Вадим Шадиматов: "Ҳамма вазиятлар голга айланса, футбол баскетбол бўлади"

27 авг 2026, 23:13
Пролига 17-туридан ўрин олган "Арал" – "Каттақўрғон" учрашувидан сўнг "Арал" бош мураббийи Вадим Шадиматов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Аввало жамоамизни, мухлисларни ва клубимиз раҳбариятини бугунги ғалаба билан табриклайман. Рақибга эса чиройли ўйин учун раҳмат айтаман. Оғир ўйин кечди. "Каттақўрғон" асосий рақобатчиларимиздан бири ҳисобланади, шу боис жиддий ҳозирлик кўрдик. Кучли рақобатчилар билан баҳслар доим қийин кечган. Бугун ҳам шундай бўлди.

- Голгача жамоа анча қийналди. Голдан кейин ўйин "очилди". Голга қадар нима етишмади?
- Биз бу ўйинга мақсадли тайёргарлик кўргандик. Ўйин мураккаб кечишини билган ҳолда рақибни ўрганиб ҳозирлик кўрдик. "Каттақўрғон" ҳам бизни яхши ўрганган экан, чунки улар бизга яхши қийинчилик туғдира олишди. Тўғри айтдингиз, ўйин голгача давом этди. Ким гол урса шу жамоа ютадиган ўйин бўлди. Биз бир нечта хавфли вазият яратдик, афсуски фойдалана олмадик. Бу тушунарли, чунки ҳамма вазиятлар голга айланса, футбол баскетбол бўлади. Футбол шуниси билан ҳам қизиқ.

- Навбатдаги баҳс Фарғонада "ФарДУ"га қарши кечади. Бунгача 10 кундан зиёд вақт бор. Кейинги ўйинга тайёргарлик қандай кечади?
- Фарғонада бизни осон тўқнашув кутмаётганини биламиз. "ФарДУ" ўз майдонида жуда яхши ўйнаяпти. Шуни ҳисобга олган ҳолда жиддий тайёргарлик кўрамиз. Тўғри, орада танаффус бор, шу боис бир мудддат футболчиларга дам бериб кейин яна йиғиламиз. Шундан сўнг ўз режамиз бўйича давом этамиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia