Хуан Муссо Фермин Лопес билан тўқнашув ҳақида: "Бу қандай қилиб пенальти бўлсин? Унинг ўзи оёғимга келиб урилди"

Aslanov Jasurbek
15 апр 2026, 12:03
Мадриднинг "Атлетико" клуби дарвозабони Хуан Муссо ЕЧЛ 1/4 финали доирасидаги "Барселона"га қарши баҳсда (1:2) юз берган шов-шувли вазият борасида ўз фикрини билдирди.

Учрашувнинг 25-дақиқасида Фермин Лопес узатилган тўпни боши билан дарвозага йўллашга ҳаракат қилди. Муссо зарбани қайтарди, бироқ ўша вазиятда каталонияликлар ярим ҳимоячиси дарвозабоннинг бутсасига юзи билан келиб урилди. Натижада Ферминнинг бурнидан қаттиқ қон кетишни бошлади ва тиббий ходимлар қарийб 30-дақиқагача уни тўхтатишга уринишди.

"Бу қандай қилиб пенальти бўлиши мумкин? Мен табиий ҳаракат қилдим ва ўша вазиятда ўзимга ҳам оғриқли бўлди — у ўзи келиб оёғимга урилди.

Қандай қилиб кимдир мени атайлаб ҳамкасбимга зарба берди деб ўйлаши мумкинлигини тушунмаяпман", — деди аргентиналик посбон ўйиндан сўнг.

Эслатиб ўтамиз, ушбу баҳсда "Атлетико" мағлубиятга учраган бўлса-да, икки ўйин натижасига кўра (3:2) ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. Ҳакам Клеман Тюрпен ушбу вазиятда пенальти белгиламаган эди, бу эса "Барселона" вакилларининг эътирозларига сабаб бўлди.


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: Ole