Абубакр Ашуров: "Кечаги пенальти ва қизил карточка жуда кулгили ҳолат. Пролигага VAR қўйилса, ёмон бўлмасди"

Iskandarov Abdulaziz
28 авг 2026, 14:25
"Каттақўрғон" жамоаси ҳимоячиси Абубакр Ашуров жамоадаги мураббийлар алмашинуви, "Арал"га қарши кечган баҳс, Пролигадаги ҳакамлик муаммолари ва элитага чиқиш имкониятлари ҳақида фикр билдирди.

​— Мавсум давомида "Каттақўрғон"да учинчи мураббий иш бошлади. Қисқа вақт ичида кетма-кет ўзгаришлар бўлиши футболчиларга ноқулайлик туғдирмадими?

​— Бир йилда учта мураббий алмашиши ва тактик қайта қуришлар, табиийки, муайян ноқулайликлар туғдиради. Юрий Уткульбаев кетиши билан яна аввалги 4-4-2 схемамизга қайтдик. Алессандро биз учун бегона эмас, у билан март ойидан бери бирга ишлаб келяпмиз. Энг муҳими, жамоамизда аҳил ва иноқ муҳит сақланиб қолган. Мураббийлар алмашинуви — раҳбарият қарори, биз футболчи сифатида уни муҳокама қила олмаймиз, майдонда ўз ишимизни бажаришимиз керак.

​— "Арал" билан ўйин ҳақида фикрларингиз қандай?

​— Баҳс қандай кечганини мухлислар кўришди. Фурсатдан фойдаланиб, бизни қўллаш учун 12 соат давомида автобусда йўл босиб келган мухлисларимизга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Улар охирги дақиқагача бизни қўллаб-қувватлашди. Сунъий майдон ёки иссиқ ҳавони баҳона қила олмаймиз. Бироқ ўйин бошида сардоримизнинг жароҳат олиши ва бошқа схемада ўйин кўрсатганимиз ҳам ўз сўзини айтди. Ҳужумни якунлашда бироз қийналяпмиз, ваҳоланки, яхшироқ ўйин кўрсатиб, 3 очко билан қайтишимиз мумкин эди, аммо бу насиб қилмапти.

​— Пролигада ҳакамлик қандай ўтяпти? VAR йўқлиги таъсир қиляптими?

​— Менимча, Пролигага VAR қўйилганда ёмон бўлмасди, чунки баҳсли вазиятлар жуда кўп. Ҳакамни муҳокама қилиш биз футболчилар учун эмас, аммо кечаги пенальти ва қизил карточка жуда кулгили ҳолат. Тайм бошида марказдаги оддий фол учун дарҳол сариқ карточка берилиши футболчининг ўзига бўлган ишончини йўқотишига сабаб бўлади. Бизга ҳеч нарса баҳона бўлолмайди, балки биринчи голни биз урганимизда ҳаммаси бошқача бўларди. Бизга яна пенальти қўйишса ҳам ҳайрон қолмасдик. Кечаги ўйиндаги янги қоидалар негадир фақат бизнинг жамоа учун ишлади, бу жуда ажабланарли. Аут ва дарвозадан тўпни ўйинга киритишдаги 5 сониялик вақт чеклови фақат бизга тегишлидек туюлди. Ҳаммаси Аллоҳдан ва бу албатта жавобсиз қолмайди.

​— Суперлигага чиқиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

​— Ҳали ўйинлар олдинда, ҳеч нарса йўқотилгани йўқ деб ўйлайман. Ҳар бир очко олтинга тенг. Ҳозиргача жамоалар ўртасидаги фарқ катта эмас — биргина ғалаба билан 2-ўринга чиқиш, бир мағлубият билан 5-ўринга тушиб қолиш ҳеч гап эмас. Мақсадимиз — Суперлига, Худо хоҳласа, буни кандай қилиб бўлмасин уддалашга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Суперлигага чиқишимиз учун бизда ҳамма шароит бор, ҳаммаси ўз қўлимизда. Мухлисларимизга раҳмат ва улардан бизни янада кўпроқ қўллаб-кувватлаб, ишонишларини сўраймиз.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф