

Гарчи 2024 йилда томонлар ўзаро муросага келиб, қарз суммаси сезиларли даражада камайтирилган ва уни 2028 йилга қадар қисмларга бўлиб тўлаш жадвали тасдиқланган бўлса-да, вазият 2026 йил баҳорига келиб яна кескинлашди. Бунга асосий сабаб – клубнинг собиқ бош ҳомийси "Ўзбекнефтгаз" компанияси спортни молиялаштиришни қайта кўриб чиқиб, Ривалдо олдидаги қарзни тўлаш мажбуриятидан бош тортганидир. Компания бу қарз уларнинг эмас, бевосита клубнинг масъулияти эканини маълум қилган.
Оқибатда, клуб 2026 йил 15 апрелга қадар амалга оширилиши керак бўлган навбатдаги траншни кечиктирди. Воқеалар ривожи қуйидагича тус олди:
6 май 2026 йил: Ривалдонинг вакиллари клубга 48 соат ичида қарзни узиш талаби билан расмий огоҳлантириш юборди. Улар агар тўлов қилинмаса, келишилган молиявий чегирмани бекор қилиб, ФИФАдан қўшимча товон пули ундиришни талаб қилиш билан таҳдид қилишди.
14 май 2026 йил: ФИФА "Бунёдкор"га расмий огоҳлантириш хатини юборди. Унга кўра, клубга қарздорликни бартараф этиш учун 30 кунлик қатъий муҳлат берилган. Агар мазкур талаб бажарилмаса, клубга нисбатан янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказишга тўлиқ трансфер тақиқи (эмбарго) қўлланилади.
Спорт арбитраж суди (CAS) қарорида келтирилган асосий бандлар
Мазкур муаммонинг илдизлари 2008–2010 йиллардаги "олтин давр"га бориб тақалади. Лозаннадаги Спорт арбитраж судининг 2023 йил ноябридаги қарорида низонинг ҳуқуқий ва молиявий тафсилотлари тўлиқ очиб берилган:
Биринчи хусусий меҳнат шартномаси 2008 йил 28 августда клуб, футболчи ва "Zeromax GmbH" компанияси ўртасида имзоланган. Ушбу шартнома имзоланган кундан бошлаб 2009 йил 28 августгача ёки 2008/2009 йилги спорт мавсуми якунига қадар амал қилиши белгиланган. Шартнома шартларига кўра, футболчига 6 500 000 евро миқдорида асосий маош ва 1 000 000 евро трансфер товон пули тўланиши керак бўлган. Тўловлар қуйидагича амалга оширилиши кўрсатилган: шартнома имзоланган куни солиқлардан холи 3 500 000 евро, 2008 йил 25 сентябрда 2 000 000 евро ва 2008 йил 25 октябрда 2 000 000 евро. Бундан ташқари, ўйинчига бир қатор имтиёзлар тақдим этилган:
Мавсум давомида Ўзбекистон – Бразилия – Ўзбекистон йўналиши бўйича 12 та бизнес-класс авиачиптаси.
Футболчининг ўзи танлайдиган жиҳозланган уй.
Уй топгунга қадар оиласи билан меҳмонхонада яшаш харажатлари.
2 та автомобиль (бири ўзи, иккинчиси рафиқаси учун).
Шахсий ҳайдовчи.
5 нафар фарзанди учун инглиз тилида дарс ўтиладиган мактаб.
Унинг оиласига ихтиёрига рус тили ўқитувчиси.
Тиббий суғурта.
Иккинчи хусусий меҳнат шартномаси 2008 йил 17 ноябрда клуб, футболчи ва "Zeromax" компанияси ўртасида тузилган. Бу келишув орқали дастлабки шартнома муддати 2011 йил 31 декабрга қадар узайтирилган. Мазкур шартномага мувофиқ, 2010 йилги мавсум учун клуб футболчига 6 000 000 евро соф маош тўлаши белгиланган бўлиб, бу сумма 3 000 000 евродан икки қисмга бўлинган ҳолда 2009 йилнинг 25 август ва 25 сентябрь кунлари берилиши керак эди. 2011 йилги мавсум учун ҳам худди шундай 6 000 000 евро маош 2010 йилнинг 25 август ва 25 сентябрь саналарида тенг икки қисмга бўлинган ҳолда тўланиши келишилган. Дастлабки шартномада кўрсатилган барча қўшимча имтиёзлар ва бошқа бандлар ўз кучида қолдирилган.
Молиявий мажбуриятларнинг бузилиши
2010 йилнинг ёзига келиб, клубда маошлар берилмай қолган. Ривалдо ҳатто жамоанинг таржимони, физиотерапевти ва баъзи ўйинчиларининг ижара ҳамда чипта харажатларини ўз чўнтагидан тўлашга мажбур бўлганини билдириб, 2010 йил 9 августда шартномани бир томонлама бекор қилган.
2010 йил август ойида "Zeromax" компанияси банкротликка учрагач, шартномадаги барча молиявий юк бевосита "Бунёдкор" клуби зиммасига ўтиб қолган.
Суд ҳукми
ФИФАнинг Низоларни ҳал қилиш палатаси клубни шартномани бузганликда айбдор деб топган эди. CAS ушбу қарорни тасдиқлаб, клуб собиқ ўйинчисига тўланмаган маошлар ва йирик миқдордаги товон пулини тўлаши шартлигини қатъий белгилаб берди.
"Бунёдкор" ва Ривалдо ўртасида қарийб 16 йилдан бери давом этаётган ушбу можаро Ўзбекистон футболи тарихидаги энг йирик молиявий ва ҳуқуқий сабоқлардан биридир.
Бир томондан, бу ҳолат клубларнинг ягона мега-ҳомийга ёки давлат корхоналарига тўлиқ қарам бўлиб қолиши нақадар хавфли эканлигини кўрсатади – ҳомийнинг банкротлиги ёки молиялаштириш сиёсатини ўзгартириши бутун бошли клубни жарликка қулатади. Иккинчи томондан, профессионал футболда имзоланадиган шартномалар ҳеч қачон қоғоздаги оддий сўзлар бўлиб қолмаслигини, ФИФА ва CAS каби ташкилотлар спортчиларнинг ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилишини исботлайди.
Эндиликда "Бунёдкор" мустақил равишда ушбу молиявий инқироздан чиқиш йўлини топиши керак. Трансфер тақиқи эҳтимоли фақатгина янги ўйинчиларни жалб қилишни чеклаб қолмай, клубнинг ички чемпионатдаги ўрнига ва умумий имижига жиддий зарба беради. Давлат компанияларининг футболдан чиқиб кетиши оғриқли жараён бўлса-да, бу ўзбек клублари учун замонавий тижорат менежментига ўтиш ва ўз-ўзини молиялаштириш тизимини яратиш йўлида муҳим ва мажбурий қадам бўлиб хизмат қилиши зарур.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.



