United MFL ҳал қилувчи паллага кирмоқда

Narzulla Saydullayev
15 апр 2026
United медиа футбол лигаси ҳозирда Ўзбекистонда ўтказилаётган ягона медиа лига ҳисобланади.

Ўзбекистон футбол Ассоциацияси ва Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган лиганинг формати 7х7 кўринишида ташкил этилган бўлиб, ўйинлар ҳар бири 20 дақиқадан иборат бўлган икки бўлимда ўтказилмоқда.

Айни вақтда United MFL доирасида 16 та медиа жамоа иштирок этмоқда. Мазкур жамоалар 4 тадан иборат 4 гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро баҳс олиб боришмоқда. Ҳозирга қадар лигада 2 та тур якунланди.

Лига регламенти халқаро медиа лигалар стандартларига тўлиқ мос равишда ишлаб чиқилган. Шунингдек, ўйинлар давомида томошабинлар учун қизиқарли бўлган турли интерактив элементлар жорий этилган бўлиб, улар қаторига буллит, two touch ҳамда media penalty каби форматлар киради.

United MFL учрашувлари “Жар” стадионида ўтказилмоқда. Бундан ташқари, ўйинлар “Футбол ТВ” телеканали ҳамда лиганинг расмий саҳифаларида жонли эфир орқали кенг оммага тақдим этилмоқда.

Мазкур лига юртбошимизнинг жисмоний тарбия ва спортни, хусусан футболни ҳамда оммавий футболни ривожлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ва оммавий спортни қўллаб-қувватлашга қаратилган қарор ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлаган ҳолда фаолият юритмоқда.

Шунингдек, лигада Ўзбекистон футболи афсоналари - Одил Аҳмедов, Санжар Турсунов, Виталий Денисов каби тажрибали собиқ футболчилар ҳам фаол иштирок этмоқда.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги (вазир Адҳам Икрамов раҳбарлигида), Ўзбекистон футбол ассоциацияси (Равшан Ирматов ва Одил Аҳмедов), ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси (Ойбек Касимов бошчилигида) томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Бундан ташқари, United MFL доирасида мухлислар учун ҳар бир ўйинда турли қизиқарли совринлар тақдим этиб борилмоқда. Жумладан, смартфонлар, махсус тўплар ҳамда турли атрибутикалар ўйин давомида мухлисларга совға қилинади.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, лига турли соҳа вакиллари, хусусан элимиз ардоғидаги санъаткорлар ҳам иштирок этмоқда. Жумладан, Беном гуруҳи, Умар Шамсиев ҳамда Мустафо каби машҳур ижодкорлар United MFL таркибида фаол қатнашиб келмоқда.

DSC01865.JPGDSC02528.JPGDSC02778.JPGDSC03016.JPG


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia