"Мундиал Allplay билан". Ёш – шунчаки рақамларни англатади, холос: Беҳруз Каримовнинг Косонсойдан Жаҳон чемпионатига қадар босиб ўтган йўли

Оқил Абдубарноев
16 июн 2026, 11:03
Ҳар бир буюк ҳикоянинг бошланиш нуқтаси бор.

2007 йилда таваллуд топган Беҳруз Каримовнинг спортдаги мураккаб ва шарафли йўли Наманган вилоятининг Косонсой туманида бошланган. У оддий, аммо меҳнаткаш оилада вояга етди. Отаси оила тебратиш мақсадида чет элда қурувчи бўлиб ишлар, онаси эса мактабда ўқитувчилик қиларди. Болаликдан фақат футболга диққатини қаратгани учун Беҳруз кўпинча яқинларидан узоқда яшашга мажбур бўлди.

"Ҳозиргача фикр-у хаёлим фақат ва фақат спортга қаратилган. Шу боис, оиламдан олисда бўлишга тўғри келган, ота-она соғинчи мени ҳамиша қийнайди".

Беҳруз 2013 йил, олти ёшида футболга илк қадамларини қўйди. Еттинчи синфга ўтганида эса профессионал футболчи бўлишни ўз олдига қатъий мақсад қилиб қўйди. Бироқ орзулар сари йўл доим ҳам бир маромда бўлавермайди. Ёш йигитча "Навбаҳор U-19" жамоаси сафига қўшилиш истагида кўрикка борганида, жиддий тарзда рад жавобини олади. Айнан шу ҳолат унинг иродасини тоблади ва келажакдаги ютуқлари учун энг кучли мотивацияга айланди.

"Навбаҳор U-19'га кўрикка борганимда, ёш бўлганим учун ёки бошқа сабаблар туфайли қабул қилишни исташмаган. Ўшандан бери ёш шунчаки рақамлардан иборат эканлигини исботлаш учун тинимсиз ҳаракат қиламан".

photo_2026-04-15_19-13-32.jpg

Унинг тинимсиз меҳнатлари тезда ўз мевасини берди. Қисқа вақт ичида у "Сурхон" сафида Ўзбекистон Суперлигасида дебют қилди, илк голини урди ва ёшлар ўртасидаги Осиё кубоги ва Жаҳон чемпионатларида порлади.

"ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CHAMPIONATASIA промокоди билан 45 кун бепул". Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ

photo_2025-10-12_16-31-43.jpg

Энг муҳими, эндигина 18 ёшни қарши олган Беҳруз Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ўз тарихида илк маротаба иштирок этаётган Жаҳон чемпионати учун мўлжалланган 26 талик якуний таркибига киритилди.

"Жаҳон чемпионатида иштирок этадиганлар рўйхати чиққач... албатта, биринчи бўлиб ота-онамга айтдим... Бу менинг энг катта орзум бўлган. Футболга кириб келган пайтларим, кун келиб мундиалда ўйнаш тасаввуримга сиғмасди".

photo_2026-01-26_20-33-17.jpg

Аммо катта мусобақа олдидан уни жиддий синов кутиб турган эди. Жорий йилнинг апрель ойида "Сурхон" сафидаги ўйинларнинг бирида унинг оёқ бармоғи синиб, жарроҳлик амалиётини бошдан кечиришга мажбур бўлди ва шифокорлар унинг маълум муддат майдондан ташқарида қолишини айтишди. Бундай пайтда ҳар қандай спортчи руҳий тушкунликка тушиши табиий эди.

"Жароҳатдан сўнг анча тушкунликка тушдим, лекин атрофимдагилар қўллаб-қувватлаб, далда бериб туришди, ҳозир аҳволим яхши. Худо хоҳласа, майдонга қайтишимга оз вақт қолди".

502856.jpg

Жароҳатни ортда қолдирган Беҳруз эндиликда терма жамоа ихтиёрида муваффақиятли машғулот ўтказмоқда. У ўз позициясида Ашраф Ҳакими ва Трент Александр-Арнольд каби юлдузларга ҳавас қилади. Миллий терма жамоада эса Рустам Ашурматов ва Абдуқодир Ҳусанов каби кучли ҳимоячилар билан ёнма-ён ҳаракат қилиш имконияти ҳамда бош мураббий Фабио Каннаваронинг ишончи унга қўшимча куч бағишламоқда.

"Фабио Каннаваро футболни яхши тушунадиган мураббий бўлгани учун ўз маслаҳатларини берди. 'Ёш бу – шунчаки рақамлардан иборат кўрсаткич, холос, майдонга чиқ ва ўзингни кўрсат, менга ёшинг муҳим эмас, ҳаракатинг муҳим', дейди. Бундан ташқари, ортимда Рустам Ашурматов, Абдуқодир Ҳусанов каби футболчилар тургани қандайдир мотивация бўлади ва қўрқувни енгишга ёрдам беради".

"ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CHAMPIONATASIA промокоди билан 45 кун бепул"

Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›