

Энди ҳар ҳафта энг қизиқ учрашувлардан бирини танлаб, унинг асосий интригалари ва ўйин олдидан билиш керак бўлган муҳим жиҳатларга тўхталиб борамиз.
Биринчи сон учун танлов – Лондон дербиси. Якшанба куни амалдаги чемпион “Арсенал” “Эмирейтс”да Хаби Алонсо бошқарувидаги “Челси”ни қабул қилади. Икки жамоа ҳам дастлабки икки турда очко йўқотмади. Аммо бу натижага мутлақо бошқа йўллар билан келишди.
“Арсенал” ҳали гол ўтказмади
Ўтган мавсумда 22 йиллик танаффусдан кейин Премьер-лига чемпиони бўлган “Арсенал” янги мавсумни ҳам ишончли бошлади. Микель Артета жамоаси дастлаб “Ковентри”ни 3:0 ҳисобида енгди, кейин “Вилла Парк”да “Астон Вилла” устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Дастлабки икки турда рақиблар “Арсенал” дарвозаси томон атиги битта аниқ зарба йўллай олди. “Астон Вилла” эса 90 дақиқа давомида Давид Райя дарвозасига бирор марта аниқ зарба бера олмади.

Чемпион мавсум бошидаёқ ўтган йилдаги асосий хусусиятини сақлаб қолганини кўрсатяпти: ўйин ҳар доим ҳам осон кечмаслиги мумкин, аммо “Арсенал” рақибга жуда кам имконият беради ва кичик устунликнинг ўзини натижага айлантира олади.
“Челси”да икки ўйинда 12 та гол
“Челси”да эса вазият бутунлай бошқача. Хаби Алонсо жамоаси аввал “Фулхэм”ни 3:2, кейин “Брайтон”ни 4:3 ҳисобида енгди.
“Челси” иштирокидаги дастлабки икки ўйинда жами 12 та гол урилди: еттитаси рақиблар дарвозасига, бештаси лондонликлар дарвозасига.
Ҳозирча Премьер-лигада ҳеч бир жамоа “Челси”дан кўп гол ургани йўқ. Аммо жамоа чемпионатда кетма-кет 18 та учрашувдан бери дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаяпти.

“Брайтон”га қарши ўйин ҳозирги “Челси”ни яхши таърифлаб берди. Алонсо жамоаси 32-дақиқага келиб 3:0 ҳисобида олдинда эди, кейин рақибни ўйинга қайтариб юборди ва якунда 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди.
Демак, Алонсо Лондонда тўпни шунчаки назорат қилишга боғланган жамоа қураётгани йўқ. “Челси” тўпни олгач, имкон қадар тез рақиб дарвозасига етиб боришга ҳаракат қиляпти.
Артета ва Алонсо — болаликдан таниш рақиблар
Дербининг яна бир қизиқ ҳикояси майдон четида. Микель Артета ва Хаби Алонсо бир-бирини жуда яхши танишади.
Иккаласи ҳам Сан-Себастьяндаги “Антигуоко” болалар жамоасида тўп тепган. Артета ва Алонсо тенгдош — иккаласи ҳам 44 ёшда.
Энди эса болаликдан таниш икки мутахассис Премьер-лигада рақиб мураббийлар сифатида юзма-юз келади.

Уларнинг ҳозирги вазияти анча фарқли. Артета “Арсенал”да еттинчи мавсумини ўтказяпти ва қўлида ўзи йиллар давомида қурган чемпион жамоа бор. Алонсо эса “Челси”да ишини энди бошлади.
“Челси” тўққизта дербидан бери ғалаба қозона олмаяпти
Сўнгги йилларда бу қарама-қаршиликда устунлик “Арсенал” томонда. “Канонирлар” “Челси”га қарши барча мусобақалардаги сўнгги 11 та учрашувда мағлуб бўлмаган — саккизта ғалаба ва учта дуранг.
Премьер-лигада эса “Арсенал”нинг мағлубиятсиз серияси тўққизта ўйинга етган.
“Челси”нинг “Эмирейтс”даги аҳволи ҳам яхши эмас: “Арсенал” бу рақибига қарши уйдаги сўнгги тўртта чемпионат ўйинининг барчасида ғалаба қозонган.

Артета “Челси”га қарши мураббий сифатидаги 16 учрашувнинг 10 тасида ғалаба қозонган, тўрттасида дуранг ўйнаган ва икки марта мағлуб бўлган.
Икки жамоа учун ҳам биринчи жиддий синов
Бу мавсумнинг атиги учинчи тури. Шунинг учун якшанба куни ким ғалаба қозонишидан қатъи назар, чемпионлик пойгаси ҳақида катта хулосалар чиқаришга ҳали эрта. Аммо икки жамоа учун ҳам бу дастлабки жиддий синов.
“Арсенал” чемпионликдан кейин ҳам ўша барқарорликни сақлаб қолганини кўрсатиши мумкин. “Челси” эса Алонсо билан дастлабки икки турдаги шовқинли ғалабалар тасодиф эмаслигини исботлаш имконига эга.
“Арсенал” — “Челси”
6 сентябрь, якшанба
“Эмирейтс”, Лондон
Бошланиш вақти: 20:30, Тошкент вақти



