

Ўйиндан кейин "Қўқон-1912" бош мураббийи Андрей Шипилов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Йигитлардан бугун нима қилиб бўлса-да ютишимиз кераклигини сўрадим. Қолган ҳаммаси иккинчи пландаги иш эди. Учрашувни яхши ва ишончли бошладик. "Бунёдкор"нинг ўз услуби бор ва бу усул менга ёқади. Терма жамоага италиялик мураббийлар келди, итальянча футбол менга ёқади. "Бунёдкор" бош мураббийига ҳам Италия футболи бегона эмас ва уч йилдан бери жамоани шу усулда ўйнатяпти. Биз ўйиннинг кўп қисмини бир киши кам ўтказдик. Ўз навбатида рақиб футболчиси ҳам қизил карточка олди. Муҳими, ҳимояда бехато ҳаракат қилдик. Ўйинчилар охиригача кураш олиб боришди. Фарғонадаги ўйиндан кейин ҳам айтгандим: клубимиз раҳбарияти ва мухлислар томонидан бўлаётган эътибор учун катта раҳмат. Йигитларга эса алоҳида респект. Ўйиндан кейин футболчиларга икки кун дам берилишини айтдим, шундан сўнг Кубокка ҳозирлик кўрамиз. Кубокда учта оддий бўлмаган ўйинни ўтказамиз. Бу мусобақага ҳам бор эътиборни қаратамиз.

- Жамоангиз ўн киши қолгач, хаёлингиздан нималар ўтди? Ғалабага ишонганмидингиз?
- Тўғрисини айтсам, руҳан йиқилиб қолмадик, биз нокаутдан чиқиб кета олдик, бу эса мени хурсанд қилди. Бунга ҳақли равишда эришдик. Йигитлар кўрсатмаларни тўлиқ бажаришди. Ичимдан бугун юз фоиз ютқазмаймиз деган ўй ўтди. Жамоалар майдонда тенг бўлиб қолгач, яна гол уришимизга ишонгандим. "Бунёдкор" бизга тезлик бермади, улар ҳудудларни ёпиб қўйишди. Рақибнинг 77-рақамдаги футболчиси майдонни тарк этгач, анча енгил нафас олдик. Чунки шу футболчи бизга кўп муаммо туғдираётганди. Бу мавсум жамоамизга келган ҳамма, айниқса таянч ярим ҳимоячиларимиз жуда яхши ҳаракат қилмоқда.
- Иккинчи бўлимда қарши ҳужумга ўтишни маъқул кўрдингиз. Бу ўйланган режамиди ёки чарчоқ аломатими?
- Биз ҳимояга ўтиб қарши ҳужумда ўйнашни мақсад қилмагандик, рақиб шунга мажбур қилди. Балки ҳисоб 1:0 пайти футболчилар ҳисобни сақлаб қолишни ўйлаган бўлиши мумкин, лекин мен ҳеч кимга орқага қайтишни ва ҳимояни маҳкам ушлашни айтмадим. Менимча, бу руҳият билан боғлиқ. Ҳисобни янада йириклаштиришимиз мумкин эди. Эътибор берган бўлсангиз, биз вақтни чўзмадик, ҳеч ким майдонда ётиб олмади, охиригача футбол ўйнашга ҳаракат қилдик. Иккита мағлубиятдан кейин уйдаги иккинчи учрашувда ғалаба қозондик ва дарвозамиздан тўп ўтказмадик, бу эса мен учун жуда муҳим. 11 тур ўтибдики, уч марта орқани нолга ушладик. 5:4 ёки 3:2дан кўра мен учун 1:0 яхши дейман, 2:0 эса классика.
- Муҳаммаданас Ҳасанов жуда чиройли гол урди. 10 баллик тизимда неча баҳо қўясиз?
- Ҳасанов одатда шунақа голлар уради. Машғулотларда ҳам бунинг устида ишлайди. Бундай стадион ва майдонда ҳали уч-тўртта чиройли гол уради. Бугун кайфиятимиз яхши, ҳалироқ қўқонча кечки таом кутмоқда. Кейин эса Тошкентга йўл оламиз. Икки кундан сўнг яна қайтамиз. Олдинда қиладиган ишлар кўп, ҳали биринчи давра тугамади. Буёғига Суперлигада 58 кун дам бўлади. Ўз режаларимиз бор ва шу бўйича иш олиб борамиз.



