Акмал Рустамов: "Шундай марказдаги стадионда интернет бўлмай қолса... Гол бўйича саволлар кўп"

4 май 2026, 23:37
Суперлиганинг 11-тури доирасидаги "Локомотив" - "Қизилқум" баҳси 1:0 ҳисобида якунига етди.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Акмал Рустамов иштирок этди.

- "Локомотив"ни ғалаба билан табриклайман. Ўйинлар орасидаги вақт кам бўлгани учун бизда тайёргарлик учун кам бўлди, футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш учун эса вақт етмади. Бир кун олдин келиб, стадионда машғулот ўтказдик. Узоқдан келган мухлисларимизга ҳам раҳмат айтмоқчиман. Биринчи бўлимда йигитлар ҳаракат қилишди. Иккинчи бўлимда эса қўшдик, бироқ гол ура олмадик. 11 метрлик жарима зарбаси бўйича саволлар кўп. Биринчи пенальти қайтарилди, қайтадан тепилсин дейилди. Иккинчисида ҳам. Шу жойига тушунмадим. Эфир ҳам узилиб қолди, дейишяпти. Шундай пайтда жаҳон талабларига жавоб берадиган стадионда қандай қилиб, интернет узилиб қолган бўлиши мумкин... Шу вазиятни кўриш керак, лекин интернет йўқ, узилган эфир кетмаяпти. Марказда қай тариқа интернет узилади, деган савол туғилади. Шу пайтда жамоамиз дарвозасига қайта-қайта пенальти тепиляпти. Бу ўйинни кўриб чиқамиз, таҳлил қиламиз. Бу ерда саволлар туғилади, деб ўйлайман. Буни таҳлилдан кейин билиб оламиз.

- Бугун "Қизилқум" яхши ўйнади. Лекин асосий вақтини ҳимояда ўтказди. Жамоа бугун бир очко учун келганмиди ёки таркибдаги футболчиларга қараб, тактика тузилганмиди?

- Барча мураббийнинг ўз йўналиши бўлади. Бизда ҳамма футболчиларимизнинг ҳолати бир хил эмас. Биринчи бўлимда асосий таркиб футболчиларининг чимга ўрганиши қийинроқ бўлди. Футболчилар билан гаплашганимизда сув камроқ қуйилганини, майса бироз баланд эканлигини айтишганди. Шу сабабли биринчи бўлимда унчалик киришиб кета олишмади. Иккинчи бўлимда эса яхши вазиятларимиз бўлди, бироқ улардан фойдалана олмадик.

IMG_5498.JPG

- Энди Кубок ўйинларига старт берилади. Жамоа олдига ушбу мусобақада вазифа қўйилганми ёки ўтган йилги ҳолат бўладими?

- Кубокда асосий жамоамиз билан ҳаракат қиламиз. Ўзбекистон ичидаги турнирларда курашишга ҳаракат қиламиз. Кубокдаги уч ўйинда ёшларга ҳам имконият берамиз. Курашамиз.

- Бугунги ўйин дурангга тортармиди?

- Баҳс бир голгача давом этарди. Шу голни биз урганимизда, биз ғалаба қозонардик. Шу голни "Локомотив" урди ва ғалаба қозонди. Ўйин голгача бўлди, десам адашмаган бўламан.

- Тез фурсатда 11 тур ўтказилди ва энди Суперлигада танаффус бўлади. Жамоанинг ушбу босқичдаги ўйинлари бўйича умумий ҳулоса.

- Чемпионатни яхши бошлагандик. Кейин 5-6 нафар асосий футболчиларимиз жароҳат олишди. Ўйинлар орасидаги вақт камроқ бўлгани учун таркибда ротация қилишга мажбур бўлдик. Ишларимиз қаердадир ўхшамади, қаердадир ўхшади. Жаҳон чемпионатидан кейин курашишда давом этамиз.

- Ҳафталик цикл ёки 4-5 кунда ўйнаш: қайси бири маъқул?

- Биз 4-5 кунлик ўйинга тайёр эмас эканмиз.


Манба: championat.asia