

Унда “Металлург” посбони Суҳроб Султонов “қуруқ ўйин”лар бўйича етакчилик қилмоқда.
Шу муносабат билан "Металлург" матбуот хизмати жамоа дарвозабонлар мураббийи Акмал Ортиқов билан қисқа интервью ташкиллаштирди.
- Чемпионатнинг дастлабки 5 та тури ортда қолди. Қувонарли жиҳати шундаки, ҳозирга келиб айнан "Металлург" клуби кипери Суҳроб Султонов "қуруқ ўйин"лар бўйича лигада пешқадамлик қилмоқда. Буни кутганмидингиз?
- Суҳроб Султонов тажрибали дарвозабон. Жамоага таклиф қилаётганда ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратганмиз. Биз унга тўлиқ ишонамиз.
Бевосита "қуруқ” ўйинларига келсак, бу Суҳроб ва ҳимоя чизиғи вакилларининг меҳнати самараси деган бўлардим. Худо хоҳласа, мавсум давомида "қуруқ ўйинлар" ҳали кўп бўлади.
- Чемпионат стартидаги ўйинларда жамоа ғалаба қозонган баҳсларда ҳам гол ўтказиб юборди. Бунга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз?
- Мавсум старти доим қийин кечади. Бу исталган жамоа ва исталган футболчи учун шундай. Табиийки, дастлабки ўйинларда хатолар ҳам учраб туради. Муҳими уларни тўғрилаб, такрорламаслик. Ишончим комил, аста-секин Суҳроб ҳам, жамоа ҳам ўзининг ишончли ўйинини топиб боради.
- Тажрибали Султоновдан ташқари клуб яна икки посбон — Моҳир Комилов ва Дилруҳ Алиевни лига рўйхатидан ўтказган. Бу дарвозабонлар ҳақида нима дея оласиз, уларнинг имкониятларига қандай баҳо берасиз?
- Дарҳақиқат, таркибимизда яна икки ёш, умидли дарвозабонлар бор. Уларнинг иккиси ҳам ўз вақтини кутиб, машғулотларда астойдил меҳнат қиляпти. Худо хоҳласа, Моҳирнинг ҳам, Дилруҳнинг ҳам имконияти, вақти келади.



