга эга. Уларнинг мақсади жиддий. 1-лигада иштирок этаётган бўлиши мумкин, аммо “Гулистон”ни Пролига жамоаси деб ўйлайман. Ҳокимият томонидан яратиб берилган шароит ва футболчиларга эга “Гулистон” яқин орада Суперлигада ҳам ўйнаши мумкин деб ўйлайман.

— Рақиб қайси жиҳатларда сизлардан устунлик қилди?

— Устунлик қилди деб айта олмайман. Ўйиннинг биринчи бўлимида назорат биз томонда бўлди. Иккинчи бўлимда эса захирада туширилганлар ўйин амалиёти камлиги сабаб киришиб кета олишмади.

— Бундан кейинги рақибларингиз — “Нефтчи”. Улар ҳақида нима дея оласиз?

— Ҳар бир рақибга алоҳида тайёргарлик кўрамиз. Ҳар бир рақибни ютса бўлади. Ўша ўйинда ҳам ютишга ҳаракат қиламиз. Бу ўйинчиларга ҳам Суперлиганинг энг яхши жамоаси билан ўйнаш, яхши майдонда ҳаракат қилиш ва ўзининг ўсиши томонидан имкониятдир.

— Илтимос, бу саволимга нейтрал жавоб беринг. “БухДУ” “Бухоро” билан ҳам, “Гулистон” билан ҳам ўйнади. Энди икки жамоа учинчи турда тўқнаш келади. “Гулистон”да кейинги босқичга чиқишга имконият борми.

— Футболчиларнинг психологик тайёргарлиги муҳим роль ўйнайди. Бугун биз билан яхши ўйнади, шундай ўйнаса “Бухоро” билан ҳам яхши ҳаракат қилади. Бу “Бухоро”га ҳам боғлиқ, улар Биринчи лига жамоасига қандай муносабатда бўлади. Футбол бу нарсани кечирмайди. Бугун бизда ҳам шундай бўлди, Бухородагидай иштиёқ бўлмади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia